Мақолалар

Маккада ҳосиллар пишмай туриб, (Хубайбнинг) узум ейиши

Чоп этилди Iyun 4, 2020 Маккада ҳосиллар пишмай туриб, (Хубайбнинг) узум ейишиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Осим ибн Собит Ансорийни ўн кишига бошлиқ қилиб, айғоқчиликка юбордилар. Улар Макка билан Асфон оралиғидаги Ҳадда деган жойга етганларида, Ҳузайл қабиласига мансуб Бани Лиҳён мушрикларига улар ҳақида хабар етди. Юзтача мерган мушрик мусулмонларни таъқиб қила бошлади. Мушриклар мусулмонлар тўхтаб дам олган ердан хурмо данагини топиб олган ҳамда унинг Ясриб (Мадина) хурмоси данаги эканини билган эди. Осим ва бошқа мусулмонлар буни билиб қолиб, бир жойга яшириндилар. Мушриклар уларни қуршаб олиб: “Тушинглар ва таслим бўлинглар, сизлардан бирортангизни ҳам ўлдирмаймиз, деб ваъда берамиз!” дейишди. Шунда Осим ибн Собит: “Эй қавм, мен кофирлардан паноҳ сўраб тушмайман! – деди, сўнг: Ё Аллоҳ, бизнинг ҳолимиздан расулингни хабардор эт!” деб илтижо қилди. Мушриклар найза отиб Осимни ўлдирдилар. Уч киши – Хубайб, Зайд ибн Дасина ва яна бир киши ваъдага ишониб, пастга тушдилар. Мушриклар уларни ушлагач, камонларининг ипларини ечиб, боғладилар. Шунда учинчи киши: “Худо ҳаққи, бу хиёнатнинг бошидир, мен сизлар билан кетмайман. Албатта (ўлдирилганларни назарда тутиб), менга анавиларда ибрат бор”, деди. Мушриклар уни тортиб, юришга кўп мажбур этди, аммо у бирга юришдан бош тортди. Уни ўлдириб Хубайб ва Зайд ибн Дасинани ўзлари билан олиб кетиб, Бадр воқеасидан кейин уларни сотиб юборишди. Хубайбни Ҳорис ибн Омир ибн Навфал уруғи сотиб олди. Хубайб Ҳорис ибн Омирни Бадр куни ўлдирган эди. У уларда бир неча муддат асирликда турди. Кейин улар Хубайбни ўлдиришга қарор қилишди. Хубайб Ҳориснинг қизларидан биридан тозаланиш учун устара сўраб олди. Шу аснода ўша аёл хабарсиз қолиб, ўғилчаси Хубайбнинг ҳузурига кириб кетди. Аёл боласини излаб, Хубайб уни тиззасига ўтқизиб олган ҳолда топди. Унинг қўлида эса устара бор эди. Ўша аёл бундай дейди: «Менинг қаттиқ қўрққанимни сезган Хубайб: “Боламни ўлдиради, деб қўрқяпсанми, мен ҳеч қачон бундай қилмайман!” деди. Аллоҳ номи билан қасам ичаман, мен Хубайбдан кўра яхшироқ асирни кўрмаганман. Бир куни мен унинг бир бош узум еб турганини кўрдим, ваҳоланки, (шу вақтда) Маккада узум бўлмай, бунинг устига қўли ҳам боғланган эди». Аёл: “Буни Хубайбга Аллоҳ таолонинг ўзи ризқ қилиб беряпти”, дер эди. Хубайбни қатл қилиш учун Ҳарамдан ташқарига олиб чиққанларида, у: “Икки ракат намоз ўқишга менга ижозат беринглар!” деди. Унга ижозат берганларидан сўнг, икки ракат намоз ўқиди, кейин: “Агар сизлар мени ўлимдан қўрқяпти, деб ўйламаганларингда, кўпроқ намоз ўқиган бўлардим. Ё Аллоҳ, бу кофирларнинг бирортасини ҳам қолдирмай ҳалок қилгин!” деди-да, ушбу шеърни ўқиди:

“Мусулмон ҳолда ўлсам, зарра парвойимга келмас,

Қайси ён бирла йиқилмоғимни Аллоҳ фарқламас,

Саховат соҳиби бўлмиш ўзи танҳо илоҳимга,

Қийма-қийма жисмима бермоқ савоб ҳеч гап эмас!”

Сўнг Абу Сирваъа Уқба ибн Ҳорис ўрнидан туриб, Хубайбни ўлдирди. Ўлимга ҳукм қилинган ҳар бир мусулмонга ўлими олдидан намоз ўқиши Хубайбдан суннат бўлиб қолди. Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга мусибат етган куни саҳобаларга хабар берган эдилар. Қурайш мушриклари Осимнинг ўлдирилгани тўғрисидаги хабарни эшитиб, бунга ишонч ҳосил қилиш учун унинг бир аъзосини кесиб келишга одам жўнатди, чунки Осим Қурайш катталаридан бирини ўлдирган эди. Аллоҳ таоло Осимнинг жасадини қўришга арилар тўдасини юборди, мушриклар унинг ҳеч бир аъзосини кесиб олишга муваффақ бўлмадилар.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган