Мақолалар

“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” калимасини кўп айтиш

Чоп этилди Iyun 5, 2020 “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” калимасини кўп айтишda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таолони кўп зикр қилган одамнинг қалбида беҳуда гап­ларга, сўкинишларга, кишининг обрўсини тўкадиган ҳолатларга, дунё ва унинг матоҳларига, турли кўнгилхушликлару инсонни чалғитувчи маишатларга жой қолмайди. Аллоҳ таолони кўп зикр қилган одам қалбини Аллоҳ таоло муҳаббатидан бошқа нарса эгаллаб ололмайди. Аллоҳ таолони кўп ёдлайдиган инсоннинг оиласида ҳар хил жанжалларга ҳам ўрин қолмайди. У доим Аллоҳ таолодан оиласига, халқига, миллатига ва Ватанига тинчлик-хо­тиржамлик сўраб, дуо қилади. Зикрнинг фазилати жуда кўп. Улардан бири – киши қийинчиликка тушиб қолганида Аллоҳни зикр қилса ва ундан қутулишни сўраб, дуо қилса, Аллоҳ таоло уни халос этади.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Эй Али, қийин аҳволга тушиб қолганида айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар. “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азим”, деб айт. Чунки Аллоҳ мана шу дуо билан хоҳлаганича, турли балолардан халос қилади», дедилар (Ибн Сунний).

Аллоҳ таолони кўп ёдлаш кишига фақат фойда келтиради. Аллоҳ таолони ёдлаш қийинчилик ҳолатларида сабр қилишга, кенг­чи­лик ҳолатларида ҳаддидан ошмасликка ва ҳар қандай вақт­да ҳам ақл билан иш тутишга ундайди. Кўпинча инсон бирор-бир ма­шақ­қатга ёки қийинчиликка учраганида нима қиларини билмай қо­лади. Мана шундай ҳолатда Аллоҳ таолони ёд этиш ҳамма нар­са­дан кўра кўпроқ фойда беради.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинг ва эр­таю кеч Унга тасбеҳ айтинг(Аҳзоб, 42–41)

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада имонли бандаларга Ўзини эртаю кеч ёд этишлари лозимлигини айтмоқда. Мен Аллоҳ таоло­га имон келтирдим, деган киши ҳар жойда доимо Аллоҳ таолони ёдидан чиқармаслиги лозим.

Аллоҳни зикр қилиш мўмин бандани олий мақомларга эриштиради, дунёда яшашдан мақсадини унутмасликка, халқи, Ва­тани, миллатига ва динига холис хизмат қиладиган ҳақиқий халқ­севар инсон бўлиб етишишига сабабчи бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Мўминлар Аллоҳ (номи) зикр этилганида дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар, мағфират ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол, 4–2).

Бу ояти каримада мўминларнинг бир неча сифатлари зикр қилинган. Аллоҳ таоло зикр қилинганда қалблари титраб, Унинг азобидан қўрққан инсон комил мўмин бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилинг, ношукрчилик қилманг (Бақара, 152)

Яъни: Мени гуноҳларингизга тавба қилиш, ҳожатларингизни сўраш, ихлос-эътиқод, илтижо ва муножот билан ёд этинг, Мен сизларни кечириш, ҳожатбарорлик, нажот, ижобат ила ёд этурман.

Бу оятда ёд этиш “зикр” лафзи билан келган. Зикр эса, тил би­лан ва дил билан бўлади.

Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъно­лар­ни қамраб олган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳо, 124).

Қайси бир инсон Аллоҳ таолони унутса, Уни ёд этмаса, ўзига зулм қилган бўлади. Аввало, ундай одам бу дунёда қийинчиликда ҳаёт кечиради. Молу дунё, айшу ишрат ичида кўмилиб ётса ҳам, унга оздай кўринаверади. Улардан ажраб қолишдан қўрқавера­ди. Имонсизлиги туфайли кетма-кет муаммолар келиб чиқаверади.

Инсон гуноҳлари ўчирилиши учун ҳар қандай оғир ишни қилишга ҳам тайёр. Аммо бунинг жуда осон йўли бор. Пайғамба­ри­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир кунда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса, унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам, ўчирилади”, деганлар.

Инсон бу дунёда яхши амаллар қилиб, барча хато ва камчи­ликларининг кечирилишини умид қилади. Шу мақсадга етишиш учун юқоридаги жуда осон ишни ўзига кундалик вазифа қилиб олиши керак.

