Дунё янгиликлари

НАТО бош котиби Хитойнинг кучайишидан хавотирини яширмади

Чоп этилди Iyun 9, 2020 НАТО бош котиби Хитойнинг кучайишидан хавотирини яширмадиda fikr bildirishni o'chirish

Хитойнинг кучайиши, иқтисодиётининг ўсиши, фаол ташқи сиёсати келгусида НАТОнинг эътиборини тортмай қўймайди, деди Шимолий Атлантика ҳарбий ташкилоти бош котиби Енс Столтенберг. У бу гапларни душанба куни НАТОнинг 2030 йилгача ривожланиш стратегиясини тақдим этаётган чоғда айтди.
«Хитой яқин орада дунёдаги энг катта иқтисодиётга эга давлат бўлади, ҳарбий бюджети катталиги бўйича ҳам у дунёда иккинчи ўринда бормоқда. Чин мамлакати янги технологияларга, ракеталарга катта маблағ сарфламоқда. Ракеталари альянсга аъзо мамлакатлар ҳудудига етиб боради, бу давлат бизнинг киберкенгликларимизга ҳам яқинлашиб келмоқда, Арктика ва Африкада инфратузилмавий имкониятларини кенгайтирмоқда, Россия билан ҳамкорлигини тобора чуқурлаштирмоқда. Буларнинг барчасини НАТО аъзолари учун хавфсиз, деб бўлмайди. Шу сабабли ҳам, биз бунга эътиборсиз бўлмаслигимиз керак, зарур чораларни ишлаб чиқишимиз зарур», – дея изоҳ берди Столтенберг.
Унинг эслатишича, Хитойнинг кучайиши масаласи ўтган декабрда ҳам НАТО аъзоларининг Лондондаги саммитида муҳокама қилинган эди. «НАТОга аъзо мамлакатлар раҳбарлари Лондон учрашувида Хитойнинг кучайиши билан боғлиқ хавфсизлик масаласи ҳақида ўйлаш зарурлигини таъкидлашган эди. Хитойнинг иқтисодий ривожланиши ўзининг афзал томонларига ҳам эга: Унинг иқтисодий тараққиёти туфайли минтақадаги миллионлаб одамлар қашшоқликдан халос бўлмоқда. Бироқ бу ўсиш НАТО иттифоқчилари учун маълум маънода хавотир ҳам уйғотади», – дея таъкидлади бош котиб.