Мақолалар

Мусибатни енгиллаштирайлик!

Чоп этилди Iyun 20, 2020 Мусибатни енгиллаштирайлик!da fikr bildirishni o'chirish

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил 11-сонида босилган “Таъзияхонами ёки ғийбатхона?” мақоласи муаллифи жуда муҳим, жиддий мавзуда фикр юритган. Чунки ҳаётий кузатишлардан биламизки, шаҳар ва қишлоқларда мотам маросимлари билан боғлиқ муаммолар оз эмас. Марҳум олдидаги бурчини бажариш учун бориб, ўзи билиб-билмаган ҳолда кераксиз, ўринсиз сўзларни гапириб ўтирадиган, ҳатто ғийбат бошлайдиганлар ва уларга қўшилиб кетадиганлар ҳам учрайди.

Таъзияхоналарни ғийбатхонага айлантириб қўяётган – ўзимиз. Чунки айрим фаоллар, ҳатто ўқимишли кишилар ҳам бидъату хурофотларга эътиборсиз қараб келмоқдалар. Масалан, қишлоғимизда кимдир вафот этса, таъзияхонага қўшнилардан бири пул йиғувчи қилиб тайинланади. Жанозага келганлар эшик олдида турган ўша одамга пул бериб, ичкарига кирадилар. Бу манзара худди бирор томошага пул тўлаб киришга ўхшайди. Жанозада қатнашолмаган, эртасига таъзия билдириш учун келганлардан ҳам худди шу тарзда пул йиғиб олинади. Баъзан чўнтак кавлаб қолган кишилар йиғилганлар орасида мулзам бўладилар.

Туманимиз бош имом-хатиби бу салбий ҳолатга чек қўйиш учун анча саъй-ҳаракат қилди. Бироқ баъзи қишлоқларимизда бу каби номақбул ишлар яширинча давом этяпти. 

Бизнингча, мусибатхонадагиларга бу тарзда ёрдам бериш ўрнига, шу оилада тежамкорликни йўлга қўйиш, яъни сарфчиқимни камайтириш керак. Масалан, жаноза куни камида юздан ортиқ курси ижарага олиб келинади. Ҳар бир стул учун икки минг сўм ижара пули тўланса, уч кунда олти юз минг сўм бўлади. Агар қатъий маслаҳат асосида одамлар таъзияхонада беш дақиқадан кўп ўтиришмаса, шунча стулнинг кераги бўлмайди. Ўз-ўзидан олдиқочди, ғийбатлар ҳам барҳам топади.

Бизда одатда уч ёки беш кундан сўнг эҳсон оши берилади. Албатта қўй сўйилади. Саксон–юз нафар одамга дастурхон ёзилади. Шароити, имконияти қандай бўлишидан қатъи назар, азадор хонадонда маросим ўтказилади. Мусибатзадаларни ташвишга қўймай, аҳволини оғирлаштирмай, ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатсин, десангиз, “Бир одам ўлиб кетди-ю, ҳурмати жойига қўйилмайдими?” дейдиганлар топилади. Бу маросимни ихчамлаштириш ёки қариндошлар йиғилиб, Қуръон тиловати, дуолар билан марҳум руҳини шод этиш афзал эмасми, ахир.

Айниқса, аёллар бунақа маросимларга ҳаддан зиёд сарф-харажат қилиб юборадилар. Улар етим ва фақирлар ҳақидан қўрқмасдан, таъзияга келган хотин-халажга латта-путта улашадилар. Бунга чек қўйиш керак. Чунки маросимлардан маййитга заррача наф тегмайди. Ҳаммаси хўжакўрсинга. Таъзияхонага шунчаки ўзимизни кўрсатиш ёки кимдандир уялганимиз учун келмаслигимиз, азадорлар ҳам бошқалардан ажралиб қолмаслиги учун “йўқни йўндириш”га уринмаслиги керак. Издиҳом пайтида тамаки тутатиш, нос чекиш кибр, одобсизлик белгисидир.

Мухторжон МАҲКАМОВ

Фарғона вилояти Бешариқ тумани Қият қишлоғи

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан