Мақолалар

Неъматларнинг энг улуғи

Чоп этилди Iyun 24, 2020 Неъматларнинг энг улуғиda fikr bildirishni o'chirish

Инсонларга тинчлик, осойишталикдан кўра улуғ ва азизроқ неъмат йўқ. Зеро, урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар якунига етмай қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-ҳаловат, турмушидан ором-фароғат кўтарилади. Зеро, Аллоҳ таоло бу ишларга алоҳида диққат-эътиборли бўлишимизни чорлаб, шундай марҳамат қилади: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро сураси, 83-оят).

Оиласида нотинчлик бўлган кишининг хаёли паришон, фикри тарқоқ бўлиб, режалаштирган ишларини бажаришга қўли бормайди, фикру зикри бетоб фарзанди ёки оиласида бўлади. Оиласи тинч, саломатлик бўлса, кўнгли хотиржам тортади, маъюслиги кетиб, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланиш, уларни келажак ҳаётга тайёрлаш билан шуғулланишга имконият қидиради.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бўлар-бўлмас сабаблар билан урушлар чиқаришдан, тор манфаатлар йўлида бир-бирларига қурол ўқталишдан қайтарган. Тарих гувоҳки, арзимас, бемаъни сабаблар билан катта-катта урушлар келиб чиққан. Ер, сув талашиб, амал, обрў ё бойлик устида ёки шунчаки кўнгилхушлик учун бошланиб кетган урушлар қанча бегуноҳ тирик жонлар умрига зомин бўлган, катта вайронгарчиликлар келтириб чиқарган.

Энг аянчлиси, инсоният бошига катта кулфатлар келтирган, қанчалаб қурбонларга, болаларнинг етим қолишига сабаб бўлган манфур урушлар одатда оддий кимсаларнинг шахсий манфаатлар йўлида бошланиб кетган.

Аллоҳ таоло китобларининг бирортасида урушга тарғиб қилинмаган. Аксинча, тинчликни, амниятни, омонлик ва сулҳ талаб қилинган. Қуръони каримда уруш чиқариш йўлидаги фитна қотилликдан ҳам ёмон жиноят, дея баҳоланган. Қолаверса, илоҳий Китобларнинг бирортасида зулм, қотиллик, хунрезлик, одам ўлдиришга буюрилмаган. Аксинча, меҳр-оқибатли, сулҳпарвар, инсонпарвар, раҳм-шафқатли бўлишга чорланган. Аллоҳ таоло шундай амр қилади: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз! Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинглар ва адолатли бўлингиз! Зеро, Аллоҳ адолатлиларни севар” (Ҳужурот сураси, 9-оят).

 Бинобарин, бир ота ва бир онадан тарқалган инсониятнинг бир-бири билан Аллоҳ тақиқлаган ишлар туфайли урушиб-талашиб юриши Исломга зиддир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Вадо (видолашув) ҳажида: “Бир-бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажовуз қилишингиз барчаларингизга ҳаромдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадисларида: “Ҳеч ким биродарига қурол ўқталмасин, чунки шайтон васваса қилиб, жаҳаннам қаърига етаклаётганини билмай қолади”, дея танбеҳ берганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Мен вафот этганимдан сўнг бир-бирларингизнинг бўғзига тиғ урадиган кофир бўлиб кетманглар”, дея огоҳлантирилган (Имом Бухорий ривояти).

Дунёнинг ҳали у ерида, ҳали бу еридаги бўлаётган урушлар, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишлар, обод шаҳар-қишлоқларни вайрон қилишларнинг ҳаммаси исломий таълимотлардан чекиниш, Парвардигорнинг амр-фармонлари унутишлар оқибатидандир. Ачинарлиси эса, бу урушларга кўпинча диний тус берилмоқда.

 Дунёнинг турли минтақаларида, содир бўлаётган нохуш воқеалар, турли можаролар, ўзаро қарама-қаршиликлар, қон тўкилишларни, воқеалар биздан узоқда, деб унга лоқайд бўлишимиз ярамайди. Чунки бундай балолар ўз вақтида бартараф этилмаса, бир мамлакат ёки минтақа доирасида чегараланиб қолмай,  аксинча кучайиб, бошқа ҳудудларга ҳам ёйилади. Шунинг учун она-Ватанимиздаги тинч, осойишталикнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётимизни янада мустаҳкамлаш учун ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Айниқса, бу таълимотни ёшларимиз, фарзанду набираларимиз онгу шуури, қалбига жо этишимиз сизу бизнинг бирламчи вазифамиздир!

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Икки улуғ неъмат борки, у иккисида кўп инсонлар ҳасрат чекиб қолишади. Улар: сиҳат-саломатлик, хотиржамлик ва бўш вақтдир” (Имом Бухорий ривояти).

Неъматнинг қадри у йўқолганида билинади, неъматнинг йўқолмаслиги эса, доимо унинг шукрини адо қилиш билан бўлади. Шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, беғубор осмон, осойишта ҳаёт, хотиржамлик тилайлик!

Зеро, башариятнинг афзали, буюк ахлоқ соҳиби пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадиси шарифларида биз умматларини жаҳолатдан узоқ бўлиб, илму маърифатли, маънавиятли бўлишга, ўзаро ҳамжиҳат яшашга буюрдилар. Қуръони каримда ҳам мусулмонлар шундай огоҳлантирилган: “Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси 205-ояти).

 

Машраб Хидиров,    

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими