Мақолалар

Абу Баронинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тупугидан шифо топиши

Чоп этилди Iyun 7, 2020 Абу Баронинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тупугидан шифо топишиda fikr bildirishni o'chirish

Урва (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

У Мунзир ибн Амр қиссасини ва Омир ибн Туфайлнинг ўлимини Амр ибн Умайяга эслатди.

“Биродарларингизни танийсизми?” Амр ибн Умайя: “Ҳа”, деб жавоб берди ва олдиларига бориб, уларнинг насл-насаби ҳақида сўради. “Ўзларингиздан бирор кишини топмадингизми?” деди. Урва: “Абу Бакр Сиддиқнинг мавлоси Омир ибн Фуҳайрани топмадик”, деди. Амр ибн Умайя: “У қандай одам эди?” деб сўради. Урва: “Орамиздаги энг афзал кишилардан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларида Исломни аввал қабул қилганлардан”, деб жавоб берди. Амр ибн Умайя: “Сенга унинг хабарини берайинми?” деб олдида бўлган бир кишига ишора қилди. “Бу киши унга найзани санчиб олган эди, у осмонга кўтарилиб, кўзимизга кўринмай қолди, биз уни йўқотиб қўйдик”, деди. Амр бу Омир ибн Фуҳайра эканлигини айтди. Омир ибн Фуҳайрани Килоб қавмидан Ҳайён ибн Саламий деган киши ўлдирмоқчи бўлган вақтда бу воқеа содир бўлган. Урва бу воқеани эшитиб ўрнидан туриб кетди ва Заҳҳок ибн Суфён Килобийнинг олдига бориб, эшитганларини айтиб берди. Заҳҳок ибн Суфён ҳам ўрнидан туриб: “Бу – жинларнинг иши”, деди. Шундан сўнг Заҳҳок ибн Суфён: “Бу воқеа Исломга киришимга сабаб бўлди, ҳақ динга чақирди. Мен ҳали Омир ибн Фуҳайрадек осмонга кўтарилган кишини кўрмаганман”, деди.

Заҳҳок ибн Суфён Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га мактуб ёзиб, Омир ибн Фуҳайра воқеасидан хабар берди ва Исломга кирганлигини билдирди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу воқеа, албатта, фаришталар ўз жуссаларини кўрсатиб, дунё осмонига тушганлигидир”, дедилар.

Бу қисса тўғрисида Урва бундай деди: «Абу Баро Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келди. Лубайд ибн Робиъа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га икки туяни қимматбаҳо нарсалари билан ҳадя қилиб олиб келган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен мушриклардан ҳадя қабул қилмайман”, деб рад қилдилар. Бу вақтда Абу Баронинг қорнида қаттиқ оғриқ ва беморлик бор эди, шифо истаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келиб турган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ердан бир сиқим тупроқ олиб унга туфладилар ва Абу Барога бериб: “Унга сув қўшиб, кейин оғриқ бор жойга қўйгин”, дедилар. Абу Баро бу ишни қилган эди, оғриқ тўхтаб, шифо топди»[1].

[1] Абу Нуъайм. “ад-Далоил”. – Б. 446–447.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган