Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари ўз фаолиятини бошлайдиган масжидларга ташриф қилдилар

Чоп этилди Iyun 6, 2020 Муфтий ҳазратлари ўз фаолиятини бошлайдиган масжидларга ташриф қилдиларda fikr bildirishni o'chirish

5 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Фарғона вилоятига ташрифлари давомида шу йил 8 июндан ўз иш фаолиятини бошлайдиган масжидлар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ташриф давомида Фарғона шаҳридаги “Уммул Қуро” жоме масжидида олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Муфтий ҳазратлари масжид имом-хатиби Холмурод Мамажонов билан суҳбат қилиб, Фарғона вилояти “яшил” ҳудуд тоифасига кириши шу ерда истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонларнинг бахти-қувончи экани, бунга шукр қилиш лозимлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, фаолияти йўлга қўйилаётган масжидларда санитария-эпидемиологик қоидаларга риоя қилиш ҳамда карантин шароитида ибодатларни адо этиш учун берилган кўрсатма ва тавсияларга амал қилиш муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.

Муфтий ҳазратлари суҳбат якунида масжид ходимлари ва жамоаси ҳаққига ҳамда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва динимиз равнақини сўраб дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати