Мақолалар

Қабрларни зиёрат қилиш

Чоп этилди Iyun 19, 2020 Қабрларни зиёрат қилишda fikr bildirishni o'chirish

Муқаддас динимиз вафот этиб кетган ота-оналаримизни, яқин қариндошларимизни, устозларимизни ҳамда дўсту ёронларимизни эслаб, уларнинг ҳақларига дуойи хайрлар қилиб туришни буюради. Марҳумларга қилган дуоларимиз, садақа ва эҳсонларимиз савоби етади. Уларнинг яхши сифатларини ва ўрнак бўладиган жи­ҳатларини гапириб, инсонийлик юзасидан қилиб қўйган баъзи камчиликларини гапирмаслик мусулмонларнинг бир-бирларига бўл­ган ҳурматлари ифодасидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) биз умматларига ўтганларнинг яхши сифатларини эслаб, ёмонликларини гапирмасликни тавсия қилганлар.

Қуръони каримнинг Ҳашр сурасида марҳумларга қандай му­носабатда бўлиш баён қилинган:

«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтур: “Эй Рабби­миз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганлар­ни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотлар­га нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли Зотдирсан(Ҳашр, 10)

Ояти кариманинг тафсири:

“Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни мағфират этгин. Аллоҳ таоло бу каломи билан фақат ўзимизни эмас, балки бир-биримиз­ни ўйлашимизни, ўзаро яхшилик қилишимизни буюради. Шундай экан, яратган Зотдан гуноҳларимизни кечиришини сўрайверсак, Аллоҳ таоло меҳрибон Зот, гуноҳларимизни кечиради ҳамда юр­ти­мизни тинч ва осойишта қилади.

“…ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират эт­гин”. Мусулмонларнинг бирдан-бир орзуси дунёдан имон билан кетишдир. Шунинг учун ҳам бир-биримизга яхшилик қиламиз, савоб ишларни кўпайтирамиз, гуноҳ ишлардан қочамиз. Ибодат­га машғул бўламиз. Жамиятимизнинг равнақи учун курашамиз. Имонсиз кишидан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Имонли киши фақат эзгу ишларда иштирок этади. Шу сабабдан ҳам биз, имон билан ўтганларни мағфират қил, деб сўраймиз.

“…ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин”. Бу сўзлардан нима англадингиз? Имон келтирганлар кимлар? Албатта, имон келтирганлар – сизу биз му­сулмон бандалар. Ота-онамиз, ака-укамиз, опа-синглимиз, қав­му қариндошимиз, маҳалламизда, туманимизда, бутун Ўзбекис­тонимизда, қолаверса, бутун дунёда истиқомат қилаётган мўмин-мусулмон биродарларимиз. Имонли кишилар бир-бирлари билан гап талашиб, жанжал қилишлари, қўлига қурол олиб қон тўкишлари у ёқда турсин, қалбида бир мусулмонга нисбатан гина ва ҳасад­нинг бўлмаслигини Аллоҳдан сўраши керак. Бу дунё ўткинчидир. Шундай экан, умримиз борича бир-биримизга яхшилик қилайлик.

 “Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли Зот­дирсан!” Аллоҳ таоло бандаларига ота-онадан ҳам меҳрибон ва раҳмлидир. Қайси банда бошқаларга меҳрибон бўлса, Аллоҳ таоло ўша бандасига раҳм қилади.

Халқимизда “Олтин олма, дуо ол”, деган нақл бор. Бир-би­римизнинг ҳақимизга, хоссатан, вафот этиб кетганларимизга кўпроқ дуо қилайлик.

Ўтганларни эслаш, уларнинг қабрларини зиёрат қилиш ўлимни, қабр ва охират ҳолатларини эслатади. Бир-биримиздаги ҳақларни адо этишимиз ва охиратни эслаб туришимиз учун Пайғамбари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз умматларга тавсия қилиб: “Қабрларни зиёрат қилинг. Бу охиратни эслатади”, дея марҳамат қилганлар».

