Мақолалар

Аллоҳга ва Расулига ижобат этингиз

Чоп этилди Iyun 1, 2020 Аллоҳга ва Расулига ижобат этингизda fikr bildirishni o'chirish

«Эй имон келтирганлар! Сизларни тирилтирувчи нарса (илм олиш) учун чорлаганларида, Аллоҳга ва Расулга (лаббай деб) жавоб қилингиз! Яна билиб қўйингизки, Аллоҳ инсон билан унинг дили (ўртаси)да “парда” бўлиб туради ва Унинг (ҳузурига) жамулжам бўлурсиз. Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (Анфол сураси, 24–25-оятлар).

“Эй имон келтирганлар!” Яъни, эй Ҳақни тасдиқ қилиб, Унга бўйсунганлар! Аллоҳ ва Расулининг амрларига бўйсунинг. Аллоҳ ва Расулининг амрларига итоатингиз туфайли абадий ҳаётга эришасиз. Мужоҳид оятни бундай тафсир қилади: “Боқий ҳаёт ва туганмас неъматларга эришиш учун Аллоҳ ва Расулининг амрларига итоат этинг”.

“Сизларни тирилтирувчи нарса…” илмдир. Илм ҳаётдир, жаҳолат ўлимдир. Баъзи муфассирлар “тирилтирувчи нарса” имон ва Исломдир, чунки имон қалб ҳаёти, куфр эса қалб ўлимидир, дейишган.

«Яна билиб қўйингизки, Аллоҳ инсон билан унинг дили (ўртаси)да “парда” бўлиб туради».

Бу оят огоҳлантиришдир. Яъни, ўзингиз ва қалбингиз ўртаси тўсиб қўйилиб, вафот этишингиздан олдин Аллоҳга ва Расулига итоат этинг.

“Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз”. Бу оят ҳам огоҳлантиришдир, яъни билингки, золимлар зулми боис тушажак азобга фақат уларнинг ўзигина эмас, барча гирифтор бўлади. Боиси, золимларни зулмдан (гуноҳдан) қайтаришмаган эди.

Зайнаб бинти Жаҳш розийаллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломдан: “Ё Расулуллоҳ, орамизда солиҳ кишилар бўлатуриб, ҳалок бўламизми?” деб сўради. Жавоб қилдилар: “Ҳа, агар ёвузлик кўпайса” (Имом Муслим ривояти). Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоятида бундай келади: “Агар инсонлар золимнинг зулмини кўриб, уни бу ишидан тўхтатишмаса, демак, Аллоҳ иқоб билан уларнинг барчасини ҳалок қилишига оз қолибди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тез кунларда фитналар юзага келади. Бу вақтда ўтирувчи турувчидан, турувчи эса юрувчидан, юрувчи ҳаракат қилувчидан яхшироқ бўлади. Ким унга қараб интилса, фитна ҳам унга қараб келади. Ким бир умид ёки паноҳ топса, ўша билан паноҳлансин”, деб огоҳлантирганлар.

Имом Термизий Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Огоҳ бўлингларки, тез орада фитналар юзага келади”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, ундан олиб чиқувчи нарса нима?” деб сўрадим. Жавоб қилдилар: “Аллоҳнинг Китоби. Унда ўтган умматларнинг, шунингдек, сиздан кейин келадиганларнинг хабарлари бор. Унда ўртангизда ҳал қилувчи ҳукм бор, ҳазил эмас. Уни тарк этганни Аллоҳ ҳалок қилади. Ундан бошқадан ҳидоят излаганни Парвардигор адаштиради. У – ҳикматли зикр. У тўғри йўлга йўлловчи. Нафслар у сабаб адашмайди. Уламолар унинг тафсирини сўзлаб адо этишолмайди. Кўп такрор билан у эскирмайди. Ажойиботлари камаймайди. Бу шундай Каломки, уни эшитган жинлар: “Дарҳақиқат, бизлар ажиб бир Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади. Бас, дарҳол унга имон келтирдик. Бизлар (энди) Раббимизга ҳеч кимни сира шерик қилмагаймиз” (Жин сураси, 1–2- оятлар), дейишдан ўзларини тўхтатиб қолишолмади…”».

Гуноҳлардан тийилмасангиз, “Билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).

Тафсир китоблари асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Абдулвосеъ ҒАНИЕВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан