Ҳумаза сураси
«(Кишиларни ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой! Қайсики, у мол-дунёни йиғиб, уни санагани-санаган ва моли (бойлиги) уни абадий қолдиради деб ўйлайдиган кимсадир. Йўқ! Қасамки, албатта, у “Ҳутама”га ташланур! (Эй инсон!) “Ҳутама” нима эканлигини сенга не ҳам англатур?! Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки, (у баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур. Албатта, у (олов) уларни қамраб олувчидир. (Ўзлари) узун устунларда (занжирбанд) бўлурлар» .
Ато, Калбий ва Суддий раҳимаҳумуллоҳ: “Ушбу сура Ахнас ибн Шурайҳ ҳақида нозил бўлган. Чунки у инсонларни ғийбат қиларди. Хоссатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп озор берар эди”, деб фикр билдиришади. Муқотил раҳимаҳуллоҳ: “У Валид ибн Муғийра. Сабаби, у Набий алайҳиссаломни ортларидан ғийбат қилар, юзлашганида эса жуда ёмон айбловлар билан дашном берарди”, деб айтган. Яна бир ривоятда Умайя ибн Халаф дейилган.
Уламолар ушбу сура айнан ким ҳақида нозил бўлгани борасида ихтилоф қилишса-да, лекин унинг барча ғийбатчи ва одамларни масхаралаб айбловчи кишиларга умумий тегишли эканида якдилдирлар.
Абдурраҳмон ибн Ғонм розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар “ ….Аллоҳнинг бандаларининг энг ёмонлари чақимчилик қилувчилар. Бир-бирини яхши кўрган дўстларнинг орасини ажратадиганлар. Яхши инсонларнинг айбларини ахтарадиганлардир” (Имом Аҳмад ривояти).
“(Кишиларни ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” Имом Муқотил раҳимаҳуллоҳ: «“Ҳумаза” инсонларни ортларидан ғийбат қилувчи, “Лумаза” инсонларни айблаб, таъна қилувчи», деб тафсир қилган. Шу сабаб оят: “Инсонларни ғийбат қилувчи ва масхараловчига хорлик ва шиддатли азоб бўлсин”, деган маънодадир.
“Қайсики, у мол-дунёни йиғиб, уни санагани-санаган”. Ғийбатчи ва масхараловчи киши тўплаган ва доим санаб турадиган мол-дунёсига алданиб, ўзини бошқалардан афзал деб билади. Шу боис инсонларни таҳқирлайди ва менсимайди. “Ва моли (бойлиги) уни абадий қолдиради деб ўйлайдиган кимсадир”. Яъни: “Мол-дунёим менга абадийликни таъминлайди. Доим тирик бўламан. Ҳеч қачон ўлмайман”, деб, ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақида ўйламайди. “Йўқ! Қасамки, албатта, у «Ҳутама»га ташланур!” Иш асло ғийбатчи, айбловчи ва мол-дунё йиғувчи инсон ўйлаганидек эмас. Аксинча, яқинда у йиққан-терган моли билан биргаликда оловга улоқтирилади. Унинг жудаям чуқур қаъри бор. Ҳутаманинг эшиклари унинг аҳли ноумид бўлишлари учун ҳеч очилмайди. Шу даражада қаттиқ ёпиладики, ундан чиқиб кетишга заррача ҳам умид қолмайди. Узун-узун устунлардан оловнинг ўчиб қолишини тасаввур этиб бўлмайди.
(Эй инсон!) «Ҳутама» нима эканлигини сенга не ҳам англатур?! (У) ёқиб қўйилган Аллоҳнинг бир оловидир. Жаҳаннамга “Ҳутама”, яъни “Парчаловчи” номи берилишининг ҳикматларидан бири – моли билан кибрланиб, бошқалардан ўзини устун қўйган, бурнини баланд кўтариб ғўдайган кишининг танасини майда-майда қилиб парчалаб юборишини англатишдир. Бунинг устига, у Аллоҳнинг оловидирки, бошқа оловлар каби эмас. Раббисига бўйсуниб ҳеч қачон ўчиб қолмайди. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Дўзахда минг йил ўт ёқилди. У қип-қизил бўлди. Сўнг унга яна минг йил ўт ёқилди. У оппоқ тусга кирди. Сўнг унга яна минг йил ўт ёқилди. У қоп-қорага айланди. У қоп-қора зулмат кабидир”, дейилган.
Кейинги оятларда оловнинг яна учта сифати келтирилади: “(У баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур. Албатта, у (олов) уларни қамраб олувчидир. (Ўзлари) узун устунларда (занжирбанд) бўлурлар”. Яъни, олов қалбларгача кўтарилиб, ёмон ахлоқли кишини иссиғи билан ўраб олади ва тириклайин ёндириб юборади.
Инсон танасидаги энг қаттиқ оғриқ сезадиган аъзо – қалб. Оятда айнан қалб хосланишига сабаб, ёмон ахлоқли кишилар нотўғри эътиқодлари, ярамас ниятлари, кибр, инсонларни менсимаслик, ғийбатчилик, бузуқчилик каби ёмон амалларини, бузуқ ахлоқларини айнан қалбларида сақлаб келишган. Муҳаммад ибн Каъб айтади: “Жаҳаннам дўзах аҳлининг бутун таналарини еб юборади. Вақтики, у қалбга етиб келганда, оғриқнинг зўридан инсон ўлади ва қайта тирилтирилади ва олов уни яна ейишни бошлайди”. Холид ибн Абу Имрон Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилади: У зот дедилар: “Олов жаҳаннам аҳлини ейди ва қалбгача еб битиради. Қалбларига кўтарилиб етиб борганида тугайди. Улар қайта тирилтириладилар ва жаҳаннам олови яна ейишни бошлайди”. Ёмон ахлоқли кишилар ўша жаҳаннамда қулфланган ҳолда қолишади. Унда бирор дераза ёки туйнук йўқки, қочиб кетишса. Асло чиқиб кетишолмайди.
Ҳутамада (жаҳаннам)да узун-узун, бақувват устунлар бор. Муқотил айтади: “Ёмон ахлоқли кишилар устидан эшиклар қулфланган бўлиб, темир поналар билан мустаҳкамлаб қўйилган. У эшиклар ҳеч қачон жаҳаннам аҳли учун очилмайди. Ҳатто ундан бироз енгиллик кириб келмайди”.
Имом Қуртубий, Имом Табарий тафсирлари асосида
Сурайё МУРОДЖОН қизи тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан