Мақолалар

Каломуллоҳ қиёматда шафоатчи бўлади

Чоп этилди Iyun 17, 2020 Каломуллоҳ қиёматда шафоатчи бўладиda fikr bildirishni o'chirish

Қуръон тиловати Аллоҳ таоло розилигига эришувга восита бўлади. Чунки Қуръон Аллоҳ ҳузурида ўз қорисини шафоат қилади.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: Қуръон ўқинглар! Чунки у Қиёмат кунида ўқувчилар учун шафоатчи бўлади”» (Имом Муслим ривояти).

Қуръондан озгина бўлса ҳам ёд олиш – неъмат, Аллоҳ таолонинг марҳамати. Ёшлар ҳали ҳаммаси олдинда, бемалол улгураман, деб хотиржам бўлмасин, ёши улуғлар эса энди кеч, деб умидсизликка тушмасин. Ҳаракатда баракат, қимирлаган қир ошар, деган гаплар бежизга айтилмаган. Қуръоннинг ҳаммасини бўлмаса-да, унинг маълум қисмини ёки баъзи сураларни, ҳеч бўлмаса, битта сурани ёд олишимиз мумкин. Шубҳа сиз, бу – катта бахт.

Ҳадиси шарифларда Қуръон ўқишга тарғиб қилинган. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатганларингиздир, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: Қуръон ўқийдиган мўминнинг ўхшаши утружжа кабидир. Унинг ҳиди ҳам, ўзи ҳам ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин хурмо кабидир. Унинг таъми ширин, лекин ҳиди бўлмайди. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон кабидир. Ҳиди ҳушбўй, лекин мазаси аччиқдир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ ҳанзала кабидир. Унинг ҳиди ҳам йўқ, таъми ҳам аччиқдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.)

Ҳадисда келган “утружжа” ёввойи бутасимонлар оиласига мансуб хушбўй, лимонга ўхшаш ўсимлик бўлиб, унинг меваси “цитрон” дейилади. Ҳанзала эса қовоқсимонлар оиласига мансуб, таъми аччиқ полиз экини бўлиб, унинг меваси “колоцинт” дейилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳ Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик-ҳасана ёзилади. Ҳасанага ўн баробар зиёдаси билан (ажр-мукофот берилади). Мен “Алиф, лом, мим” битта ҳарф деяётганим йўқ. Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир» (Имом Термизий ривояти).

Қуръон ёдлашда, аввало, Аллоҳдан ёрдам сўраш ва бу билан Аллоҳнинг розилигини умид қилиш лозим. Ниятнинг соф ва тўғри бўлиши бошланган ишнинг хайрли якунланишида асосий омилдир. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, амаллар ниятларга кўра эътиборлидир” деганлар (Муттафақун алайҳ).

Қуръон ёдлашга киришган киши ҳам жисмини, ҳам қалбини поклайди. Баданнинг поклиги таҳорат, ғусл, қалбнинг поклиги гуноҳ-маъсиятларга истиғфор айтиш, тавба-тазарру билан ҳосил бўлади.

Бу ишда энг муҳим нарсалардан бири Қуръон қироати ва тажвид қоидаларини пухта эгаллаган устоз-муаллимдан ёрдам олишдир. Агар мустақил ўқиб-ўрганишга тўғри келса, у ҳолда Қуръон ўқишни ўргатувчи китоблар, айниқса, видео ёки аудио форматдаги қўлланмалардан фойдаланиш тавсия этилади. Уларнинг орасида китоб билан бирга ўргатувчи аудио дисклар жойланган қўлланмалар ҳам бор. Бу Қуръонни мустақил ўрганувчи учун жуда қўл келади.

Ўрганилаётган сура ёки оятни тажвид ва тиловат қоидаларига мувофиқ ўқиш лозим. Оятнинг тўғри ўқилишини ўрганиб олгандан сўнг, уни қайта-қайта такрорлаш керак. Агар оят узун бўлса, уни бўлиб ўрганиш мумкин. Оят хотирага ўрнашгач, кейинги оятга ўтилади ва юқоридаги жараён қайтарилади. Сўнг аввалги оят кейингисига қўшиб қайтарилади ва ҳоказо.

Ёд олишдаги энг муҳим нарса бу – ўзлаштирилганларни такрорлаб туриш. Шунинг учун ёдланган оятлар то хотирада мустаҳкам ўрнашиб олгунига қадар доимо такрорлаб турилади. Шунингдек, уларни намозда ҳам ўқишга одатланиш керак. Бу услуб оятлар зеҳнга муҳрланишида катта ёрдам беради.

Ёд олинган оят-сураларни устоз ёки Қуръонни ёд олган қорига ўқиб беришни ҳам унутмаслик лозим. Бу нафақат хотирадаги Қуръонни мустаҳкамлайди, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳисобланади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойида Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга ўқиб берар эдилар.

Ёдланадиган оят-суранинг аудио тиловатини тинглаб юриш ҳам ёдлашни осонлаштирувчи омиллардандир. Бунинг учун ҳар ким ўзига ёққан қорининг тиловатини доимо эшитиб юриши керак. Ана шунда оятларни тўғри тиловат қилиш ва ёд олиш енгиллашиб бораверади. Шу тахлит оятлар, сўнг суралар зеҳнга муҳрланиб боради ва ниҳоят, Қуръон тўлиқ ёд олинади, иншоаллоҳ.

«Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан умидвордирлар. Зеро, Аллоҳ уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта, у мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)» (Фотир сураси, 29–30-оятлар).

Мулла Очилхон АҲМЕДОВ,

Чироқчи тумани

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан