Мақолалар

Исломга интилган аёл. ЛОРЕН БУТ – ҚАЛБАН ФАЛАСТИНЛИК БЎЛГАН ИНГЛИЗ АЁЛИ

Чоп этилди May 25, 2020 Исломга интилган аёл. ЛОРЕН БУТ – ҚАЛБАН ФАЛАСТИНЛИК БЎЛГАН ИНГЛИЗ АЁЛИda fikr bildirishni o'chirish

Мусулмон фаоли, журналист Лорен Бут Фаластин унинг ҳаётини қандай ўзгартириб юборгани ва Исломга олиб киргани ҳақида сўзлаб берди.

Ўзингизга қандай баҳо берасиз? Ким у – Лорен Бут?

– Мен журналист ва ноширман.  Айни кунларда Ислом ҳақида маърузалар ўқийман. Актёрлик маълумотим ҳам бор, ундан фойдаланиб, ёш муслималарга нотиқлик санъати курсида дарс бериб, уларни воизликка ўргатаман. Education Partnerships UK академияси директориман. Биз турли соҳа етакчилари, сиёсатчилар ва ишбилармонлар учун медиа алоқа курсларини ҳам ташкил этамиз.

– Қандай қилиб муслима бўлгандингиз?

– 2005 йил журналист сифатида Фаластинга келганимда Исломга қизиқа бошлагандим. У ерда мен ҳайратланарли даражада жасоратли, саховатли ва айни чоқда сабр-матонатли одамлар билан танишдим. Фаластинликлардан: “Қалбингиз ниманинг ҳисобига муҳаббатга бунчалик лиммо-лим? Бундай даҳшатли шароитда ҳам матонат билан курашишда сизга нима куч беради?” деб сўраганимда ҳамма жойда бир хил жавоб эшитардим: “Қуръон карим”. Менинг сочларим сариқ эди ва татиуровкам бор эди. Шундай бўлса ҳам қаерга борсам ҳам: “Ҳаром! “Ҳаром!” деганларини эшитмадим. Аксинча, мени “Салом! Салом!” деб кутиб олишарди.  Фаластинда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни ёритаётганим Исроил ҳукуматига ёқмаётганди. Менинг ҳатто мамлакатдан чиқишимни ҳам тақиқлаб қўйишди. Муаммо орадан бир қанча вақт ўтиб каттароқ кучларнинг аралашиши туфайли ҳал бўлди. Ватанимга қайтишга тайёрланаётган кунларнинг бирида Рафахдаги қочоқлар лагерига бордим. Ўша лагерда ҳеч вақоси йўқ бир аёлни учратдим, лекин у шу қадар бахтиёр эдики… Унинг шу ҳолидаги хурсандчилигидан ажабланиб: “Сиз ўта очсиз, ичишга сувингиз ҳам йўқ. Яна нега Рамазон рўзасини тутяпсиз?” деб сўрадим.  У менга: “Очларнинг ҳолини тушуниш учун…” деб жавоб берди. Субҳаналлоҳ!.. Мен юрагимда бир ёғдуни ҳис қилдим ва ўзимга ўзим: “Агар шу Ислом бўлса, мен муслима бўлишим керак”, дедим. Кўз ўнгимда кибрларим, гуноҳу масъиятларим саф тортди. Аммо Алло таоло мендан юз ўгирмади. У бизнинг ҳеч биримиздан юз ўгирмайди.

Шундан сўнг мусулмонлар билан кўпроқ танишиб, суҳбатлашишни одат қилдим. 2010 йилнинг Рамазонида мен Эронда эдим. Бир масжидга бордим, таҳорат олиб билганимча ибодат қилиб, фаластинликлар учун дуога қўл очдим ва ўшанда шунчалар хотиржамликни, хавфу хатарлардан холиликни ҳис қилдим… Орадан бир ҳафта ўтиб Лондонга қайтдим ва Исломга киришга қарор қилдим.

– Бунга оилангиз қандай муносабатда бўлди?

– Ўттиз ёшимда мен анчагина таниқли шахсга айланган ва шунга яраша кибру ҳаволарим ҳам бор эди. Мени фақат ташқи қиёфам, муваффақиятларим ва туйғуларим қизиқтирар эди. Эримга ҳурмат-эҳтиром туйғусини туймасдим, унга вақтимни ҳам ажратмасдим. Қизларимни яхши кўрардим, аммо улар билан вақтимни ўтказишни хушламасдим. Исломга киришга қарор қилганим ҳақида уларга хабар берганимда қизларим менга учта савол беришди:

1) Уларнинг онасилигича қолавераманми?

2) Спиртли ичимликлар ичишни давом эттираманми?

3) Қанақа кийимлар кияман?

Мен уларга жавобан яхши она бўлишга ҳаракат қилишимни, спиртли ичимликларни ичмаслигимни, одмигина кийинишимни айтдим. Аллоҳга шукрки, улар бунга рози бўлишди. Ҳаммамиз биргаликда намоз ўқишни бошладик.

Лорен Бутнинг “Муқаддас заминда тинчликни исташ” китоби / Манба: amazon.co.uk

– Европада истиқомат қилувчи муслима сифатида бу ердаги исломофобияни қандай баҳолайсиз?

– Кейинги вақтларда мусулмонларга нисбатан тажовузкорона кайфият ортгани сезилиб турибди. Шуни эътиборга олиш керакки, ҳозирги вақтда айрим ғўр ёшлар бузуқ ақидадагилардан Исломни ўрганиб, ана ўша ўрганганларини жамиятга тарқатишга ҳаракат қилмоқдалар. Агар биз ҳақиқатан экстремизмни йўқ қилишини истасак, ҳукумат ўтмишида доғи бор инсонлар, қашшоқликлар, жиноятчилар, гиёҳвандларга муносабатини қайта кўриб чиқиши керак. Уларни ана шу доғлардан халос қилиш чораларини кўриши даркор. Негаки, ташвиқот объектлари айнан ўшалар саналади. Террорчиларнинг битта умумийлик жиҳати бор: улар гиёванд моддалар истеъмол қилишади ва мусулмон жамияти ҳамда масжидлар билан алоқа қилмайди.

Чинакам Қуръон олимлари панада қолиб, Ғарб оммавий ахборот воситаларининг шармандали иккиюзламачилиги ва иккитомонлама стандартлари эса вазиятни янада чигаллаштирмоқда.

Сизга фаластин паспорти берилган эди. Ўша паспортни олганингиздан кейин ўзингизни фаластинликдек ҳис қилдингизми?

­ Мен қалбан фаластинликман. Ҳар доим…

 Таржимон Робия ЖЎРАҚУЛОВА

http://musulmanka.su