Аёл кишининг сафарига доир ҳукмлар
Аёл кишининг маҳрамсиз бирон бир сафарга чиқиши, гарчи ҳаж бўлса ҳам, мумкин (ҳалол) эмас.
Абу Саид ал-Худрий (розияллоҳу анҳу)дан:
Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган аёлнинг ёлғиз уч кун ва ундан зиёд сафарга чиқиши мумкин эмас (ҳалол эмас). Магар сафарга у билан отаси ёки акаси ёки эри ёки ўғли ёки бирон маҳрами чиқса, мумкиндир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳазрат Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан:
Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган аёл бир кеча-кундузлик узоқ масофага маҳрамсиз чиқиши ҳалол бўлмайди”, дедилар.
Бошқа бир ривоятда: “бир кунлик масофа”, дейилган.
Яна бошқа бир ривоятда: “бир кечалик масофага маҳрам кишисиз”, дейилган (Имом Молик, Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Довуд ва Ибн Хузайма ривоятида: “бир барид (масофага) сафар қилиши”[1], дейилган (бир барид ўн икки милга тенг бўлиб, 22176 м. ни ташкил этади).
«…Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир…» (Оли Имрон, 97).
Ҳадислар баёнига кўра, аёл кишининг маҳрами бўлиши оятда баён қилинган мутлақ сафарга “қодир бўлган” жумласини ўз ичига олади.
Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Сафар (қилиш) азобдан бир бўлакдир. Сизни емоқдан, ичмоқдан ва ухламоқдан маҳрум қилади…” ушбу васиятлари маъно ва мазмунига бақадри ҳол тўхталиб, бунинг асносида сафар одоблари, фазилати ва мусофирга берилган енгилликларни зикр қилиб ўтдик. Бу ҳақда келган фиқҳий ҳукмларни бир неча мўътамид фиқҳ китоблари ва замонамиз уламолари томонидан битилган нодир манбалардан фойдаланиб, аҳли сунна вал-жамоага оид тўртала мазҳаб қарашлари асосида ёритишга ҳаракат қилдик.
Ниҳояда эса, жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу муборак ҳадислари охиридаги “…Агар биронтангиз сафаридаги мақсадини амалга оширса, аҳлига (уйига) тез қайтсин”, жумласининг шарҳига бироз тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Халқимизда бир нақл бор: “Бошини йўқотган бирикмас”. Оилада раҳбар ота ҳисобланади. Агар оила раҳбари мусофирчиликда узоқ муддат қоладиган бўлса, нафақат ўзи, балки аёли ва фарзандлари ҳам машаққат исканжасида қолади. Унинг аҳли оиладагилари моддий ва маънавий изтиробни бошларидан ўтказадилар. Энг аввало, фарзандларининг қалбини ота соғинчи ўртайди. Болалар маълум муддат бўлса-да, ота меҳри ва тарбиясидан бебаҳра бўладилар. Бу эса улғайиб келаётган авлод учун жуда катта маънавий йўқотиш ҳисобланади. Моддий жиҳатдан қийинчилик эса, уларни анчайин ташвишга солиб қўяди. Шу боис ўз аҳлининг таъминоти учун дунё ва охиратда масъул ҳисобланган оила бошлиғи сафардаги муддао битиши биланоқ зудлик билан аҳли оиласи ёнига қайтмоғи лозимдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига (оиласига) яхшилик қиладиганидир. Мен аҳли оиламга яхшилик қилишда сизларнинг яхшироғингизман” (Имом Термизий ривояти).
“Ҳар бирингиз бошлиқ ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулдирсиз” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Кўпгина ҳадислар инсонни ўз аҳлига инфоқ (нафақа) қилишга тарғиб этади. Сизларга унинг баъзиларини келтирамиз.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ йўлида нафақа қилган бир диноринг, қул озодлиги учун нафақа қилган бир диноринг, мискинга нафақа қилган бир диноринг, аҳлингга нафақа қилган бир диноринг, буларнинг ажри энг улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Масъуд ал-Бадрий (розияллоҳу анҳу)дан: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар бирон киши ўз аҳли оиласига савоб умидида нафақа қилса, бу иши унинг учун садақадир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан:
Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қарамоғидаги одам ҳақини зое қилиш кишига гуноҳ жиҳатдан кифоя қилади”, дедилар.
Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг розилигига эришиш умидида нафақа қилсанг, албатта, ажр (савоб) оласан, ҳатто аёлинг оғзига солган луқма учун ҳам” (Муттафақун алайҳ).
Мазкур ҳадиси мубораклардан маълум бўлмоқдаки, ҳар бир мусулмон учун улкан савоблар ўз аҳлининг таъминотида ва уларнинг ҳолидан хабардор бўлиб турмоғидадир. Шунинг учун ҳам бизнинг диёримизда яшаб ўтган орияти кучли ва танти бўлган аждодларимиз ҳеч бир вақтда ўз оиласини қаровсиз ташлаб қўймаган. Чунки мусулмон кишилар мусофир бўлгудек бўлса ҳам, сафаридаги ҳожатини тугатгач, Аллоҳ таоло тавфиқи ва ёрдами ила Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак тавсияларини тезда ижро этади.
[1] 81Бир барид тўрт фарсахга тенг. Бир фарсах уч милга тенг. Бир мил минг қулочга тенг.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм