Болалар

Экран қаршисидаги бола

Чоп этилди Iyun 4, 2020 Экран қаршисидаги болаda fikr bildirishni o'chirish

Ўз ҳаётингни яша

Баъзан уй бурчагида ҳар хил ўйинчоқлар билан андармон бўлган ёки “зангори экран”дан кўз узмай мултфилм кўраётган болаларни учратсам ўйланиб қоламан. Беихтиёр ўзимнинг болалик даврим эсга келади. Бутун қишлоқ болалари йиғилишарди, ўшанда. Орамизда мўйлови сабза урган ўсмирлар, бўй етиб, ёноғи ранг олиб қолган қизлар ҳам бўларди. Ёши каттароқлар турли ўйинлар ўйлаб топишар, кичик болалар эса катталарга эргашиб чопқилашиб юришарди. Бутун маҳалла болаларнинг қувноқ кулгисига тўларди. Шодон қийқириқларни эшитган катталар тинч ҳаётнинг нашъасини туярдилар.
Ўша ўйинларимизнинг барчаси ҳаракатли ўйинлар эди. Саратон жазирамасию чилланинг қаҳратон совуғи бизни тўхтата олмас, аксинча, бу — иссиғу совуқларга хос ўйинларимиз бор ҳам эди. Энг завқлиси, ўйинчоқларни ўзимиз ясаб олардик. Улар рогатка, камон, шайтонарава кабилар эди. Ҳатто бир сафар делтоплан ясаганмиз. Яхши ҳамки, ҳажмини кичикроқ қилиб қўйган эканмиз, бизни ердан кўтаролмади. Чунки уни бошқарадиган механизми йўқ эди.
Хуллас, биз улғая бошлагач, ўзидан ўзи давра сийраклашди. Ўсмирлик давримизга келиб биз ҳам сипо тортиб қолдик. Эндигилар эса ўз уйларида, оналарининг бағрида ўйнай олишади, холос. Баъзан маҳаллада бирга ўсган тенгдошлар бирор сабабга кўра йиғилишиб қолганимизда ўша даврларни қўмсаймиз. “Нега ҳозирги болалар ўйнамайди?” деб ҳайрон бўламиз. Бу саволга ҳеч ким тайинли жавоб айта олмайди.
Масалага шароит нуқтаи назаридан баҳо бериладиган бўлса, бугунги болаларнинг биздан ўн баробар кўп ўйнашга ҳаққи бор. Негаки, бугунга келиб инсоннинг умри бизнинг давримизга нисбатан ўртача ўн ёшга узайди. Бизнинг болалик пайтимизда ўртача умр олтмиш йил бўлса, бугун етмишвой, саксонвойлар гуриллатиб тўй қилиб, уйланиб ётибди…
Инсон ёшига қўшилган ўн йилни умрнинг тўрт фаслига тақсимлаймиз. Аён бўладики, бугунги болаларнинг бизнинг авлодга қараганда икки ярим йил вақти кўп экан. Хўш, улар бу вақтдан қандай фойдаланишяпти? Уларнинг ярми телевизор қаршисига “михланган”, ярми эса компютер билан банд. Айрим ерга урса кўкка сапчийдиганларни ҳисобга олмасангиз, қолганлари мутлақо ўйнамайди. Ота-онасининг орзу-ҳавасини амалга ошириш учун туғилган заҳоти аниқ бир касб, ҳунар ўрганишга йўналтирилганлар ҳам йўқ эмас. Бу яхшими ёки ёмонми?
Бир ҳисобда болалигимни эслаб ҳузурланганим, мақтанганим ўринлидай туюлади. Ахир эртаю кеч телевизор, компютерга термулиб кўзнинг нурини бой бериш, тана ҳаракатини сустлаштиришдан кўра тоза ҳавода, табиат бағрида ҳаракатли ўйинлар ўйнаб мушакларни чиниқтириш, ўзининг ўйинини ўйнаш, демакким, ўзгалар ҳаётига томошабин бўлиб улғайишдан кўра ўз ҳаётини яшаш яхши-да.
Болалигимизда синфдошлар, тенгдошларимиз билан орзу-ҳавасларимизни сирлашганимизни эслайман. Барчамиз тезроқ улғайишни хоҳлардиг-у, аммо келажакда ким бўлиш, қайси касбни танлашга доир қарашларимиз беқарор эди. Баъзилар эгалламоқчи бўлган касбини тез-тез ўзгартириб туриши сабабли бирор касбга доир адабиёту амалий кўргазмалар билан танишиб олиш ҳақида ўйламас, айримлар ”Деҳқон бўламиз-да” деган ўйда ўта хотиржам эди. Чунки деҳқончилик ўша даврда энг осон эгалланадиган касб эди.
Эндиликда биз деҳқончилик деб далага сув тараб, экин чопиқ қилиб юрганларимиз — асл деҳқончиликнинг жузъий қисми экани маълум бўлди. Деҳқончилик нима эканию деҳқоннинг кимлиги ер эгасини топа бошлаганидан кейингина аён бўлди. Фермерлик ҳаракати бошлангач, табиатан деҳқончиликка мойил, ҳаётини ерсиз тасаввур қила олмайдиган ҳақиқий деҳқонлар бир парча ерга эга бўлиш учун астойдил ҳаракат қилди. Қолганлар эса ишсиз қолди… Энди улар нима қилади? Диплом йўқ, ҳунар йўқ. Ишлари бинойидек фермерлар ҳам ерига яқинлаштирмайди, юмуши бола-бақрасидан ортмайди. Демак, деҳқончиликни масъулияти кам, жавобгарлиги йўқ тинчгина касб деб ҳисоблаганлар ҳам ютқазишди.
Мана, “бошидан сувнинг бир ўзанга солиб юборилмагани”ни оқибати.

“Болажон, ким бўлмоқчисан?”

Компютер ўйинларию телевизор қошига михланган болаларни ҳисобга олмасангиз, бир мақсад сари йўналтирилганлар кўп нарса ютади. Йўналтириш қуйидаги тартибда амалга оширилади: бола гапга тушунадиган бўлиб қолганидан сўнг унга улғайганда қайси касб эгаси бўлиши лозимлиги уқтирилади. Кейин ўша боланинг ўйинлари ҳам шунга мослаштирилади. Унинг ўйинида ота-онасининг хоҳиши акс этади. Мактаб даврида ҳам асосий эътибор танланган касбга қаратилади, қўшимча дарслар олинади ва қарабсизки, бир йўлдан чалғимай кетаётган бола олий ўқув юртига киргунига қадар тап-тайёр кадр бўлади.
Ёшларимиз тарбияси, уларнинг келажаги тўғрисида гап борганда масаланинг ана шу жиҳатига жиддий эътибор бермоқ лозим. Чунки ҳозир ҳам фарзандларимизнинг маълум бир қисмигина кичик ёшдалигидан бир касбга йўналтирилмоқда. Аксарияти эса худди бизнинг давримиздагидек хотиржам улғаймоқда.
Американинг собиқ президенти Билл Клинтоннинг рафиқаси Хиллари Клинтоннинг хотирлашича, университет талабаси пайтида Клинтон билан танишганида у ўзини Американинг бўлажак президенти деб таништирган экан. Демак, Клинтон талабалик давриданоқ ўз келажагига ишонган. Чунки болалагиданоқ унга шу гап муттасил уқтириб борилган. Бунинг учун у нималарни ўрганиш, ўзини қандай тутиш, аҳолининг қайси қатлами билан яқиндан танишиш, сиёсий давраларда иштирок этиш учун кимлар билан ҳамкорлик қилиш ва бошқа масалаларда пухта билим ҳамда психологик тайёргарликка эга бўлган.
Америка Қўшма Штатларида мазкур тажриба кенг қўлланади. Бу жуда самарали усул. Инсон болалигиданоқ бир касбга йўналтирилгандан кейин у, табиийки, бу касбни миридан сиригача ўрганиб олади, мустақил иш бошлаганда эса у иш ўрганиш устида эмас, ўз соҳасини янги ихтиролар билан бойитиш учун бош қотиради.
Аксарият кишилар буни Америка тажрибаси деб билади. Бу хато. Тарбиянинг бу усули аслида Шарқда, яъни ўзимизда кенг тарқалган. Америкаликлар уни янада такомиллаштириб амалда жорий этишган. Шарқда дастлаб у мавжуд бўлган ҳолида косибнинг боласи косибликка, темирчининг боласи темирчиликка, шаҳзода подшоҳликка тайёрланган. Жуда кам ҳоллардагина болалар ота касби ўрнига бошқа касбга ўргатилган. Эътиборга молик жойи шундаки, болага фақат ҳунар ўргатиш билан чекланилмаган. Унга ўша ўрганаётган ҳунарида иш бошлаганидан сўнг жамиятда қандай мавқега эга бўлиши, қайси тоифа билан қай йўсинда муомала қилиши кераклиги пухта ўргатилган. Ҳунар ўрганиш воситасида бола ҳаётга тайёрланган. Шунингдек, Шарқ мамлакатларида оддий фуқаролар каби шаҳзодаларга ҳам салтанат иши қаторида бир ҳунар ўргатиш урф бўлган. Жумладан, Кайковус “Қобуснома” асарида ёзишича, “…Хос кишиларнинг фарзандларига адаб ва ҳунардин яхшироқ мерос йўқтур ва омий халойиқнинг фарзандларига ҳирфа (савдо, ҳунар), пеша (касб)дин яхшироқ мерос йўқтур. Пеша қилмоқ (ўрганмоқ) муҳташамларнинг фарзандларига номуносиб кўринур. Аммо пеша ҳақиқатда барча ҳунарларнинг улуғидур. Агар хос одамларнинг фарзанди юз ҳунар билса ва лекин ҳеч касбни қилмаса айб эмасдур. Ҳунар эса бир кун ишга ярагусидур”.
Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳод ўткир зеҳни туфайли барча илмларни қисқа фурсатда ўрганиб олгач, Бонийдан меъморлик, Монийдан наққошлик, Қорандан тоштарошлик сирларини ўрганади. Фарҳод арман элининг эътиборини савлатли шаҳзода сифатида эмас, уста ҳунарманд сифатида қозонади. Шириннинг муҳаббатига одамларга эзгулик улашувчи самимий инсон бўлгани учун сазовор бўлади. Бу достон Ҳусайн Бойқаронинг ўғли — шаҳзода Бадиуззамонга бағишланган. Демак, мазкур асар воситасида шоир шаҳзодаларга ҳунар ўрганишни тарғиб этган.

