Мақолалар

Тафсир илмида муҳим манба

Чоп этилди Iyun 16, 2020 Тафсир илмида муҳим манбаda fikr bildirishni o'chirish

Милодий IX аср Мовароуннаҳр диёрида тафсир илми анча тараққий этган давр бўлди. Айниқса, ҳанафий мазҳаби асосида ёзилган тафсирлар муҳим аҳамият касб этди. Ана шундай тафсирлардан бири Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна” асаридир.

Ушбу асар ҳар томонлама мукаммал, ҳам илмий, ҳам фасоҳат жиҳатидан ажралиб туради. Асарни ўрганиш давомида Имом Мотуридийга хос бир қанча услубларни кузатиш мумкин. Шунингдек, асар ўзининг кенг қамровлилиги билан ҳам диққатга сазовор.

Муаллиф оятларнинг тафсирини оддий ўқувчи тушунадиган тарзда аниқ ва енгил қилиб тақдим этади. Уни ўқиган киши, кўпчилик тадқиқотчилар эътироф этгани каби, тафсир тўртинчи (ҳижрий ) асрда эмас, балки замонамизда ёзилган тафсир деб ўйлайди.

“Таъвилоту аҳлис сунна”нинг ўзига хос жиҳатлари:

– муаллиф ривоятларнинг санадини келтириб ўтирмайди. Баъзида ровийларнинг номини ҳам зикр қилмай, “айтилишича” ёки “дейиладики” каби сўзлар билан чекланади. Бундай услубни, асосан, замонавий тафсирларда учратиш мумкин;

– асарда оятларнинг мазмуни, эътиқодий ва фиқҳий масалалар билан бир қаторда тилшуносликка оид масалалар ҳам баён қилинади;

– баъзи ўринда оят борасидаги фикрлар келтирилиб, таҳлил қилишга ўтилади ва улардан оятнинг маъносига энг муносиби танлаб олинади;

– баъзи оятларнинг маъносини таъвил қилишда “эҳтимоли мавжуд”, “бир неча жиҳати бўлиши мумкин” каби иборалар қўлланилган.

Шунингдек, муаллиф асарда ҳадислардан фойдаланганда, кўпинча матнни тўлиқ эмас, фақат мақсадни ифода этадиган қисминигина келтириб ўтади. Тафсирда кириш қисми, сураларнинг фазилати, маккий ва маданий, носих ва мансухлиги борасида сўз юритилмайди.

“Таъвилоту аҳлис сунна”да муаллиф анъанавий тафсир услубларидан ҳам кенг фойдаланган.

Қуръон билан тафсир қилиш. Бу деярли барча муфассирлар фой даланадиган ва бирламчи асос бўлиб хизмат қиладиган услуб.

Ҳадис билан тафсир қилиш. Кўплаб ўринларда оятлар ҳадислар билан изоҳланган. Оятнинг тафсири борасида ҳам нақлий , ҳам ақлий далиллар келган бўлса, муаллиф аввал ҳадис ёки саҳобийнинг сўзи, сўнг ўзининг раъйини баён қилади.

Саҳоба ва тобеинларнинг ривояти билан тафсирлаш. Тафсирда саҳоба ва тобеинларнинг сўзларига ҳам тез-тез мурожаат қилинган. Жумладан, «Сиздан (эй Муҳаммад,) ўлжалар ҳақида сўрайдилар Айтинг: “Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир”» (Анфол сураси, 1) оятининг тафсирида бундай дейилади: Абу Умома Боҳилий айтади: «Убода ибн Сомитдан Анфол сураси ҳақида сўрадим, у: “Бу оят биз ўлжалар ҳақида ихтилоф қилганимизда нозил бўлган. Аллоҳ таоло уни бизнинг ихтиёримиздан олиб, Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга берди. У зот эса уларни тенг тақсимладилар”, деб жавоб қилди» (Ж. 6. – Б. 166).

Имом Мотуридий ўзининг тафсирида ақлий далилларга алоҳида эътибор қаратган. Масалан, бир неча маъно эҳтимоли бор бўлган оятларнинг ўша жиҳатларини зикр қилади. Жумладан, «Сўнгра уни хавфсиз жойига етказиб қўйинг!» (Тавба сураси, 6-оят) жумласи ҳақида бундай дейди: «Бу оят маъноси: ё “уни ўзининг тинч жойига қайтиб кетишидан тўсмай, тек қўйинг”, ё “уни мусулмонлар ҳимоясида ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг”, бўлиши мумкин» (Ж. 2. – Б. 384).

«Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг! Шу (билган)ларингизда, албатта, имон келтирувчи қавмлар учун аломатлар бордир» (Анъом сураси, 99-оят) оятининг тафсирида меваларнинг қачон пишиб етилиши ва қай рангда бўлиши сабабларини аниқлашдан инсонларнинг ожиз эканини таъкидлайди. Бу билан Аллоҳ таоло барча мавжудотларни бир вақтнинг ўзида қайта тирилтиришга қодирлигини билдириб қўймоқчи эканини айтиб ўтади (Ж. 2. – Б. 153).

Муҳиддин НЎЪМОНЖОНОВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан