Зиёрат
“Зиёрат” арабча сўз бўлиб, бирор ерга ёки шахс ҳузурига бориш маъносини билдиради. Одамларни бир-бирларига яқинлаштирадиган ва улар ўртасидаги муносабатнинг янада мустаҳкамланишига сабаб бўладиган омиллардан бири ўзаро зиёратдир. Кишилар муборак ҳайит ва бошқа турли байрамлар муносабати билан бир-бирларини зиёрат қилади. Сафарга кетишдан олдин кузатгани, сафардан қайтгач, ҳолидан хабар олгани, фарзандли бўлса, муборакбод этгани ёр-биродарлар зиёратга келади. Бундай чиройли урф-одатлар халқимизда жуда кўп. Улар юртимизда яшовчи бошқа миллатга мансуб кишилар ҳаётига ҳам сингиб кетган. Зиёратлар қанча холис ва самимий бўлса, шунча савоби кўп ва хайрлидир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Бир киши бошқа қишлоқда яшовчи дўстини зиёрат қилиш учун йўлга чиқди. Аллоҳ таоло унинг йўлига бир фариштани юборди. Фаришта ундан:
– Қаерга кетяпсан? – деб сўради.
– Бу қишлоқдаги биродаримни зиёрат қилишга, – деб жавоб берди киши.
– Унинг олдига бирор нарса истагида кетяпсанми? – деб сўради.
– Уни Аллоҳ таоло учун яхши кўраман, шу холос, – деди.
Фаришта унга:
– Мен Аллоҳ таолонинг фариштасиман. Сен уни яхши кўрганингдек Аллоҳ таоло ҳам сени яхши кўради, – деди”.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу муборак ҳадисларида яқинларни зиёрат қилиш нақадар фазилатли экани баён этилган. Бирор кишини Аллоҳ таоло учун самимий зиёрат қилиш ва унинг ҳолидан хабар олиш Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва розилигига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Ким бирор касални ёки Аллоҳ учун яхши кўрган дўстини зиёрат қилса, бир жарчи унга: “Сен ва босган қадамларинг нақадар яхши! Жаннатдан ўзингга жой ҳозирладинг”, деб нидо қилади», дедилар.
Касални кўриш мусулмоннинг зиммасидаги вазифаларидан биридир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) мусулмоннинг мусулмон зиммасидаги ҳақлари: учрашганда, унга салом бериш; аксирса, унинг ҳақига дуо қилиш; чақирса, жавоб бериш; касал бўлса, бориб кўриш; вафот этса, жанозасига қатнашиш ва насиҳат сўраса, тўғри насиҳат бериш эканини айтганлар.
Шунинг учун мусулмон касал бўлган яқинларини уйига, касалхонада бўлса, касалхонага бориб кўриши, ҳолидан хабар олиши керак. Касалнинг зиёратига борган кишига кўп яхшиликлар ваъда қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда бундай деганлар: “Бирор мусулмон киши касал кишини куннинг аввалида зиёрат қилса, ўша кун кеч бўлгунича етмиш минг фаришта унинг ҳақига салавот айтиб туради. Агар куннинг кечки вақтида зиёратга борса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта салавот айтиб туради”.
Зиёрат қилишнинг ҳам одоб ва шартлари бор. Зиёратчи унга амал қилиши лозим:
- Зиёрат қилувчи мезбоннинг бўш вақтини билиб, иложи бўлса, олдиндан огоҳлантириб бориши лозим.
- Ҳовлига тўғридан-тўғри кирмай, ташқарида туриб, киришга изн сўраши керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирманг! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз» (Нур, 27).
Ушбу ояти каримага кўра, бировнинг уйига рухсат сўраб кириш лозим бўлади. Оятнинг давомида, агар рухсат берилмаса, кирмай қайтиб кетиш кераклиги айтилади:
«Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирманг! Агар сизларга “қайтингиз!” дейилса, қайтиб кетаверинг! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир» (Нур, 28).
Изн сўраш ҳолатига қараб ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, қўнғироқни чалиш ёки эшикни қўли билан тақиллатиш ёки салом бериш. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) даврларида “Ассалому алайкум! Кирсам майлими?” деб изн сўралар эди. Омир қабиласидан бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дан: “Кирсам майлими?” деб изн сўраганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ходимларига: «Унинг олдига чиқ ва унга изн сўрашни ўргат. “Ассалому алайкум! Кирсам майлими”, десин», дедилар. Келган киши буни эшитди ва шундай деди, сўнг унга рухсат берилди.
- Зиёратчи эшик олдида турган вақтида ҳовли ичига кўзи тушмайдиган жойда, эшикнинг ўнг ёки чап тарафида туриши лозим. Чунки ичкарида уй эгалари унинг кўришини хоҳламаган ҳолатда бўлиши мумкин.
- Ичкаридан кимлиги ҳақида сўралса, “Мен”, деб жавоб бермай, балки исмини аниқ қилиб айтиб, ўзини танитиши керак.
- Зиёрат қилиш вақтини тўғри танлаши ва уй эгаларини ноқулай аҳволга солиб қўядиган вақтлардан эҳтиёт бўлиши даркор. Масалан, жуда эрта ёки жуда кеч зиёратга бориш ҳам одобга тўғри келмайди.
- Зиёратчи уй эгаси кўрсатган жойга ўтириши керак.
- Зиёрат давомида уй эгаларини малоллантирадиган даражада узоқ ўтирмаслиги лозим.
- Агар мезбон касал бўлса, унинг ҳақига чиройли дуолар қилиши ва кўнглини кўтарадиган гаплар билан тасалли бериши керак.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм