Сўраган эдингиз…
САВОЛ:
Рамазондан бошқа ойларда ҳам қазо, каффорат, нафл рўзалар тутамиз. Субҳи содиқдан кейин бирор нарса еб қўйилса, рўза дуруст бўладими?
ЖАВОБ:
Йўқ, рўза дуруст бўлмайди. Чунки рўза субҳи содиқдан то қуёш ботгунгача Аллоҳ таолога ибодат ниятида еб-ичишни, жимони тарк қилишдир (“Фатавои Ҳиндия”).
Ҳали тонг отмади, деб саҳарлик қилганида тонг отган ёки қуёш ботиб бўлди, деб оғиз очганида қуёш ботмаган бўлса, ўша кун рўзасининг қазосини тутиши лозим. Каффорат вожиб бўлмайди (“Бадоиъус саноиъ”).
САВОЛ:
Нафл рўзани бузиш билан каффорат вожиб бўладими?
ЖАВОБ:
Каффорат фақат Рамазон ойи рўзасини қасддан бузган кишига лозим бўлади. Бошқа рўзаларда, ҳатто Рамазон ойининг қазо рўзасини қасддан бузганда ҳам каффорат вожиб бўлмайди.
САВОЛ:
Зиммасида қазо рўзаси бор одам нафл рўза тутса бўладими?
ЖАВОБ:
Зиммасида Рамазоннинг қазоси бор кишининг нафл рўза тутиши макруҳ бўлмайди (“Фатавои Ҳиндия”). Аммо нафл рўза ўрнига қазо рўза тутса, нафл рўзанинг савобини ҳам олади.
САВОЛ:
Бир танишим рўза тутган киши оғзини олов тегмаган, масалан, сув, туз ва шунга ўхшаш нарсалар билан очиши керак, деб қолди. Аслида, оғизни нималар билан очиш суннат?
ЖАВОБ:
Оғизни хурмо, у бўлмаса, сув билан очиш суннат. Хурмо бўлганда оғизни бошқа нарсалар билан оғиз очиш суннатга хилофдир (“Умдатул фиқҳ”). Салмон ибн Омир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Оғиз очадиган бўлсангиз, хурмо билан очинг. Агар хурмо топа олмасангиз, сув билан очинг, чунки у сув покловчидир”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
САВОЛ:
Рўза тутган киши тиш маъжуни (пастаси) билан тишини тозаласа бўладими?
ЖАВОБ:
Рўзадор тиш маъжуни билан тишини тозалаши макруҳдир. Агар тиш маъжуни бўлаклари томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилади.
Бирор нарсани татиб кўриш макруҳ, аммо рўза очилмайди (татиб кўрган нарсасини ютиб юбормасдан, чиқариб ташлаб, тил ва оғзини чайиши керак, акс ҳолда рўзаси очилади) (“Раддул муҳтор”).
САВОЛ:
Рўза тутган аёл овқатнинг тузини татса бўладими?
ЖАВОБ:
Аёл киши баъзан овқатнинг тузини татиб кўришига тўғри келади.
Баъзан ул-бул егулик ва маҳсулотлар сотиб олишда ҳам таъмини татиб кўрмаса бўлмайди. Бундай ҳолларда, томоқдан ўтмаслик шарти билан емакнинг таъми ёки тузини татиб кўрса бўлади.
САВОЛ:
Нафл рўзалар ҳақида маълумот берсангиз.
ЖАВОБ:
Муҳаррам ойи рўзаси. Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги мартабада туради. Унда Ашуро куни бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар.
Ашуро куни рўзаси. Ашуро Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро рўзасини тутишга амр қилдилар. Яҳудий ва насронийлар ҳам Ашуро куни рўза тутишгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи куни рўза тутишга буюрганлар.
Шаъбон рўзаси. Умму Салама розийаллоҳу анҳо: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ой кетма-кет рўза тутганларини кўрмадим”, дедилар.
Шаъбоннинг ярмидаги рўза. Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло Шаъбон ойининг ярмидаги кечада жамики махлуқотларини мағфират қилади. Мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир”, деганлар.
Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким Рамазон рўзасидан кейин Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар.
Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлиги. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўзаси бир йиллик рўзага тенгдир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир”, деганлар. Лекин Зулҳижжанинг ўнинчи куни Қурбон ҳайити бўлгани учун у куни рўза тутиш жоиз эмас.
Арафотда турган ҳожидан бошқаларга Арафа куни рўзаси. Абу Қатода розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ўзидан олдинги ва ўзидан кейинги йилнинг каффорати бўлади”, дедилар.
Ҳар ойдан уч кун рўза тутиш. Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар ой да уч кун рўза тут. Чунки бир яхшилик ўн мисличадир. Бу йил давомида рўза тутиш билан баробар”, дедилар».
Ойдин кунлар рўзаси. Ойдин кунлар дегани ой тўлган кунлардир. Ой ўн уч кунлик бўлганда энг ёруғ бўлади. Демак, ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи кунлар рўза тутиш ҳақида сўз кетяпти. Пайғамбар алайҳиссалом Милҳон ибн Қайсга: “Қачон бир ойдан уч кун рўза тутадиган бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт, ўн бешни тут”, деганлар.
Душанба ва пайшанба кунлари рўзаси. Пайғамбар алайҳиссаломдан душанба ва пайшанба кунлари рўзаси ҳақида сўралди. У зот: “Ўша кунда туғилдим ва ўша кунда менга Қуръон нозил қилинди”, деганлар.
Довуд алайҳиссаломнинг рўзаси. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир кун тутиб, бир кун очинглар, бу Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир” деб, доимий рўзадан қайтарганлар.
Рўзадор нафл рўзасини бузиб юборса, ўрнига бошқа кун қазо тутиб беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Сени биродаринг меҳмонга чақирса, сен рўзангни очиб юбор ва ўрнига бошқа бир кун қазосини тутиб бер”.
Йилнинг беш кунида нафл рўза тутиш дуруст эмас. Булар: Рамазон ҳайити куни, Қурбон ҳайити ва ундан кейинги уч кун.
Толибжон НИЗОМ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан