Саломатлик

Олимлар диабетга қарши вакцинани муваффақиятли синовдан ўтказишди

Чоп этилди Iyun 15, 2020 Олимлар диабетга қарши вакцинани муваффақиятли синовдан ўтказишдиda fikr bildirishni o'chirish

Швеция ва Финляндиядан бир гуруҳ олимлар биринчи турдаги диабет ривожланишига таъсир кўрсатадиган вируслар гуруҳига қарши вакцинани ишлаб чиқди ва муваффақиятли тарзда синовдан ўтказди, деб ёзади «Korrespondent.net».

Янги вакцина энтеровируслар оиласига кирадиган Коксаки вирусининг олтита штаммидан ҳимоя қилади.

Одатда Коксаки вируси қичишиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, диарея билан кузатилади. Айрим ҳолларда вирус менингит ва миокардитни келтириб чиқаради.

«Кўплаб илмий кузатувларга кўра, Коксаки вируси биринчи турдаги диабетни ривожлантириши мумкин. Ушбу касалликда ошқозон ости бези инсулин тўқималарига аутоиммун ҳужум кузатилади», — дейилади хабарда.

Олимлар бир нечта кемирувчиларда тажрибалар ўтказди. Тажрибалар вакцина эмланган сичқонларни биринчи турдаги диабетдан ҳимоя қилганини кўрсатди. Ҳозирда олимлар гуруҳи кўнгиллилар иштирокида вакцинани инсонларда синаб кўришни режалаштирмоқда.

Агар вакцина инсонларда муваффақиятли синовдан ўтказилса, олимлар келгусида уни биринчи турдаги диабетга наслий мойиллиги бўлган болаларга нисбатан қўллашни режалаштирмоқда.