Қабрлар зиёратидан Аллоҳ таолонинг розилигини, қалбни ис­лоҳ этишни қасд қилиш керак. Қабрларни зиёрат қилган инсон­нинг қалби юмшайди, ўлимни ва охиратни эслайди. Маҳшардаги ҳи­соб-китобни ўйлаган киши, ким бўлишидан қатъи назар, қилган ёмонликларига пушаймон бўлади. Қолган ҳаёти хусусида жиддий ўйлайди, ёмонликлардан ўзини тияди, савобли ва хайрли ишлар қилишга интилади. Қабрларни зиёрат қилиш душманчилик, наф­рат, гина-кудурат каби салбий ҳолатларнинг йўқолишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, у (қабр)ни зиёрат қилишда эслатма бор”, деб айтганлар.

Ўтганларни ҳурмат билан ёдлаш қон-қонимизга сингиб кетган. Бундай ҳурмат намунасини, мисол тариқасида, буюк бобомиз Амир Темур қилган ишларда кўришимиз мумкин. Соҳибқирон Амир Темур Аҳмад Яссавий ва Қаффол Шоший каби улуғ зотларнинг қабрлари топталиши олдини олиш мақсадида мақба­ралар қурдирган.

Айни пайтда, ушбу ҳурматнинг узвий давомини эса муҳтарам биринчи Президентимизнинг маданиятимиз ва миллий маънавиятимизни қайта тиклаб, асл ҳолига қайтариш борасида олиб борилаётган ишлар бошида ўзлари турганлигида кўрамиз. У киши истиқлолимизнинг илк давридан бошлаб дунё маданияти хазинаси ва муқаддас динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ал­ломаларимиз мақбараларини қайта қуриб-тиклаш, таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бунга мисол сифатида Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдулхолиқ Ғиждувоний мажмуалари ҳамда Тош­кент­даги Муҳаммад Қаффол Шоший мақбараси қайтадан тик­ланга­нини эслаб ўтиш кифоя қилади.

Ҳар қандай инсонни қадрлаб, ҳурматини ўз ўрнига қўядиган доно халқимиз хотирани муқаддас туйғу деб билади. Биринчи Президентимизнинг ташаббуслари билан мустамлакачилик даврида Ватанимиз истиқлоли учун жонбозлик қилиб, оқибатда қатағон қур­бонлари бўлган аждодларимизнинг ҳурмати ва хотирасини жойи­га қўйиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудлари­да хоти­ра майдонлари барпо этилди. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўл­ган юртдошларимиз хотираси учун 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади. Айни ушбу кун ва бошқа байрам кун­ла­ри арафасида умумхалқ ҳашарлари уюштирилиб, маҳаллалар, кў­чалар ва майдонлар тартибга келтирилиши билан бир қатор­да қабристонлар ҳам обод қилиниб, дов-дарахт­лар ўтқазилади.

Динимизда қабрларни зиёрат қилиш мандуб, яъни, тарғиб қилинган амал ҳисобланади. Лекин зиёрат қилиш асносида қабр­ларни беҳуда топташ, улардан ёрдам талаб қилиб, бирор нар­са сўраш, қабрни силаш, ўпиш ва тавоф қилиш, чироқ ёқиш, да­рахтларга ип боғлаш каби бидъат амалларни бажариб, савоб олиш ўрнига гуноҳга қолишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки булар­нинг барчаси бошқа дин вакилларининг одатларидан ҳисобла­нади. Шу боис зиёратгоҳларга мутасаддиларимиз ва имом-хатиб­лари­миз бу ишлар Исломга зид эканини доимо уқтириб бориш­лари за­рур. Зеро, Ислом динимизда фақат Ҳажарул асвад (Қора тош) ўпилади ва Каъбадан бошқа жой тавоф қилинмайди.

Маълумки, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Исломга чақириш­нинг илк босқичларида саҳобаларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдилар. Чунки бу пайтда қабристонларга боғлиқ хунук ҳолатлар ва бемаъни гап-сўзларни одат қилиб олинган жоҳили­ятдан энди чиқилган эди….