  1. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтишни васият қил­ганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбари­миз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қилдилар: «“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” сўзини кўп айтинглар, чунки у жаннат ха­зи­наларидандир».

Инсон бу дунёда машаққатларга бардош бериб, фарзанд­лари чиройли, тўкинликда яшаши учун ҳаракат қилади. Мол-дунё йи­ғиш илинжида кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлайди. Лекин кўп ҳолларда охиратга захира қилишни унутиб қўяди. Охи­рат са­одатини қандай қўлга киритишимиз мумкинлигини Пай­ғам­баримиз (алайҳиссалом) қисқа лафзлар билан ўргатмоқдалар.

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” жаннат эшиклари­дан биридир.

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғам­баримиз (алайҳиссалом): “Сени жаннат эшикларидан бир эшикка далолат қилайинми?” дедилар. Муоз ибн Жабал: “Ҳа, у нима?” деб сўради. Пайғамбар (алайҳиссалом): «“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”дир», дедилар.

Қайс ибн Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Отаси уни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хизмат қи­лиш учун топширди. «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менинг олдимдан ўтдилар. Намозни ўқиб бўлган эдим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени оёқлари билан туртиб: “Сени жаннат эшикларидан бирига далолат қилайми?” дедилар. “Ҳа”, дедим. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”, дедилар».

Демак, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” жаннат эшик­ларидан бири экан. Ўша эшикка етишиш учун ушбу калимани кўп айтиб юриш керак. Қиёмат куни инсонлар ҳаётлик чоғларида қилган яхши амаллари билан мартабаларига қараб жаннатнинг турли эшикларидан чақирилади. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” калимасини кўп айтиб юрган инсон жаннатнинг ана шу эшигидан чақирилади.

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” жаннат хазинала­ри­дан биридир.

Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Пайғамбар (алайҳиссалом) унга “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридандир”, деганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: «“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни кўпроқ айт. Албатта, у жаннат хазиналаридан би­ридир», дедилар (Имом Термизий).

Демак, ким жаннат хазиналаридан бирига эга бўлишни иста­са, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни кўпроқ айтиши керак.

Инсон ҳаётлик чоғида қилаётган ҳар бир яхши амалидан жаннатни умид қилади. Жаннатга эришиш йўлида кўплаб машақ­қатларни енгиб ўтади. Уларни енгишда юқоридаги калимани кўп айтиш ёрдам беради.

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” жаннат кўчатларидан биридир.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (алай­ҳиссалом): “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар. Чунки унинг суви тотли, тупроғи покизадир. Бас, унинг кўчатларини кўпай­тиринглар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари ни­ма?” дейишди. «Аллоҳ хоҳлаган нарса “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”дир», дедилар (Имом Табароний).

Инсон бу дунёда бир кўчат экса, кўчати дарахт бўлиб, кўп йил­лар инсонларга меваларидан улашади. Унинг савоби эса ўша кў­чат­ни эккан кишига бориб туради. Агар бу ишни, яъни кўчатни жан­натга экса, ундан-да кўпроқ ажр (савоб)га эга бўлади.

  1. Ким “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” деса, Аллоҳ тао­ло “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биҳи” дейди.

Абу Саид ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади. Улар Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг бундай деганларига гувоҳ бўлишган: «Ким “Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деса, Парвар­дигор тасдиқ қилиб: “Мендан бошқа Илоҳ йўқ. Мен улуғман”, дейди. Ва қачон банда: “Ла илаҳа илла ҳува ваҳдаҳу”, деса, Аллоҳ таоло: “Фақат Мен илоҳман. Ва Мен Ўзимман”, дейди. Ва банда: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам тўғри айтди. Фақат Мен Илоҳман. Менинг шеригим йўқ”, дейди. Ва банда: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу лаҳулмулку ва лаҳулҳамду”, деса, Аллоҳ таоло: “Фақат Мен Илоҳ­ман, мулк Меники ва ҳамд Менга хосдир”, дейди. Ва банда: “Ла илаҳа иллаллоҳу ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”, деса, Аллоҳ таоло: “Фақат Мен Илоҳман ва Мендан ўзгада на куч ва на қувват бор”, дейди. Ким шу калималарни касаллик вақтида айтса, вафот этгач, дўзахга тушмайди» (Имом Термизий).

