Лесотоликлар нега ўртача 37 йил умр кўради?
ЯНГИ КИТОБ
АҚШ ёки Хитойнинг пойтахти-ю пул бирлиги, расмий тили-ю жаҳондаги нуфузи ҳақида бугун ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам адашмай гапириб бера олади. Чунки бундай йирик ва қудратли мамлакатлар сайёрамизда саноқли. Аммо дунёда шундай митти давлатлар ва маъмурий ҳудудлар борки, улар ҳақида кўпчилик эшитмаган бўлса ажаб эмас.
Масалан, Леон-Либерия тепалигида жойлашган Серра-Леоне Республикаси тўғрисида сизга нималар маълум? 102 квадрат километр майдонни эгаллаган Монцеррат ҳудуди вулқонлар ороли ўрнида пайдо бўлганини биласизми? Ёхуд маржон қоялардан иборат Маётта (376 кв. км) ҳақида қанчалик маълумотга эгасиз?
Лазиз Раҳматовнинг «Дунё мамлакатлари: Австралиядан Ҳиндистонгача» номли китоби ана шундай қизиқарли маълумотларга бой. Унда нафақат давлатларнинг пойтахти, аҳолиси, маъмурий бошқаруви, пул бирлиги, ҳудудий бўлиниши-ю этник таркиби, балки табиати, тарихи, иқтисодиёти, вақт бирлиги, телефон коди, интернет-домени, барча-барчаси ҳақидаги факт ва рақамлар жой олган.
Хусусан, Малавининг умумий ер майдони 118,5 квадрат километрга тенг. Нуфуси 500 минг нафар. Уч минтақани бирлаштирувчи 28 музофотга бўлинади. Аҳолисининг асосий қисми насронийлик динига мансуб, инглиз ва чичева тилларида мулоқот қилади. Миллий валютаси — Малави квачаси. Ўртача умр кўриш кўрсаткичи — 55,1 ёш.
«Само қироллиги»… Денгиз сатҳидан 1400 метр баландликда жойлашган ушбу ҳудуд атрофини ЖАР тўлиқ ўраб туради. Чегарасининг барча томонидан фақат бир давлат қуршаб олган дунёдаги учта мамлакат (Ватикан, Сан-Марино) сафига киради. Шарқий ва жанубий қисмида Аждар тоғлари қад ростлаган. Аҳолисининг 29 фоизи ОИТСга чалинганлиги сабабли бу ерда ўртача умр кўриш даражаси 37 ёшга тушиб қолган. Бу ўлканинг расмий номи — Лесото қироллиги. Пойтахти — Масеру. Уран, кўмир, асбест конлари бор. Дунёда энг йирик олмос ишлаб чиқарувчи ҳудуд. Ангор эчки юнгини ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринда.
Ҳозир интернет орқали исталган маълумотни сониялар ичида топса бўлади, бу китобга не ҳожат, дейишингиз мумкин! Аммо янглишасиз! Чунки глобал тармоқда бирор мамлакат ҳақида бу қадар кўп маълумот ягона материалга батафсил жамланмаган. Боз устига, уларни ўзбек тилида топиш ҳам мушкул.
Лазиз Раҳматовнинг китоби шу жиҳати билан ҳам қадрли. Қолаверса, унда қайси мамлакат ҳақида сўз юритилса, унинг Ўзбекистон билан муносабатлари ҳам тилга олиб ўтилади.
Австралиядан Ҳиндистонгача билмоқчимиз? Унда мана шу мўъжаз китобни ўқинг!
1 136
Шоҳрух Ботиров, ЎзА