Ким яхши яшашга ҳақли?

Болани туғилгани заҳоти бир мақсад сари йўналтириш ҳақида ўйлашнинг афзал жиҳатлари кўп. Бунда баъзан болакайнинг ўзи касб танлайди. Яъни бу унинг қайси ўйинчоқларни бошқаларидан кўпроқ ёқтириши ёки қандай спорт турига мойиллигида кўринади. Буни ота-она ўз вақтида илғай олиши ижобий натижа беради. Масалан, Алишер Навоий тўрт ёшида ”Мантиқ-ут тайр”ни ёдлаб олган, Рустам Қосимжонов болалигидан шахматга меҳр қўйган. Бироқ оналари уларни бизнинг онамиз каби аяган. Алишер Навоийдан севимли асари яшириб қўйилган. Аммо у асарни ёдлаб олишга улгурган эди. Шеъриятга астойдил меҳр қўйгани, сўз санъатидан бошқа нарсани ўйламагани учун ўн икки ёшида малик-ул калом Лутфийни қойил қилди. Рустам Қосимжоновга онаси шахмат ўйнашни тақиқлаб қўйган эди. Мияси зўриқмасин деган-да. У ётар чоғида шахматни ўзи билан кўрпанинг тагига олиб кириб кетар экан. Бу йўлда ўта қатъиятли бўлгани учун ҳам кўпчилик тенгдошлари ҳали қайси касбни танлашни билмай юрган вақтларда у танилиб қолган спорт устаси мақомини қўлга киритган эди. Яна шуни ҳам ишонч билан айтиш мумкинки, Қосимжоновнинг айрим тенгдошлари ҳали ҳам тайинли бирор касбнинг этагини тута олгани йўқ
Балки, шеърият билан спорт касб эмас, қисматдир. Аммо касбга болалигидан шундай меҳр қўйганлар катта натижага эришганлар. Жумладан, дунё бўйича биринчи рақамли миллиардер Билл Гейтс болалигиданоқ компютер жинниси бўлган. Ҳеч нарсага чалғимасдан компютер титкилаши бора-бора унга чексиз имкониятлар эшигини очди. Ўзимизда ҳам болалигиданоқ отасининг савдо ишларига кўмаклашиб юриб, тижорат сирларини пухта ўрганиб олган ёшлар улғайиб катта ишларга қўл ургач, журъатли бизнесменлар бўлиб етишганига гувоҳ бўлганмиз.
Шундай экан, болаларимизни мустақил ҳаётга эсини таниган кунданоқ тайёрлашни бошлашимиз, бунинг учун аввало ота-онанинг ўзи узил-кесил бир қарорга келиб олиши зарурдир. Акс ҳолда фарзандларимиз мустақил ҳаётга ўз билимига ишонган, жамиятдаги мавқеини тўла англаган ҳолда дадил қадамлар билан кириб кела олмайди. Бу эса уларнинг ҳаётда эришиши мумкин бўлган ютуқларини ё батамом чеклаб қўяди ёки ниҳоятда кечиктириб юборади.

Дамин Жумақулов
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 27-сонидан олинди.