Яъни, Исломдан аввал араблар қабр тепасига бут-санамла­ри­ни ўрнатиб, қабрларни ўзлари учун ибодатгоҳ қилиб олган эди. Ўтиб кетган ота-боболарининг қабрлари устида туриб олиб, улар­нинг қилган ишлари хусусида беҳуда фахрланиб, улар ҳақида бе­маъ­ни шеърлар ўқишар эди. Қабр эгаларидан ёрдам талаб қи­лиш ҳо­латлари жуда кўп учрар эди. Гоҳида сабрсизлик қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳукмига норозиликларини ҳам айтишар ва нати­жа­да, Аллоҳ таолога ширк келтириш ҳолатлари вужудга келиб қо­лар эди.

Бир муддат ўтиб, саҳобалар қабрларни зиёрат қилиш билан боғлиқ шаръий одобларни таълим олишгач, Пайғамбари­миз (алай­ҳиссалом) уларни зиёратга буюрдилар. Имом Шофиъий ва Аҳмад (раҳимаҳумаллоҳ) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алай­ҳис­са­лом): “Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Ёмон гапларни га­пир­манглар”, деб марҳамат қилганлар».

Жумҳур уламоларимиз қабрларни зиёрат қилиш мандуб эка­нини шу каби ҳадислардан олган. Ёмон гаплардан мурод, зиёрат асносида Аллоҳ таолога ширк келтиришга сабаб бўладиган гап­ларни гапиришдир.

Ибн Ҳазм каби баъзи уламолар ушбу ҳадислардан буйруқ маъноси келиб чиқишини эътиборга олиб, киши умрида бир мар­та бўлса-да, қабрларни зиёрат қилиши вожиблигини айтган.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам оғир кун­ларда ўзларига елкадош бўлган саҳобаларнинг қабрларини зиёрат қилиш мақсадида “Бақиъ” қабристонига тез-тез бориб турар эди­лар. Сиддиқа Ойша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда бун­дай дейилади: “Мен бир куни кечқурун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)ни ўз ўринлари­да тополмадим. Бошқа аёлларининг ол­дига кетган бўлсалар ке­рак, деб ўйладим. Ортларидан қидириб чиқ­дим. У зот “Бақиъ” қаб­ристонига бориб, саҳобаларнинг ҳақ­ла­рига дуо қилаётган экан­лар”. Бу каби ҳолатлар Пайғамбари­миз (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотлари яқинлашган кунларда кўпроқ содир бўлга­ни ривоят қилинган.

Қабрлар зиёрати ҳақида сўз юритилганида аёлларнинг қабр­ларни зиёрат қилишлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш шарт деб ўйлаймиз. Ушбу мавзу борасида келган ҳадислар ва бунга боғлиқ далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламолар аёллар қабрларни зиёрат қилишлари жоиз, деган хулосани айтишган. Лекин уларда авратларини ёпиш, тавозелик, охират ишини эслаш, қабрда бў­ладиган ҳолатлардан ибрат олиш, қаттиқ овоз чиқариб йиғи-сиғи қилиб, юзларига урмаслик, ёқаларини йиртмаслик ва ёмон гап­ларни гапирмаслик ҳамда агар зиёрат жойи узоқда бўлса, ёш ёки ёши улуғ бўлишидан қатъи назар, аёлга бирор маҳрами ҳамроҳ­лик қилиши талаб этилади.

Аёллар қабрларни зиёрат қилиш асносида юқорида айтиб ўтганимиз каби Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишлар­ни содир этсалар, уларга зиёрат қилиш мумкин бўлмайди. Шари­атимиздаги “Келиб чиқадиган ёмонликлар олдини олиш кути­лаётган манфаатдан олдин туради” деган муқаррар қоидани унут­маслик лозим.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънат­ла­дилар”, деган ҳадис ривоят қилинган. Уламоларимиз бу каби ҳа­дисларда динимиз кўрсатмаларига ва зиёрат одобларига риоя қил­маган аёллар назарда тутилган, дейишади. Чунки сабр­сиз­лик, ёқаларини йиртиш, юзларини тирнаш каби хунук ҳолат­лар улар­нинг одатлари бўлиб, бу нарсалар кўпинча содир бў­либ қо­лади. Албатта, бу каби бидъатлар олдини олиб, аёллар ўрта­си­да кенг қамровли тўғри тушунтириш ишларини олиб боришда идо­рамизнинг “Хотин-қизлар” бўлими ва жойлардаги вакилала­ри­миз тинимсиз меҳнат қилмоқдалар.

