Дунё янгиликлари

Коронавирус Хитойда ёзда бошланганмиди?

Чоп этилди Iyun 10, 2020 Коронавирус Хитойда ёзда бошланганмиди?da fikr bildirishni o'chirish

Хитой АҚШ олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига эътироз билдирди.

Унда қайд этилишича, сунъий йўлдош тасвирлари ва Интернет қидирувларидан фойдаланган мутахассислар Уханда коронавируснинг тарқалиши 2019 йил ёзининг охирида бошланган деган хулосага келишган.

Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Чуньин Хуа маълум қилди.

Сунъий йўлдош расмларининг таҳлили шуни кўрсатдики, ёзнинг охири ва кузнинг бошида Ухандаги беш касалхонада ёнида бир йил олдингига қараганда кўпроқ машиналар тўпланган.

Масалан, Тянью касалхонасида уларнинг сони 67 фоизга ошган, яъни 2018 йил октябрда уларнинг сони 171 та бўлган бўлса, 2019 йил августда 285 тага кўпайган. Умуман олганда, касалхоналардаги автоуловлар сони август ойида кўпайишни бошлаган ва 2019 йилнинг декабрида – CОVID-19 эпидемияси бошланганида ўз чўққисига чиққан.

Шунингдек, олимлар Хитойнинг “Baidu” қидирув тизимидаги сўровлар статистикасини ҳам таҳлил қилишди. Маълум бўлишича, худди шу даврда хитойликлар йўтал ҳамда диарея ҳақида кўпроқ маълумот излашган. Агар биринчи сўров сўзини мавсумий грипп эпидемияси билан изоҳлаш мумкин бўлса, иккинчиси, олимларнинг фикрига кўра, кўпроқ коронавирус инфекцияси билан боғлиқ. Ваҳоланки, диарея ушбу хасталикнинг ўзига хос белгиси ҳисобланади.

“Сиз айтиб ўтган тадқиқотни кўрмадим, лекин агар хулосалар транспорт оқимлари ва бошқа сирт кузатувлар асосида қилинган бўлса, унда бундай хулосалар ҳақиқатдан анча узоқдир”, дейди Хуа.

У бундай хулосаларни бирон-бир фактик асоссиз чиқариш мумкин эмаслигини таъкидлади.

“Биз илм-фанни ҳурмат қилишимиз керак. Сиз бирон-бир хулосани тасдиқлаш учун асоссиз изланишлардан фойдалана олмайсиз”, деб хулоса қилган Ташқи ишлар вазирлиги вакили.