Оила

Фарзанд доимо ота-онага ширин сўзларни айтиши вожибдир

Чоп этилди Iyun 21, 2020 Фарзанд доимо ота-онага ширин сўзларни айтиши вожибдирda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзанд ўз волидини қул ҳолида кўриб, сотиб олиб, озод қилсагина уни (ҳаққини) адо этган бўлади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Ота‑онанинг фарзанд учун қилган меҳнатларини мукофотлаш, уларнинг ҳаққини адо қилиш жуда қийин иш эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Фарзанд бу дунёда ҳар қанча уринса ҳам, бу ишни бажариб, охирига етказа олиши қийин.

Мабодо, ота ёки она бировнинг қўлида қул ёки чўри бўлиб турган бўлса-ю, фарзанд уларни эгасидан сотиб олиб, қулликдан озод қилсагина, мазкур ҳақни адо қилди, дейиш жоиз экан.

Қуръони Карим ва Суннатдан ота‑онага яхшилик қилиш борасидаги баъзи далилларни умумий тарзда келтирганимиздан кейин фарзанднинг ота‑онага қилиши лозим бўлган яхшиликлари ҳақида алоҳида тарзда ҳам қисқача сўз юритамиз.

Ота‑онага яхшилик қилиш борасидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб, таҳлил қилган уламоларимиз бу амал, жумладан, қуйидагилар ила юзага келишини айтганлар:

1. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири уларга берган неъматлари учун Аллоҳ таолога шукр қилишдир.

Аллоҳ таоло «Аҳқоф» сурасида марҳамат қилади:

«Биз инсонни ота‑онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи у вояга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим, Ўзинг менга ва ота‑онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ амал қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман», – деди» (15‑оят).

Ҳар бир инсон учун унга Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш энг муҳим ишдир. Бу ояти каримада «Роббим, Ўзинг менга ва ота‑онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин» деган жумлага биноан, банда ўзига берилган неъматлар билан бирга, ота‑онасига берилган неъматларга ҳам шукр қилиб туриши ота‑онасига қиладиган яхшиликларидан бири экани англанади.

2. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиш турларидан бири уларнинг кўрсатган иноятларига шукр қилишдир.

Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Менга ва ота‑онангга шукр қилгин ва қайтиш фақат Менгадир» (14‑оят).

Фарзанд ота‑онасига уни туққани, боққанлари, таълим ва тарбия берганлари ҳамда бошқа яхшиликлари учун ташаккурда бўлиши зарур.

3. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири ота-онани жеркимаслик ва уларга «уфф» ҳам демасликдир.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

«…уларга «уфф» дема, уларни жеркима ва уларга яхши сўз айт!» («Исро» 23‑оят)

Фарзанд ота‑онасига бир оғиз ёқимсиз сўз айтмаслиги керак. Ота‑онага озор етмаслиги йўлида уларнинг олдида ўзининг ғами борлигини билдирувчи «уфф» деган овозни ҳам чиқармаслиги керак. Ота‑онага қўпол ҳаракат ҳам қилмаслик лозим. Уларнинг юзларига тик қараб ҳам бўлмайди. Уларга фарзанд доимо мулойимлик билан ширин сўзларни айтиши вожибдир.

«Бахтиёр оила» китобидан

islom.uz