Менга нима!
Усмоний ҳукмдор Қонуний Султон Сулаймонни давлатни таназзулга учратувчи асосий иллат нима экани қизиқтиради?
Ушбу саволга устози Шайх Яҳё ҳазратларидан жавоб истаб, у зотга мактуб ёзади ва уни бош вазиридан бериб юборади. Вазир қайтиб келиб:
– Яҳё ҳазратлари мактубингизни ўқидилар-у, жавоб ёзмадилар, фақат бир гап айтдилар, холос, – дейди.
Султон:
– Нима дедилар? – деб сўрайди.
– «Менга нима» дейилган замон… – дедилар.
Орадан бир неча кун ўтгач Султон Сулаймон Шайхга яна бир мактуб ёзиб, иборасини кенгроқ шарҳлаб беришларини илтимос қилади.
Шайх Яҳё ҳазратлари мактубга бундай жавоб ёзади:
«Қайси бир давлатда зулм кучайса;
қатор-қатор ҳақсизликлар юз бера бошласа;
адолат оёқости қилинса ва буни кўриб турганлар «менга нима» дея сукут сақласа;
арбоблар етим-есирларнинг, бева-бечораларнинг, камбағалларнинг аҳволи билан қизиқмаса;
муҳтожларнинг оҳини тошлар эшитса-ю, одамлар эшитмаса;
амалдору уламо буларнинг барини англаб, билиб турса-ю, «менга нима» дея ўз нафси билан овора бўлса;
ҳокимлар ҳукмдорни алдаш йўлига ўтса…
Ана ўшандай давлатда фуқароларнинг ҳукуматга ишончи ва ҳурмати йўқолади. Халқда осойишталик қолмайди. Бундай давлатлар таназзулга маҳкумдир!»
Султон Сулаймон бу жавобни ўқиб, йиғлаб юборган экан…
Шайх Яҳё ҳазратларининг бу мактуби ҳозирда Истанбулдаги Тўпкапи саройи музейида сақланмоқда.
Турк тилидан Фарангис ИСОМИДДИН таржимаси