Қабр
Бир киши: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, инсонлар ичида зоҳидроғи ким?» – деди. У зот: «Қабрни ва унда чириб йўқ бўлишини эсдан чиқармаган, дунёнинг ортиқча зеб-зийнатларини тарк этган, фоний (дунё)дан боқий (охират)ни афзал кўрган, эртасини куним деб ҳисобламаган ва ўзини қабр аҳлидан деб билган кишидир”, деб жавоб қилдилар[1].
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан: «Нима сабабдан қабристонга қўшни бўлиб олдингиз?» – деб сўралганда, у киши: «Қабрда ётган қўшниларим энг яхши, ростгўй қўшнилар экан. Улар доим сукут сақлайдилар ва охиратни эслатиб турадилар», – деб жавоб берган эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен қабрдан кўра даҳшатлироқ манзарани кўрганим йўқ», – деганлар.
Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) бирор қабр олдида тўхтасалар, йиғлар, ҳатто йиғидан соқоллари ҳўл бўлиб кетар экан. Бунинг сабаби сўралганда: «Мен Расулуллоҳнинг «Қабр охиратнинг илк манзилидир. Агар маййит қабр(даги азоб)дан нажот топса, қолгани янада осон кечади, аммо нажот топа олмаса, қолгани бундан-да оғирроқ бўлади», деганларини эшитганман», деб жавоб берган эканлар. Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти. Бу ҳадис ғариб.
Имом Мужоҳид айтадилар: «Одам боласига биринчи у ётган гўр гапиради ва: «Мен қуртлар уйиман, мен ёлғизлик уйиман, мен ғурбат уйиман, мен зулмат уйиман. Сенга ҳозирлаб қўйганларим мана шулар. Сен менга нималарни ҳозирладинг?» – деб сўрайди маййитдан».
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу: «Шўрим қурийдиган кун қайси эканини сизларга айтиб берайми?» – дедилар. Одамлар: «Ҳа, айтиб беринг», – дейишди. У киши: «Қабрга қўйилиб, ўша ерда қолдирилган куним», – деган эканлар.
Молик ибн Дийнор айтадилар: «Бир куни оёқларни кўриб, уларнинг аҳволидан ибрат олай деб, қабристонга келдим. Қабрлар орасида айланиб юрар эканман, шеър ўқий бошладим:
Қабристонга кириб бир куни,
Қабр аҳлига қилдим бир нидо:
Казо-казо, мағрурлар қани?
Амалдорлар, беринг сиз садо.
Ҳақ даъвати эшитган замон,
Тазарру-ла «лаббай» деганлар.
Эшигига фақир келган он,
Закотини адо этганлар.
Қани?
Қани?
Қани?
Сўнг атрофга боқдим, қарасам, қабрлар орасида телба Баҳлул Ибн Умар ўтирибди. Самога тикилади-да, илтижо қила бошлайди, ерга қарайди-да, ундан ўзига панд-насиҳат олади, ўнг томонига боқади-да, қиқирлаб кула бошлайди, сўл томонига боқади-да, бирдан ҳўнграб юборади. Мен унга: «Ассалому алайка, йа Баҳлул», дедим. У ҳам: «Ва алайкас-салом», деди. «Ҳа, нима қилиб қабрлар орасига ўтириб олдинг?» «Э-эҳ, менга озор бермайдиган, йўғимда ортимдан ғийбат қилмайдиган яхши қавмнинг ҳузурида ўтирибман», деди у. «Қарасам, самога тикилиб, илтижо қиляпсан, ерга қараб ибрат оляпсан, ўнгга қараб кулиб, сўлга қараб йиғлаяпсан?» деб сўрадим. «Эй Молик, қачонки самога тикилсам, Аллоҳнинг:
«Осмонда эса сизларнинг ризқу рўзларингиз (яъни, ерда мўл хосил унишига сабаб бўлувчи ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (яъни, жаннат) бордир» (Зориёт сураси, 22-оят), деган сўзини эслайман. Бу оятни эшитган кимсанинг илтижо қилмоққа ҳақи бор. Ерга қарасам, Аллоҳнинг:
«Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна ундан чиқарурмиз» (Тоҳа сураси, 55-оят), деган сўзини ёдга оламан. Бу оятни эшитган кимсанинг ундан насиҳат уқмоққа ҳақи бор. Ўнг томонимга боқсам, Аллоҳ таолонинг:
«Ўнг томон эгалари… ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир. Улар тикансиз бутазорларда, тизилган хурмозорларда, ёғилган соя (ости)да, оқизиб қўйилган сув (усти)да, тугаб қолмайдиган ва ман этилмайдиган кўпдан-кўп (турли-туман) мева-чева остида, баланд кўтарилган тўшаклар (усти) дадирлар. Дарвоқе, биз уларга (оҳукўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни, улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг қудрати билан пайдо бўлдилар). Сўнг уларни ўнг томон эгалари учун (ёшда ҳам, ҳусни жамол ва қадду қоматда ҳам) бир-бирига тенг, эҳтиросли, бокира қизлар қилиб қўйдик. (Ўнг томон эгалари бўлмиш саодатманд кишилар) аввалги (умматлар)дан ҳам кўпчилик, кейингилардан (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом умматларидан) ҳам кўпчиликдир», деган сўзини ёдга оламан. Бу оятни эшитган кимсаларнинг кулмоққа хақи бор. Чап томонга боқсам, Аллоҳ таолонинг:
«Чап томон эгалари… Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик) дир. (Улар дўзахдан тинмай эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида, ва на салқин, на фойдали бўлган қора тутундан иборат «соя» (ости)дадирлар» (Воқеа сураси, 27-40 ва 41–44-оятлар), деган сўзини эсга оламан. Бу оятни эшитган кимсанинг йиғламай иложи йўқ», деб жавоб қилибди Баҳлул».
[1] Аҳмад ибнул Ҳусайн Байҳақий. “Шуъабул ийман”. “Зуҳд ва орзуни қисқа қилиш” боби. Риёз. “Мактабатур рушд”. 1-босма. 2003, 13-жуз, 143-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан