Мақолалар

“Бухоро – ислом олами маданияти пойтахти”. Саховатпешалик – асл миллий қадрият

Чоп этилди Iyun 3, 2020 “Бухоро – ислом олами маданияти пойтахти”. Саховатпешалик – асл миллий қадриятda fikr bildirishni o'chirish

Бухоройи шариф нафақат машҳур олиму авлиёлар, шоиру файласуфлар, муҳаддису фақиҳлар, балки ўз даврининг доно ва саховатпеша тадбиркорлари билан ҳам жаҳон саҳнида ўзига хос мавқега эга беназир  заминдир. Бухорони ҳақиқий ислом илмлари замини бўлиб, дунёга танилишида  ана шу буюк аждодларимизнинг холисона хизматлари беқиёсдир. Улар жамиятдаги барча тараққиёт илм билан рўёбга чиқишини ўзларининг бевосита фаолиятлари ҳамда хориж давлатларига амалга оширган тижорат сафарлари давомида англаганлар ва қайси вазифада хизмат қилишмасин  қўлларидаги молу мулкларини  аввало мадраса, кутубхона каби илм масканлари бунёд этишга сарфлаганлар. Безавол тарих халқ учун, жамият учун  қилинган ушбу эзгу амаллар то қиёматгача уларга ва уларнинг авлодларига тўхтовсиз савоблар бориб туришини исботлади. Ана ўша зотлар барпо этган илм кошоналари то ҳануз элга, миллатга хизмат қилиб, Бухоронинг довруғини жаҳонга ёйиб  келмоқда.

Тарихий манбаларда ана шундай ўткир зеҳнли инсонлардан бири, Имомқулихон (Имомқулихон  — ўзбекларнинг жанидлар сулоласидан, Бухоро хонлигининг учинчи хони. Ҳукмронлик йиллари 1611-1642, Имомқулихон ҳукмронлигида Аштархонийлар давлати барпо этилган вақтидан буён энг юқори чўққисига эришган. Айнан шу даврда Тилла-қори масжид мажмуаси, Самарқанддаги Шердор мадрассаси, Бухородаги Нодир-Девон-беги мадрасаси ва бошқа кўплаб машҳур нодир меъморий бинолар барпо этилган. Имомқулихон ҳаётининг сўнгги йиллари кўз нуридан қолади ва 1642 йил ўз акаси Нодир Муҳаммадхон (1642-1645) фойдасига тахтдан воз кечиб, ҳаж сафарига отланади. Нодир девонбеги Имомқулихонни саёҳатда кузатиб борган. Имомқулихон Эрондаги сафавий шоҳи саройида меҳмон бўлади, маҳаллий рассом Муин Мусаввир унинг суратини чизади.Имомқули хон 1644 йил Маккада вафот этган ва Мадинага дафн этилган. Баъзи манбаларга кўра, хоннинг жанозасида 600 минг нафар зиёратчи иштирок этган) саройида молиявий ишлар вазири лавозимида фаолият кўрсатган, мамлакатда тижорат ва солиқ-хирож тўплаш ишларини бошқарган, солиқлар рўйхатини тузган, элчилардан ёрлиқлар қабул қилган Нодир Девонбеги ҳақида бир қанча маълумотлар келтирилган.

Нодир Девонбеги – Муҳаммад Нодир Мирзо Тоғой ибн Султон, Имомқулихоннинг тоғаси. У фан ва маданият ҳомийси бўлган. Бухоро ва Самарқандда бир қанча мадрасалар барпо этган. Ўзи ҳам ўта билимли ва доно шахс сифатида танилган.

Ўрта асрларда Бухоро илм-фан тараққий этган марказ сифатида юксак нуфузга эга бўлган. Нодир Девонбеги ҳам замонасининг илмли ва зукко шахсларидан бири эди. Шу боис диний ва дунёвий билимлар бўйича тажриба алмашиш мақсадида Нодир Девонбеги Афғонистонга таклиф этилади. Ўта зеҳнли ва илмли бўлганлиги сабабли унинг овозаси Ҳиндистонга ҳам етиб боради ва у ҳиндларга икки йил илм ўргатади. Бу хизматлари эвазига ҳинд подшоҳи Нодир Девонбегига жуда беназир ва қимматбаҳо иккита гавҳари шамчироқ туҳфа этади. Ўз ватанига қайтар экан, Нодир Девонбеги Афғонистонган ҳам кириб ўтади. Ажиб гавҳари шамчироқни кўрган афғон шоҳи Нодирбекка бу қимматбаҳо тошларни сотишни таклиф этади. У эса рози бўлмайди. Нодирбек Бухорога шод-хурсанд қайтиб келади, унинг хизматларини муносиб баҳолаган Имомқулихон вазирга ўз қизини узатади.
Бу даврда савдо ишлари гуллаб-яшнаган эди. Карвонлар Россия, Эрон, Хитой ва Ҳиндистонга қатнар, улар Бухоро орқали ҳатто, Ғарбий Оврупога ҳам етиб борган эди. Бухоролик усталар тайёрлаган, қимматбаҳо тошлар қадалган ва олтин, кумушдан қоплама нақшлар туширилган шамшир, пичоқ, қалқон, дубулғалар жуда машҳур бўлиб, шу сабабли Имомқулихоннинг ҳам мавқеи ошган эди. Унинг даврида йирик сув иншоотлари қурилди. Эскилари қайта таъмирланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш анча яхшиланди. Имомқулихон даврида масжид-мадрасалар қурилишига, фан ва санъат соҳасига ҳам катта эътибор қаратилди. У Мадина шаҳрида чорбоғ, Каъбага кираверишдаги дарвозалардан бири остонаси учун олтин ва кумуш тутқичли ёғоч зина қурдирганлиги тарихий манбаларда келтирилади.
Нодир Девонбеги мана шу хайрли ишларнинг бевосита иштирокчиси сифатида халқ ҳурматига сазовор бўлган кишилардан эди. Бироқ бир ғам вазирни ич-ичидан кемирар, на тунда ва на кундузи унга тинчлик бермас эди: у фарзандсиз эди.

Бир куни саройда парвоначи ўғлининг тўйи катта ҳашамат ва дабдаба билан ўтди. Бошқа аёллар қатори тўйда қатнашган Девонбегининг рафиқаси уйига жуда маъюс қайтиб, дилидаги ғамни Нодирбекка тўкиб солди: “Мана, оила қурганимизга ўн йил бўлай деяпти, бироқ фарзанд кўрмадик. Ўзгалар вафотидан кейин орқасидан фарзанди қолиб, уларнинг чироғини ёқади. Биз-чи?! На орзу-ҳавас қилдик, на фарзанд кўрдик… Шунча мол-дунё ким учун?! Биздан кейин ким, нима қолади?!”.

Девонбегининг ярасига туз сепилгандек бўлади. Тун бўйи мижжа қоқмай чиқди. Эрталаб Афғонистон сафари тараддудини кўра бошлади…
Нодир Девонбегининг илмидан бохабар Афғон шоҳи уни зўр эҳтиром билан кутиб олади. Нодирбек шоҳга:

“Сиз мендан гавҳари шамчироқни сотиб олмоқчи эдингиз. Мен розиман,” – дейди.

Беназир, қимматбаҳо тош эвазига афғон шоҳи унга катта миқдорда олтин беради ва Нодирбек Бухорога қайтади. Ўз соҳасининг пешқадамлари сифатида ном қозонган уста-меъморларни йиғиб, Кўкалдош мадрасаси олдида ҳовуз, хонақоҳ ва Мадраса бино этишни буюради. Шундай қилиб, 1620 йилда ҳовуз ва хонақоҳ қурилади. Бу ҳовуз шаҳардаги энг катта ҳовузлардан бири бўлиб, 36 м. х 45,5 м. ҳажмга эга, чуқурлиги эса 5 метрдир.
Шоҳруд ариғи бўйлаб борсангиз, чап томонда хонақоҳ ва ўнгда 1622 йилда барпо этилган Нодир Девонбеги мадрасаси жойлашган. Улар орасида эса ҳовуз бунёд этилган. Мадраса ва хонақоҳ ўртача катталикда, оддий шаклда қурилган бўлса-да, ҳовуз, хонақоҳ ва мадраса, яъни Лаби Ҳовуз ансамбли биргаликда ажиб салобат ва гўзаллик касб этади.
Мадрасага кираверишда, дарвозанинг юқори ва ён қисмларида нафис мозаика ёрдамида қуёшга интилаётган афсонавий семурғ қушлари моҳирона акс эттирилган.

Лаби Ҳовуз ансамбли битгач, Нодир Девонбеги ўз рафиқасини олиб, сайрга чиқади ва қурилган биноларни кўрсатиб, шундай дейди:
“Сиз менга, биздан кейин ким, нима қолади, деган эдингиз. Биздан кейин яхши ном ва бир беназир гавҳари шамчироқ қийматига бунёд бўлган мана шу гўзаллик қолади”.

Мана, бир неча асрки, тадбиркор инсон Нодир Девонбеги саъй-ҳаракати билан бунёд бўлган мадраса Бухоро кўркига кўрк қўшиб турибди. Лаби Ҳовуз қарийб тўрт асрдан буён бухороликлар ва шаҳарга ташриф буюрадиган сайёҳ ҳамда меҳмонлар ҳордиқ чиқарадиган ажойиб маскан бўлиб хизмат қилмоқда.

Нодир Девонбеги Самарқандда ҳам қатор хайрли ишларни амалга оширган: бир қанча иншоот ва бинолар қурдириб, шаҳарнинг кўрку салобати ошишига ҳисса қўшган. Жумладан, шаҳардан 4 чақирим ғарб томонда Намозгоҳ биносини бунёд эттирган. 1632-1635 йилларда шаҳардан 8 чақирим жануби-ғарбда меъморчилик санъатининг гултожи ҳисобланган Шердор мадрасасини қурдирган. Бинолар пештоқига Туркистон вилоятининг қоплонсимон шер ва кийиклари расми ишланган.
Шундай қилиб, Самарқанд тарихида бир даврда иккита Шердор мадрасаси: олдин Регистон марказида Шердори Дарун, яъни ички Шердор ва кейинрок шаҳардан ташкарида Шердори берун, яъни ташқи Шердор бунёд этилган. Шердори даруннинг меъмори уста Абдул Жаббор бўлиб, маълумотларга кўра, Шердори берун мадрасасини бунёд этишда ҳам у бошчилик қилган. Нодир Девонбеги қурдирган Шердори берун мадрасаси Самарқандлик уста-меъмор А.Ҳакқулов раҳбарлигида 1977 йилда қайта таъмирланган.
Мазкур иншоотлар бугунги кўҳна шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшиб, юртимизнинг нодир ажойиботлари сифатида эътироф этиб келинмоқда.

Фахриддин Муҳаммадиев,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

илмий ходими