Динимизда қабрлар бошида қаттиқ овоз чиқармасдан, Аллоҳ таолога шикоят қилмасдан йиғлашга рухсат берилади. Зеро, ва­фот этган яқинини, айниқса, ота-онаси қабрини зиёрат қилган ҳар қандай кишининг қалби юмшаб, беихтиёр кўзига ёш келади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га оналарининг қаб­рини зиёрат қилишга Аллоҳ таоло изн берганида, бориб зиё­рат қил­ганлар. Қабрлари тепасида йиғлаганлар. Умар (розиялло­ҳу ан­ҳу): “Сизни нима йиғлатди, Расулуллоҳ?” деб сўраганида, Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзанднинг онасига бў­лади­ган меҳрибонлиги йиғлатди”, деб жавоб берганлар.

Қабрларни пайшанба ёки жума кунлари зиёрат қилиш афзал дейилган бўлса-да, лекин уламоларимиз хоҳлаган куни зиёрат қи­лиш мумкин эканини айтишган. Чунки инсон, юқорида айтга­нимиздек, ўтганларни хотирлаб, қабрларни зиёрат қилиш асноси­да савобга эга бўлиш билан бирга, ўзи учун панд-насиҳат ҳам олади. Савоб ёки насиҳат олиш учун бирор кунни тайинлашнинг аҳамия­ти йўқ. Фақат бу ўринда бир нарсага огоҳ бўлиш зарур. У ҳам бўлса, Аллоҳ таоло биз мусулмонларга байрам сифатида берилган икки ҳайит кунларида хурсандчилик қилиш ўрнига, қабристонларга бориб, йиғи-сиғи қилиб, кайфиятимизни туширишимиздир. Бу халқимизга одат бўлиб қолгани ниҳоятда ачинарли. Бундай ҳо­латга динимизда “бидъат”, яъни, асл динимизда бўлмасдан, кейин пайдо қилинган амал деб қаралади. Шайтон инсонлар ичида дин­да мавжуд бўлган бирор суннатга амал қилишни йўқ қилмоқчи бўл­са, унинг ўрнига динда бўлмаган бирор бидъатни гўё Аллоҳ таоло­га ибодат қилинадиган амал сифатида кўрсатиб қўяр экан. Ҳайит кунлари қабрларни зиёрат қилиш энг катта яхшиликлардан деб ўйлаш шайтоннинг инсонларга қилган найрангларидандир.

Қабрларни зиёрат қилиш борасида зикр этиб ўтилган умумий фикр ва мулоҳазалардан кейин зиёрат қилиш тартиб ва одоблари ҳақида қуйидаги хулосани айтиш мумкин:

  1. Зиёратчининг қабр зиёратига Аллоҳ таолонинг рози­лигини тилаб, тавозе билан бориши. Динимизда буюрилган ҳар бир амалда ниятнинг тўғри бўлиши муҳим.
  2. Қабристонга етганида қабр аҳлига салом бериб кири­ши. Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилин­ган дуо ва саломлар қуйидагилар:

“Ассалому алайкум, мўминлар ва муслимлар диёри аҳллари. Албатта, биз ҳам иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Сизлар биздан олдин келгансизлар ва биз сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз” (Имом Аҳмад ва Насоий ривояти).

“Ассалому алайкум, эй қабр аҳли. Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам мағфират қилсин. Сиз олдин келганларимизсиз, биз ҳам сизлар­га қў­шиламиз”(Имом Термизий ривояти).

“Ассалому алайкум, мўминлар диёри. Сизлар биздан олдин бориб тайёрлаб турувчисиз. Биз ҳам сизларга қўшиламиз. Ё Аллоҳ, уларнинг ажридан бизларни маҳрум қилма. Ва улардан кейин бизларни фитнага қолдирма”(Ибн Можа ривояти).

  1. Зиёрат қилмоқчи бўлган қабрга яқин келганида маййит­нинг оёқ томонидан бориб, юзмаюз ўтириши. Зеро, инсон дунёда вафот этган кишиси билан қанчалик яқин бўлиб, юзма-юз ўтирган бўлса, вафотидан кейин ҳам ана шундай муносабатда бў­лиши тавсия қилинади.
  2. Қуръондан билган сураларидан ўқиши. Маъқал ибн Ясар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўликларингизга Ёсин (сураси)ни ўқинглар”, деб марҳамат қилганлар». Бошқа ривоятларда Мулк су­раси қабр азобидан нажот берувчи экани айтилган. Шу сабабли ҳам бизнинг юртларда маййитни дафн қилгач, Мулк сурасини ўқиш одат бўлиб қолган.
  3. Ўзи ва бошқа барча ўтганларга дуо қилиб, истиғфор сў­раши. Бир-бирларини хайрли дуо қилиш мусулмонларга хос фазилатдир. Истиғфор, яъни гуноҳларнинг кечирилишини сўраш­да, аввало, ўзидан бошлаб, сўнг бошқалар ҳақига ҳам ушбу ти­лак­ни тилаш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳ таоло ўргатган одоблардандир:

 «(Эй Муҳаммад)… ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг(Муҳам­мад, 19). Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га амри биз умматларга ҳам тегишлидир. Демак, дуою ис­тиғфорларимизда фақат ўзимиз билан чекланиб қолмасдан, бош­қаларни ҳам эслашимиз вожиб бўлади.

Тиловат қилишда қабрга қараб ўтирса-да, дуода қиблага юз­ланиб ўтиради. Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабристонга келганларида қиблага қараб ўтирганларини ва ўзлари ҳам у зотга эргашиб, қиблага қараб ўтирганларини ривоят қилган.

  1.  Қабрни силаш, ўпиш, атрофида айланиш ва ҳожатини қабрда ётган кишидан сўраш каби бидъатлардан сақлани­ши. Бу каби ишлар, юқорида айтиб ўтганимиздек, мусулмонлар­га ёт одатлардир. Мусулмон ҳар бир ҳожатини Аллоҳ таолодан сўрайди.
  2.  Қаттиқ бақириб гапириш, кулиш каби одобга тўғри келмайдиган ишлардан сақланиши. Пайғамбаримиз (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло тўрт нарсани сизлар учун ёмон кўради:
  3. Намозда ортиқча ишлар билан шуғулланиш.
  4. Қироатда лағв қилиш.
  5. Рўзада ёмон сўз ва амаллар билан машғул бўлиш.
  6. Қабристонда кулиш”.
    Қабристонда кулиш, одобсизлик қилиш ҳар қандай кишини ранжитади.

    Аллоҳ таоло барчаларимизни эшитган ва кўрган нарса­ла­римиздан ибрат оладиган ва ҳаётимизни Ўзи рози бўладиган тарз­да ўтказадиган бандаларидан қилсин.

  7. Қабрларни топтамаслиги, қабр устига ўтирмаслиги.Қабрларни босиш қабр эгасига азият етказиш бўлади. Саҳобалар­дан Амр ибн Ҳазм бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) қабр устида ёнбошлаб ўтирганимни кўриб: “Қабр устидан туш, қабр эгасига азият берма”, дедилар»
  8. Қабр зиёратидан панд-насиҳат ва эслатма олиб қайти­ши. Бу тўғрида юқорида айтганларимиз етарли деб ўйлаймиз. Зеро, қабрларни зиёрат қилишдан кўзланган мақсад айни мана шу, яъни эслатма олиш ва ўзининг ҳам бошига тушадиган ушбу кунга ҳозирлик кўришдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни эшитган ва кўрган нарса­ла­римиздан ибрат оладиган ва ҳаётимизни Ўзи рози бўладиган тарз­да ўтказадиган бандаларидан қилсин.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм