Мақолалар

РАМАЗОН ЎТДИ, УНДАН ФАЙЗ ВА СОҒИНЧ ҚОЛДИ

Чоп этилди May 28, 2020 РАМАЗОН ЎТДИ, УНДАН ФАЙЗ ВА СОҒИНЧ ҚОЛДИda fikr bildirishni o'chirish

Яқиндагина ўзгача файзу футуҳларга бой бўлган Рамазон шарифни интиқлик билан кутган  эдик.  Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамдлар бўлсинки, бугун унинг файзи қалбимизда, соғинчи юрак-юрагимиздадир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб бундай деди: “Уч тоифа одамнинг дуолари ортига қайтарилмайди: одил подшонинг дуоси; ифтор онигача рўзадорларнинг дуоси; мазлумнинг дуоси”. Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ифтор чоғида рўзадорнинг дуоси асло ортига қайтарилмайди!” – деганлар. Шундай экан, гарчи юртимизда бутун дунёни ташвишлантириб турган пандемея – коноронавирус вабоси кенг тарқалиб, карантин даврини бошимиз ўтказаётган бўлсакда, Рамазон қалбимизга ўзгача илиқлик олиб кирди. Аллоҳ таолога бўлган ишончимиз ортди, иймонимиз юксалди, ҳар бир иш Яратганнинг изн-ихтиёрида эканига бўлган эътиқодимиз мустаҳкамланди. Гарчи, онлайн тарзида бўлса ҳам Қуръон ҳофизларига сомеъ бўлган юртдошларимизнинг Она-Ватанимиз, халқимиз ҳақига қилган дуолари бу муқаддас ойга ўзгача тароват бахш этиб турди. Бу файз, осуда тунлар таровати янаги Рамазонга қадар тилда шукроналар, дилда таважжуҳ билан эсланади, иншоаллоҳ.

Хатмлардан ҳосил бўлган савоблар ўтганларнинг ҳақига бағишланди, Яратгандан хайрли дуолар сўралди. Зеро, хатми Қуръон пайтида қилинган дуо ва илтижолар мустажобдир. Тўғри, бу йил Рамазон ойининг бошидан то охиригача қадар давом этадиган масжидларимиздаги хатмоналарни, катта-катта жамоатларни соғиндик, тинчлик-хотиржамликдек улуғ неъмат борлигини дилдан ҳис қилган бўлдик. Аллоҳ таолога янаги Рамазонларни бизга хотиржамлик, офият билан бер, дея ожизона дуоларимизда илтижолар қилдик, кўзларимизда ёш қалқиди.  Чунки Рамазоннинг фараҳбахш тунларида эмин, ҳеч қандай ҳадиксиз масжидларда ибодат қилиш ҳам бир бахт эканини дилдан ҳис этдик. Муборак Рамазон ойининг фазилатлари, биз «саёз» деб ўйлайдиган тинчлик ва саломатлик каби неъматлар шукри мавзусидаги масжидларда бўладиган маърузалар ҳам аслида омонат, катта ютуғимиз эканини англадик.  Зеро, Шайх Шинқитий айтади: «Иймонинг сустлашса ва ибодатларга дангасалик қила бошласанг, мана ушбу дуони кўпайтир: “Эй Аллоҳ, мени бадбахт ва маҳрум қилма”. Ҳақиқатан, бадбахтлик ва маҳрумликдай инсон маънавий инқирозини бошлаб берадиган омил бўлмаса керак. Зеро, машойихлар айтганидек, эй инсон ўтган умринг кетиб бўлди. Яхшилик қилган бўлсанг, уни янада кўпайтир. Динингдан узоқлашган бўлсанг, ортингга қайт, дегинг келаверади.

Шунингдек, дуоларда, диёримиз тинч, осмонимиз мусаффо, юртимиз янада обод, турмушимиз бундан-да, фаровон, фарзандларимиз бахтли бўлиши сўралди. Ёки нуроний отахонларимизнинг хайрли кунларимиз давомлилиги, юртимизга тинчлик-хотиржамлик, аҳил-биродарлик, файзу барака ёғдиришини сўраб қилган илтижоларига биз ҳам омин, дея қўшилдик.

Шундай экан, ҳар онимизда дуо ибодатлар мағзи эканини асло унутмайлик! Зеро, банданинг  барча ҳолатларда муҳтожлиги ва фақирлигини эслатиб турадиган мазкур омил Аллоҳ таоло билан бандаси ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Яратган Роббимиз бундай огоҳ этади: Парвардигорингиз: «Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!» – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар (Ғофир сураси, 6-оят).

Мазкур оятнинг тафсири ҳақида Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Аллоҳ таолога ибодат қилувчилар орасида энг маҳбуброғи, у Ундан кўпроқ сўровчироғидир. Аллоҳ таолога ибодат қилаётганлар орасида ёмонроғи эса, Ундан сўрамайдиганидир” [1:153].

Имом Қатода айтади: Каъбал Аҳбор бундай деган эди: «Бу умматга, яъни Пайғамбармиз алайҳиссаломга олдингиларига берилмаган уч нарса ато этилди: 1. Пайғамбаримизни элчи қилиб юбораётганида, у зотга: “Сен ўз умматинга гувоҳсан, дейилди. Яъни, “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 143-оят).

  1. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга айтилдики, динда сизнинг зиммангизга бирон машаққат юкланмади”. Яъни, “…Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади” (Ҳаж сураси, 78-оят).
  2. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга айтилдики, Менга дуо қил, уни ижобат қиламан[2].

Абу Муъовия Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, дуо айни ибодатдир”, дедилар ва мазкур оятни тиловат қилдилар[3:154].

Аллоҳ таоло барчаларимизни ғофил қалб соҳиби бўлишдан асрасин! Бутун дунёни, мусулмонларни коронавирус дардидан фориғ этган бўлсин! Ҳолбуки, Ўзи раҳм қилмас экан, У юборган «бир вирус»га агар дунё аҳолиси бирлашиб ҳаракат қилишса ҳам унинг чорасини топиши амри маҳолдир. Биз бунга иймонимиз комил ва фақат Ўзигагина сиғинамиз, Ундангина ёрдам сўраб қоламиз!

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

  1. Абдуллоҳ ибн Касир. “Тафсири Ибн Касир”, 7-жилд. Мактабатуш шомила.
  2. Ўша манба. Ибн Аби Ҳотим ривояти.
  3. Ўша манба. Имом Аҳмад ривояти.