Ўзбекистон янгиликлари

Айдаркўлда кемаларнинг аҳволи қандай?

Чоп этилди Iyun 21, 2020 Айдаркўлда кемаларнинг аҳволи қандай?da fikr bildirishni o'chirish

Айдар-Арнасой кўллар тизими – Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудидаги кўллар бўлиб, Қизилқум чўли шарқи, Чордара сув омборидан жануби-ғарбда жойлашган Айдаркўл, Тузкон ва Шарқий Арнасой кўлларини ўз ичига олади.
Ўзбекистонда ички туризмни тиклаш ва ривожлантиришда Айдар-Арнасой кўллар тизими кўплаб янги лойиҳаларни амалга ошириш учун истиқболли ҳудуд ҳисобланади. Ёз мавсумида Айдаркўл қирғоқлари дам олувчилар билан тўлиб тошади. Балиқ мавсумида эса бу ерда кўплаб кичик ҳажмли кемаларни учратиш мумкин.
Ўз навбатида, сув ҳавзасида турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш, фуқаролар ва кемаларнинг хавфсиз сузишини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан сув йўлларининг ҳолати доимий назорат остига олинган. Ходимлар томонидан сув транспортлари белгиланган муддатларда тегишли техник кўриклардан ўтказилиб, созлиги мунтазам равишда текшириб турилади. Фавқулодда вазиятлар​ вазирлиги хабарига кўра, жорий йилда ҳам 738 та дарё транспорт воситаси рўйхатга олиниб, шундан 102 таси техник кўрикдан ўтказилди.
Хабарда қайд этилишича, дастлабки техник кўрикдан ўтказишда кемаларнинг юк кўтариш қобилияти ва йўловчилар сиғими, двигатель сони ва рухсат этилган қуввати, елканларнинг рухсат этилган майдони, сузиш жойи (қирғоқдан узоқлашиш), кемалар сузиши мумкин бўлган тўлқин баландлиги, сув усти борти, сувга ботиши, қутқарув воситалари ва ўт ўчиргич, сигнал чироқлари ва навигация ускуналари назоратдан ўтказилди. Кўрик натижалари бўйича ўрнатилган тартибда далолатнома расмийлаштирилди ва бир нусхаси кема эгаларига берилди.
Бу каби профилактик ва техник тадбирлар орқали сув ҳавзасида носоз кемалар ҳаракатланишини чеклаб, рўй бериши мумкин бўлган турли фавқулодда вазиятларнинг олди олинмоқда.
ЎзА