Аёллар

ОНАИЗОР

Чоп этилди Iyun 9, 2020 ОНАИЗОРda fikr bildirishni o'chirish

Янги келин бўлиб тушган кезларимда саксон ёшдан ошган қайнона бувимиз хасталаниб, ана кетди-мана кетди бўлиб қолди. Айниқса, охирги уч кун оғир бўлди. Билинар-билинмас нафас оладилар. Ахийри томоғидан сув ҳам ўтмай қолди. Қариндош-уруғлар йиғилиб, галма-галдан тепаларида ўтириб чиқишади. Айниқса, қайнотамга зўр келди. У киши волидасининг тепасида юм-юм йиғларди. Юзини юзига қўйиб, онажон, берган сутингизга рози бўлинг, ожиз банда эканмиз, қўлимиздан ҳеч нарса келмаяпти, деб мўлтирар эди.

Тўртинчи кунга ўтар кечаси кампир секингина кўзини очди. Бунга атрофдагилар ғимиллаб қолди. Қайнотам онасининг қўлларини кафтларига олиб, силаб-сийпаб ўпиб қўйди. Кампир ўғлига, энгаш дегандек имо қилди. Ўғил, жон қулоғим сизда, деб энгашди.

­– Болам, қорнинг оч эмасми? Булар сенга овқат бердими? Қорнингни очириб юрма тағин… – дея олди аранг.

Бу онаизорнинг охирги сўзлари бўлди…

ОҲ ОНА, НАҚАДАР БУЮКСАН! ҲАТТОКИ ЎЛИМ ТЎШАГИДА ҲАМ БОЛАМ ДЕЙСАН-А, ЭҲ ОНАИЗОР…

Муниса аёл хотирасини Иномжон ХУДОЁРОВ ёзиб олди,

Бадиий безакда Акмал Нурнинг “Онаизор” асаридан фойдаланилди