Чеченистонда энди келиннинг маҳрини давлат тўлаб беради
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров пандемияда келинлари учун маҳр тўлашга молиявий имконияти бўлмаган куёвларга моддий ёрдам кўрсатишни буюрди. Республика Мусулмонлар диний бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, 207 нафар келин учун маҳр пули берилган.
“Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров топшириғига биноан турмуш қурмоқчи бўлган, аммо молиявий қийинчиликларга дучор бўлган йигитларнинг рўйхати республиканинг барча минтақаларида тузилган. Уларнинг барчаси маҳр учун 50 минг рубль олади”, дейилади Чеченистон Мусулмонлар диний бошқармаси ҳисоботида.
Шунингдек, республикада коронавирус пандемияси туфайли байрамларни ўтказиш қоидалари ўзгартирилди. Энди тўй маросимида келин-куёв машинаси ортидан фақат иккита машина юриши мумкин, тўйга фақат энг яқин қариндошлар таклиф қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Чеченистонда коронавирус пандемияси туфайли тўйлар апрель ойининг бошидан бери тақиқланган эди. 25 май куни бундай тақиқ олиб ташланди, аммо республикада тўйларда меҳмонлар сони каби баъзи чекловлар сақланиб қолмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Чеченистонда 1365 нафар аҳолига коронавирус ташхиси қўйилган, 15 киши вафот этган, 993 нафар бемор касалликдан тузалиб кетган.