Абу Бакр Қаффол Шоший
Имом Абу Бакр Қаффол Шошийнинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший бўлиб, араб манбаларида у кишига алоҳида ҳурмат кўрсатилиб, номига “катта”, “улуғ” маъносини ифодалайдиган “кабир” сўзини қўшиб ёзадилар.
Қаффол Шоший ҳижрий 291 (милодий 903) йили Шошда туғилиб, болалиги ва ёшлиги шу ерда ўтган. Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (раҳматуллоҳи алайҳ) таъкидлашича, дастлабки илмни замонасининг машҳур муҳаддиси ва фақиҳи Ҳайсам ибн Кулайбдан олган. Кейинроқ у илмталабида Мовароуннаҳрдаги маърифат ўчоқлари – Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларда бўлади.
Машҳур тарихчи Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад
Самъоний (1113–1167) “Ал-Ансоб” (“Насабнома”) асарида бундай ёзади: ““Қаффол” – қулфсозлик касбига нисбат берилган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил
Қаффол Шоший Шош аҳлидан бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонган. У ўз замонасининг имоми (пешвоси) бўлиб, фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим эди. Қаффол Шошийнинг номи мағрибу машриққа ёйилган”.
Аҳли сунна вал-жамоанинг пешволаридан бўлмиш Қаффол Шошийнинг ҳуқуқшуносликка доир “Китоб фи усулил фиқҳ” асари ўз даврида Ислом дунёсида кенг қўлланилган. Абу Бакр Қаффол Шоший илм талабида Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини кезиб чиқади. Бағдод, Куфа, Дамашқ, Нишопур каби шаҳарларга боради. Замонасининг забардаст олимларидан сабоқ олади.
Қаффол Шоший номини бутун мусулмон оламига машҳур қилган нарса ёзиб қолдирган дурдона асарлари ҳисобланади. У киши тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, усулул-фиқҳ, шеърият ва тилшунослик илмлари бўйича қомусий олим эди. Унинг асарларига оид маълумотлар бир қатор араб манбаларида қайд этилган. Тарихчи Абу Саъд Абдулкарим Самъонийнинг таъкидлашича, Қаффол Шоший “Далоилун нубувват” (“Пайғамбарлик далиллари”), “Маҳосинуш шариа” (“Шариат гўзалликлари”) китобларини ҳам таълиф этган.
Қаффол Шошийнинг “Жавомиъул калим” (“Ҳикматли иборалар тўплами”), “Адабул қози” (“Қозининг одоби”) каби асарлари борлиги ҳақида ҳам манбаларда қайд этилган.
Ҳазрат Қаффол Шоший асарларидан бирортаси мамлакатимиз китоб хазиналарида мавжуд эмас. Фақатгина марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 1970
йили Суриянинг Дамашқ шаҳридаги “Зоҳирия” кутубхонасида сақланаётган “Жавомиъул калим” асари қўлёзмасининг фотонусхасини олиб келганлар, холос. Ҳозир у Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг қўлёзмалар
хазинасида сақланяпти.
Ҳазрати Қаффол Шоший тақводорлик, зоҳидлик ва парҳезкорликда ҳам бошқа олимларга намуна бўлган.

Усмонхон АЛИМОВНИНГ
“Ҳазрати Имом мажмуаси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 4000 сўм