Чиройли муомила – мўминнинг сифати
Ислом – мукаммал дин. Ҳеч бир амал эътибордан четда қолмайди. Айниқса, инсонлар билан чиройли муомала қилиш динимиз амрларидан. Ҳар бир мўмин-мусулмон ҳалим, очиқюзли бўлиши керак.
Чиройли муомала сўз ҳамда хатти-ҳаракат билан ифода этилади. Шариатимиз чиройли муомала қилишга буюради. Зеро, Аллоҳ таоло Каломи шарифда Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларга хитоб қилиб: “Фиръавнга юмшоқ сўзланглар, шоядки насиҳатланса ёки қўрқса” (Тоҳо сураси, 44-оят), дея илоҳлик даъво қилаётган кимсани ҳам ширинсўз билан залолатдан қайтаришга амр қилган.
Ҳақиқатан, ширин сўз билан кўп муаммоларни бартараф этиш мумкин. Сўфи Оллоёр ҳазратлари: “Ширин тил бирла бир ақлли чумоли баҳайбат филнинг бўйнига банд солади”, деганлар. Халқимиз орасида: “Ширин сўз билан илон инидан чиқади, аччиқ сўз билан пичоқ – қинидан”, деган мақол бор.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллал лоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сизлар инсонларни молу дунё бериб рози қила олмайсиз, бас, чиройли хулқ ва очиқ юз билан уларнинг кўнгилларини олинглар” (Имом Абу Яъло ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Динимиз чиройли муомала қилишни хослаб, чегаралаб қўймаган. Балки ҳаммага чиройли муомала қилишни амр этади. Бировдан яхшилик кўришдан аввал унга яхшилик қилиш – фазилат, яхшиликка яхшилик қайтариш – мукофот, ёмонликка яхшилик қайтариш кароматдир. Демак, чиройли амалларни севувчи мусулмонлар ана шу уч эзгуликдан бирини бажаради. Ўз навбатида, ёмонлик ҳам учга бўлинади: “Бировдан ёмонлик кўришдан аввал унга ёмонлик қилиш – хорлик, ёмонликка ёмонлик қайтариш – қасд олиш, яхшиликка ёмонлик қайтариш – бадбахтликдир”.
Аллоҳ таоло барчамизни яхши сифатлар билан безаниб, инсонлар билан чиройли муомалада, аҳил-иноқликда тинч-фаровон ҳаёт кечиришимизни насиб айласин.
Сайфиддин ЙЎЛДОШЕВ
Андижон шаҳридаги “Зубайр ибн Аввом” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан