Мақолалар

Саъд ибн Муознинг Ибн Ариқа ва Бани Қурайза ҳақига қилган дуосининг ижобат бўлгани

Чоп этилди Iyun 9, 2020 Саъд ибн Муознинг Ибн Ариқа ва Бани Қурайза ҳақига қилган дуосининг ижобат бўлганиda fikr bildirishni o'chirish

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:

Хандақ кунида қавмнинг ортидан кузатиб чиқдим. Аллоҳга қасам, озгина юрган эдим, ортимдан бир овоз эшитилди. Бурилиб қарасам, Саъд ибн Муозни кўрдим. Ерга ўтирдим. Унинг ёнида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Бадрда бирга бўлган, амакисининг ўғли Ҳорис ибн Авс совутини кўтариб олган, Саъднинг устида эса темирдан бўлган совут бор эди. Мен уларнинг атрофида турдим.

Саъд жуссаси катта ва узундан келган киши эди. Унинг олдида туришдан қўрқиб кетдим. У менинг олдимдан ўтиб, нималарнидир хиргойи қилар эди. Саъд ибн Муоз: “Майдонга оз қолди, агар у ерда ажал етиб, ўлим топсам, қандай яхши бўлади”, деди.

Боғ томонга озроқ юрган эдим, у ерда ҳам бир неча мусулмонларни кўрдим. Ораларида Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам бор эди. Улардан бирининг юзида ҳимоя ниқоби бўлиб, фақат кўзи кўриниб турарди.

Умар (розияллоҳу анҳу): “Нима учун бу ерга келдинг? Бирор бало етмасдан ортингга қайт”, деб, мени маломат қилаверди, ҳатто “Кошки ер ёрилиб, ичига кириб, роҳат топсам”, дедим. Юзида ниқоби бор кишининг ниқобини олган эди, у Талҳа экан. Талҳа (розияллоҳу анҳу): “Бурилиб кет, ортингга қайт деб, кўп гапирдинг. Энди кетиш ҳам, қайтиш ҳам йўқ, фақат Аллоҳ ҳузурига йўл бор”, деди. Саъд ибн Муозни Ибн Ариқа жароҳатлаган эди. Саъд ибн Муоз: “Сенинг юзингни Аллоҳ оловда куйдирсин”, деб дуо қилди. Шундан сўнг, ҳақиқатдан ҳам Ибн Ариқага шундай бўлди.

Саъд ибн Муоз Бани Қурайза ҳақида: “Аллоҳим, токи Бани Қурайза қавми бир балога йўлиққанини кўр­магунимча менга ўлим юбормагин!” деб дуо қилди. Бани Қурайза жоҳилиятда ҳаддидан ошган қавм бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ошкора душманлик қилган ва мусулмонларга кўп азият берган. Ҳақиқатан ҳам, Аллоҳ томонидан уларга бир шамол юборилди ва барчаси оғир касалликка йўлиқиб вафот этди. Улардан ҳеч нарса қолмади, ҳаммасига Аллоҳнинг ўзи кифоя қилди. Бу воқеа хусусида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Аллоҳ кофирларни дарғазаб ҳолларида қайтарди. Улар бирор яхшилик (фойда)га эришмадилар. Аллоҳ мўминларга жанг тўғрисида кифоя қилди (мўминларни жангсиз ғолиб қилди). Аллоҳ кучли ва қудратли зотдир»[1].

[1] Аҳзоб сураси. 25-оят.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган