Мақолалар

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг жонларига яҳудийлар қасд қилишини билишлари ва у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қасд қилинган вақтда Аллоҳ таолонинг нажот бериши

Чоп этилди May 30, 2020 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг жонларига яҳудийлар қасд қилишини билишлари ва у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қасд қилинган вақтда Аллоҳ таолонинг нажот беришиda fikr bildirishni o'chirish

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳақида: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳнинг сизларга (берган) неъматини эслангиз: бир қавм (кишилари) сизларга қўл кўтариш (ҳужум қилиш)ни ният қилганида, қўлларини сизлардан қайтарган эди. Аллоҳдан қўрқингиз! Мўминлар фақат Аллоҳга таваккул қилсинлар!»[1].

Амр ибн Умайя Замрий Мауна қудуғи ёнидан ўтаётиб, Килобийлардан икки кишини учратди. У иккисига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) омонлик берган эдилар. Пайғамбардан у иккисида омонлик борлигини билмасдан, у икковини ўлдирди. У иккисига фидя тўлашларини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан талаб қилишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр Сиддиқ, Умар ва Али (розияллоҳу анҳум) билан бирга Бани Назир қабиласига бордилар. Уларни қабила аҳли: “Эй Абулқосим, хуш келибсиз”, деб кутиб олишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бизнинг асҳобларимиздан бири килобликлардан икки кишини ўлдирибди, у иккисига мен омонлик бергандим. Уларнинг хунини талаб қилишмоқда, бу борада бизга ёрдам беришингдан умид қилиб келдик”, дедилар. Бани Назир: “Эй Абулқосим, сизга муҳаббат ва каромат бўлсин, хўп бўлади”, дейишди. Ўтириш учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир қўрғон тагидан жой кўрсатишди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтирдилар, ўнг ёнларига Абу Бакр, чап ёнларига Умар, тўғриларига Али (розияллоҳу анҳум) ўтирди. Бани Назир қавми қўрғон устидан катта тошни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг устиларига ташлаб юборишни мақсад қилган эди.

Баъзи аҳли илм: “Улар тошни улоқтирган вақтда Жаброил (алайҳиссалом) уни олиб ташлаган”, дейди.

Жаброил (алайҳиссалом) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га уларнинг бузуқ мақсадларини билдирган ва у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўринларидан туриб, йўлга тушганлар. Абу Бакр, Умар ва Али (розияллоҳу анҳум) ҳам у кишига эргашган. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳнинг сизларга (берган) неъматини эслангиз: бир қавм (кишилари) сизларга қўл кўтариш (ҳужум қилиш)ни ният қилганида, қўлларини сизлардан қайтарган эди. Аллоҳдан қўрқингиз! Мўминлар фақат Аллоҳга таваккул қилсинлар!” Моида сурасининг 11-оятини нозил қилган.[2]

[1] Моида сураси, 11-оят.

[2] Абу Нуъайм. “ад-Далоил”. – Б. 422–423.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган