Японияда коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошланди
Япониянинг жануби-ғарбида жойлашган Китакюсю шаҳрида коронавирус инфекциясининг янги ҳолатлари кўпайиши яна авжига чиқаётгани кузатилмоқда.
Бу ҳақда шаҳар мери Кенжи Китахаши маълум қилди, деб хабар беради “Kazinform” Kyodo агентлигига таяниб тарқатган хабарида.
“Бизда эпидемиянинг иккинчи тўлқини айни авжига чиқди”, – деди мер.
30 апрелдан 22 майгача шаҳарда касалликнинг тасдиқланган ҳолатлари қайд этилмаганди, аммо сўнгги олти кун ичида 43 та ҳолат қайд этилган, уларнинг 21 таси бир кунда аниқланди. Бир неча кун олдин Япония Бош вазири Шиндзо Абэ коронавирус пандемияси туфайли фавқулодда ҳолатни бекор қилган эди.