Мақолалар

Бир муҳаббат қиссаси

Чоп этилди Iyun 24, 2020 Бир муҳаббат қиссасиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ос Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келишидан олдин олдиларига бориб, катта қизлари Зайнабнинг қўлини сўради. (ОДОБ)

Унга Пайғамбар алайҳиссалом:

– Ўзидан рухсат олмагунимча бу ишни қилмайман, – дедилар. (ШАРИАТ)

Пайғамбар алайҳиссалом Зайнабга:

– Холангнинг ўғли қўлингни сўраяпти, унга тегасанми? – дедилар.

Зайнабнинг юзлари қизарди ва табассум қилди. (ҲАЁ)

Пайғамбар алайҳиссалом қизлари Зайнабни Абу Осга узатдилар. Шу билан бир муҳаббат қиссаси бошланди. Улардан Али ва Амома дунёга келди.

Кейин бир катта муаммо пайдо бўлди. (ЭЪТИҚОД)

Нубувват даври бошланди. Абу Ос сафарда эди. Сафардан қайтганида хотини Зайнаб мусулмон бўлган эди. Зайнаб унга:

– Муҳим янгилик бор, – деди. Абу Ос ўрнидан туриб, чиқиб кетди. (ЭҲТИРОМ)

Зайнаб даҳшатга тушиб, унинг ортидан борди ва деди:

– Отам пайғамбар бўлиб юборилди ва мен мусулмон бўлдим.

– Олдин менга айтиб, кейин бўлмабсан-да…

– Мен отамни ёлғончига чиқара олмайман-ку. Отам ҳеч қачон ёлғон гапирмаган. У ростгўй ва ҳалол одам. Бир ўзим эмас, онам, ака-укаларим, амакиваччам (Али ибн Абу Толиб) ҳам, аммангизнинг ўғли (Усмон ибн Аффон) ҳам, дўстингиз (Абу Бакр Сиддиқ) ҳам мусулмон бўлишган.

– Лекин мен одамлар, хотинини рози қилиш учун қавмидан юз ўгирди ва ота-боболарига куфр келтирди, дейишларини истамайман. Айни пайтда отангни ҳам айбламайман. Тўғри тушунасан ва узримни қабул қиласан, деб умид қиламан. (КЕЛИШУВ)

– Сизни мен тушунмасам, ким тушунади? Лекин мен сизнинг завжангизман. То ҳақиқатни тан олишга қодир бўлгунингизга қадар сизнинг ёрдамчингиз бўлиб қолавераман. (ОҚИЛАЛИК ВА ҒАМХЎРЛИК)

Зайнаб шу сўзига 20 йил вафо қилди… 20 йил!!! (АЛЛОҲ УЧУН САБР ҚИЛИШ)

Ҳижрат пайтида ҳам Абу Ос ҳали Исломга кирмаганди. Зайнаб Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига бориб:

– Эрим билан қолишимга рухсат беринг, – деди. (МУҲАББАТ)

Пайғамбар алайҳиссалом рухсат бердилар. (МЕҲРИБОНЛИК)

Бадр ғазоти. Абу Ос урушга Қурайш сафида чиқди. Эр отага қарши урушади. Бағри қон Зайнаб йиғлаб-йиғлаб, шундай дуо қиларди:

– Аллоҳим, отамни йўқотиб қўйишдан ҳам, болаларимнинг етим бўлиб қолишидан ҳам қўрқаман. Шундай кун келишини бошимга солма! (ҲАЙРАТ ВА УМИД)

Абу Ос Бадр жангида асир тушади. Зайнаб отасининг ғалабасидан қувониб, Аллоҳга сажда ва шукр қилади. Эрининг асир тушганини эшитиб, уни қутқариб олишни ўйлайди. (ОҚИЛАЛИК ВА УЗОҚНИ КЎРА БИЛИШ)

Эрини қутқариб олишга онасидан қолган бўйнидаги тақинчоқдан бошқа нарсаси йўқ эди. Ўша тақинчоқни Абу Оснинг укасидан бериб юборди. Пайғамбар алайҳиссалом асирларни фидясини олиб қўйиб юбораётганди. Хадича онамизнинг тақинчоқларига кўзи тушиб:

– Бу кимнинг фидяси? – деб сўрадилар.

– Абу Ос ибн Рабиъники, – деб жавоб беришди. Пайғамбар алайҳиссалом йиғладилар ва:

– Бу Хадичанинг тақинчоғи эди, – дедилар. (ВАФО)

Кейин ўринларидан туриб:

– Эй одамлар, куёвимиздан ҳеч ёмонлик кўрмагандик, уни шундоқ қўйиб юборсам майлими? – дедилар. Ҳамма:

– Ҳа, эй Аллоҳнинг пайғамбари, – дея жавоб қайтарди. (АСКАРЛАР ОДОБИ)

Пайғамбар алайҳиссалом унга тақинчоқни бера туриб:

– Зайнабга тайинла, онаси Хадичанинг шодасини эҳтиёт қилсин, – дедилар. (ХУЛҚИГА ИШОНЧ)

Кейин Абу Осга:

– Сенга бир сирни айтай, – дея уни бир чеккага тортдилар-да: – Эй Абу Ос, Аллоҳ менга муслимани кофирдан ажратишни буюрди, қизимни ўзимга қайтариб юборасанми? – дедилар.

– Хўп, – деди Абу Ос. (ЭРКАКЛИК)

Зайнаб Абу Осни Макка остонасида кутиб олди. Абу Ос унга:

– Мен кетаман, – деди.

– Қаёққа?

– Мен эмас, сен отангнинг олдига кетасан. (ВАЪДАГА ВАФО)

– Нима учун?

– Иккимизни бир-биримиздан ажратиш учун. Бор, отангнинг олдига кет.

– Сиз ҳам мусулмон бўлиб, мен билан бирга кетмайсизми?

– Йўқ.

Зайнаб ўғли ва қизини олиб, Мадинага кетди. (ИТОАТ)

Олти йил совчилар кети узилмади. Эрининг келишини умид қилиб, ҳаммасига рад жавобини берди. (ВАФО)

Олти йилдан кейин Абу Ос бир карвон билан Маккадан Шомга сафар қилди. Йўлда бир қанча саҳобаларга дуч келди ва карвонини йўқотиб қўйди. Бомдоддан сал олдинроқ Зайнабнинг уйи ёнига келди ва эшикни қоқди. Зайнаб уни кўриб:

– Мусулмон бўлиб келдингизми? – деб сўради. (УМИД)

– Қочиб келдим.

– Мусулмон бўласизми? (ЭЪТИҚОДИДА ҚАТЪИЙ ТУРИШ)

– Йўқ.

– Қўрқманг. Холамнинг ўғли хуш келибдилар. Али ва Амоманинг отаси хуш келибдилар. (АЖРИМ ВА АДОЛАТ)

Пайғамбар алайҳиссалом бомдод намозига имомлик қилдилар. Намоз ўқиб бўлингач, масжиднинг охиридан бир овоз келди:

– Мен Абу Ос ибн Рабиъни ўз ҳимоямга олдим.

– Нимадир эшитгандек бўлдим, сизлар ҳам эшитдингларми? – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

– Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули, – дейишди саҳобалар.

Зайнаб деди:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Ос узоқдан келадиган бўлсам, холамнинг ўғли; яқиндан келадиган бўлсам, болаларимнинг отаси – мен уни ўз ҳимоямга олдим.

Пайғамбар алайҳиссалом ўринларидан туриб:

– Эй одамлар, куёвимиздан ёмонлик кўрмаганмиз, рост гапирган, берган ваъдасига вафо қилган, маъқул кўрсангизлар, унга молини қайтариб бериб, шаҳрига қайтиб кетишига қўйиб беринглар, шундай қилишинглар менга ҳам ёқади, маъқул кўрмасангизлар, унинг масаласи сизларнинг қўлингизда, қандай ҳукм қилсангизлар ҳам сизларни айбламайман, – дедилар. (ШЎРО)

– Молини қайтариб берамиз, эй Аллоҳнинг Расули, – дейишди одамлар. (АСКАРЛАР ОДОБИ)

Пайғамбар алайҳиссалом Зайнабга қараб:

– Сен ҳимоянгга олган одамни биз ҳам ҳимоямизга олдик, – дедилар.

Кейин Зайнабнинг уйига бориб:

– Зайнаб, уни яхшилаб меҳмон қил, ҳурматини жойига қўй, у холангнинг ўғли, болаларингнинг отаси, лекин унга яқинлашма, у сенга ҳалол эмас, – дедилар. (МЕҲРИБОНЛИК ВА ШАРИАТ)

– Хўп бўлади, отажон, – деди Зайнаб. (ИТОАТ)

Зайнаб уйга кириб, Абу Осга:

– Бизни ташлаб кетиш сизга шунчалар осонми, ундан кўра мусулмон бўлиб, шу ерда қолавермайсизми? – деди. (МУҲАББАТ ВА УМИД)

– Йўқ, – деди Абу Ос ва молини олиб, Маккага қайтиб кетди.

Маккага етиб келгач:

– Эй одамлар, мана молинглар, менда яна бирон нарсанглар қолдими? – деб сўради. (ҲАЛОЛЛИК, ОМОНАТДОРЛИК)

– Худо хайрингни берсин, жуда гўзал вафо қилдинг, – дейишди одамлар. (ЭЪТИРОФ)

– Ундай бўлса, гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. (НЕЪМАТ)…

Бомдодда Мадинага кириб борди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига бориб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, кеча мени ўз ҳимоянгизга олгандингиз, мана бугун ёнингизга келдим ва гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва сиз Аллоҳнинг Расулидирсиз, – деди. (ЭНГ ГЎЗАЛ СУРАТДА ЯХШИЛИККА ЯХШИЛИК ҚАЙТАРИШ)

Кейин Пайғамбар алайҳиссаломдан, “Зайнабнинг олдига қайтсам бўладими?” деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом эса унинг қўлларидан тутиб, “Юр, кетдик”, дедилар. Зайнабнинг эшиги олдига келиб, эшикни қоқдилар ва:

– Зайнаб, холангнинг ўғли яна келиб, яна қўлингни қайта сўраяпти, розимисан, – дедилар.

Зайнабнинг юзи қизарди ва табассум қилди. (ДОИМИЙ РОЗИЛИК)

Шу воқеадан бир йил ўтиб, Зайнаб розияллоҳу анҳо оламдан ўтди…

Абу Ос шу қадар қаттиқ йиғладики, ҳатто одамлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари уни юпатганини кўришди. У шундай дерди:

“Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, Зайнабсиз яшай олмайман, тоқатим етмайди”. (УМР ЙЎЛДОШИ)

Зайнаб розияллоҳу анҳо вафотидан бир йил ўтиб, у ҳам қазо қилди.

Ижтимоий тармоқдан