Пластик картангиздан пул ўмаришлари мумкин, эҳтиёт бўлинг!
Қадимдан аждодларимиз бировнинг ҳақидан ҳазар қилишга ундаб яшашган. Ҳадисларда ҳам бошқаларнинг мулкига, пешона тери билан топган бойлигига кўз олайтирганлар қаттиқ қораланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в шундай деганлар: «Ким қаердан мол топаётганига эътибор бермаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди».
Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда кам таъминланган, оғир дардга чалинган беморларнинг яқинлари уларни даволатиш мақсадида моддий ёрдам сўраб мурожаат этиш ҳолатлари кўп учирамоқда. Хайр-саҳоватли, меҳр ва оқибатли халқимиз имконияти даражасида бошига иш тушганларга кўмак беришга ошиқади. Аммо, айрим инсофсиз ва нопок кимсалар қулай вазиятидан фойдаланиб, фирибгарлик йўли билан осон бойлик орттириш, жиноятга қўл урушдан тап тортмаяпти.
Ўзганинг ишончига кириб, қисқа вақтда фирибгарлик йўли билан мўмай даромад топиб, бошқаларни мушкул вазиятга солиб қўяётганларни фақат қоралаш мумкин. Ички ишлар вазирлиги ҳам пластик карталар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари юзасидан аҳолини огоҳликка чақираётгани бежиз эмас.
Пластик картадаги маблағларни ўмарувчи кимсалар гўёки маълум миқдордаги суммани Сизга ўтказиб бериш баҳонасида карта эгаси ишончига киради ва керакли кодни билиб олиб, пластик ҳисобидаги суммани ечиб олади ёки сохта ёрдам берувчи қиёфасига кириб, тегишли пластикка ёрдам маблағларини ўтказиб олиб, сўнг жуфтакни ростлайди.
– Юртдошларимиз орасида бу каби ҳолатларнинг содир бўлишида уларнинг молиявий саводхонлиги етишмаслигидан ва ёки коммуникацион технологиялар, қурилмаларни тўғри ва хавфсиз ишлатишни билмасликлари оқибатида юз бермоқда, – дейди Марказий банк Тўлов тизимлари департаменти директори Улуғбек Маҳмудов. Бу борада истеъмолчилар қатъий огоҳлантирилиб, банк карталаридан фойдаланишда эҳтиёткор бўлишлари доимий айтиб келинмоқда.
Ҳурматли пластик карта эгалари, қуйидагиларга доимо эътибор қаратишингизни сўрар эдик:
– Банк пластик карталарини, уларнинг пин-кодини бегона шахсларга берманг.
– cvv ёки cvc махсус кодларини, банк пластик картасининг ҳисобрақамини, шунингдек, карта рақами ва амал қилиш муддатларини бошқаларга маълум қилманг.
– Банк пластик картасини банкдан олганда махфий калит сўз рўйхатга олинган бўлса, ушбу калит сўзни ошкор этманг.
– Бир нечта банк пластик карталарига эга бўлинган ҳолда уларнинг пин-кодларини бошқаларидан фарқли қилиб ўрнатинг;
– Савдо нуқталари атрофдаги бегона шахслар орасида карта пин-кодини маълум қилманг ва тўлов терминалларига пин-кодни шахсан киритинг.
– Банкоматлар, тўлов шохобчаларидан фойдаланилганда картани қўйиш, пин-кодни киритиш қурилмалари олдидан шубҳали қопламалар (скимминг қурилмалари) мавжуд эмаслигини текширинг.
– Масофадан туриб интернет тармоғи орқали мобил дастурий иловалар ёрдамида электрон тўловларни ёки пул ўтказмаларини амалга ошириш давомида тўлов амалиётини тасдиқловчи махсус кодни ошкор этманг.
– Интернет тармоғи орқали электрон тўловларни бегона компьютер ва мобил қурилмалар орқали ўтказманг (бунда карта ҳақидаги маълумотлар ҳамда рўйхатдан ўтиш учун зарур логин ва пароллар ушбу қурилмаларда сақланиб қолиш хавфи мавжуд);
– Шубҳали бўлган, ишончлилиги тасдиқланмаган интернет сайтларида, шунингдек ютуқли акцияларда банк пластик карталари тўғрисидаги маълумотларни қўллаб пул ўтказмаларини амалга оширманг.
– Интернет тармоғи орқали электрон почта ёки ижтимоий тармоқлардан банк пластик картаси тўғрисидаги махфий маълумотларни жўнатманг;
– Телефон орқали банк соҳаси мутахассиси сифатида ўзини таништириб турли сабаблар асосида карта тўғрисидаги конфиденциал маълумотларни сўраган шахсларга уларни ошкор этманг ва бу ҳақида банкка зудлик билан мурожаат қилинг.
– Банк пластик картаси учун СМС-хабарнома хизматини бегона шахслар телефон рақамига уламанг.
Ва албатта, турли ёрдам акцияларига пул ўтказиш чоғида унинг ҳақиқатдан ҳам манзилига етиб боришига кўзингиз етмаса, танимаган-билмаган одамларга ишонманг.
Ҳурматли истеъмолчи, бу кўрсатмаларга амал қилиб, ўз меҳнатингиз асосида топган бойлигингизни кўз қорачиғидай асранг ва фирибгарлар тузоғида тушиб қолмаслик учун аввало ўз ҳушёрлигингизни оширинг.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот бўлими