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” калимаси гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлувчи калималардандир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ким “Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла илаҳа иллаллоҳу ва ла шарика лаҳу ла илаҳа иллаллоҳу лаҳулмулку ва лаҳулҳамду ла илаҳа иллаллоҳу ва ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳи”, деб бирор кун, кеча ёки бирор ойда айтса ва ўша кун, кеча ё ойда вафот этса, гуноҳлари кечирилади».

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” калимаси азонда “Ҳайя алас-сола, Ҳайя алал-фалаҳ” калималари айтилганида айтилади.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Қачон муаззин “Аллоҳу акбар”, деганида, сиз­лардан ҳар бирингиз “Аллоҳу акбар”, десин.

Сўнг: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ”, деганида “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ”, десин.

Сўнг: “Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ”, деганида, “Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ”, десин.

Сўнг: “Ҳайя алас-сола”, деганида “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”, десин.

Сўнг: “Ҳайя алал-фалаҳ”, деганида “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”, десин.

Сўнг: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”, деганида “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”, десин.

Сўнг: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деганида “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деб муаззин ортидан қайтарса, жаннатга киради», деганлар (Имом Муслим ва Абу Довуд).

Тўрт мазҳаб уламолари азонда “Ҳайя Алас-сола, Ҳайя алал-фалаҳ” калималари айтилганида “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” дейиш мустаҳаблигини таъкидлаган.

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” дард ва бало-офат­лардан халос бўлиш калимасидир.

Имом Табароний ва Ҳоким Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлур. Энг енгили ғамдир», деганлар.

Қийин ҳолга тушганида, бемор бўлганида, бирор нарсадан ажаб­ланиб, кўз тегишидан қўрққанида, бир нарсадан хавотирланганида, уйидан чиқаётганида, кечаси уйғониб кетганида, ҳар намоздан кейин бу дуони айтиш мустаҳабдир. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” тўқсон тўққиз дардга даводир. У қалбга тушган ғам, андуҳларни даф қилади.

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” бандага берилган неъматни ҳимоя қилиш ҳамда ундаги яхшилик ва фазл даво­мий­лиги боисидир.

Имом Табароний Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кимга Аллоҳ неъмат берса-ю, у бу неъматнинг ўзида давомийлигини истаса, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни кўп айтсин», де­ганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” ила мушкуллар ечилишини ва бало-офат даф бўлишини ўз тажрибаларида синаб кўрган.

“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни кўп айтиш камба­ғалликни ҳам кетказади.

Ибн Абу Дунё Асад ибн Вадоъадан ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким ҳар куни юз марта “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни айтса, унга фақирлик етмас», де­ганлар.

“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни уламоларимиз қис­қа қилиб “ҳавқала” деб атаган. Яъни, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”нинг сўзларидан баъзи ҳарфларни олиб, “ҳавқала” ҳосил қилинган.

Имом Нававий “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”нинг маъноси ҳақида Имом Муслим “Саҳиҳ”ига ёзган шарҳида бундай келтиради: “Абул Ҳайсам: ҳавл — ҳаракат маъносидадир. Шунда умумий маъно – Аллоҳнинг хоҳишисиз ҳеч бир ҳаракат ҳам, қув­ват ҳам йўқ, деб айтган”.

Зикрнинг инсон ҳаётида жуда катта фойдаси бор. Банда қанча кўп зикр қилса, Аллоҳ таолога шунча яқин бўлади. Зикр туфай­ли Аллоҳ таоло зикр қилувчига бошқа сўровчиларга берадиган неъматларидан кўра афзалини беради. Зикр учун ваъда қилинган неъмат ва фазллар бошқа амалларга ваъда қилинмаган. Қалбда бир қоралик бўлса, уни Аллоҳ таолонинг зикридан бошқа нарса кетказа олмайди. Жаннат ҳовлилари зикр ила бино қилинади ва қачон зокир зикр қилишдан тўхтаса, фаришталар ҳам ҳовлини барпо қилишдан тўхтайди. Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи банда мунофиқликдан омонда бўлади.

Амаллар ичида зикрнинг ўзига хос лаззати бор. Шунинг учун ҳам зикр мажлислари “жаннат боғлари” деб номланади. Йўлда, ўтирганида ва ётганида зикрни бардавом қилиш банданинг қиёмат кунидаги гувоҳлари кўпайишига сабаб бўлади. Банда кенгчилик вақтида Аллоҳ таолони кўп зикр қилса, Аллоҳ таоло унга торчи­лик вақтида енгиллик беради.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм