Жамоадан ажралмайлик
Ихтилофлар одамлар орасидаги муомала жараёнида ёки динимизга тааллуқли мураккаб матнларни тушуниш жараёнида ҳам бўлиши мумкин. Динимизга тааллуқли ихтилофлар ҳақида гап кетганда, аҳли сунна ва жамоадаги тўрт фиқҳий мазҳабнинг ўзаро ихтилофларини мисол келтириш мумкин. Ихтилофлар асосан икки хил бўлади:
- бирор нарсанинг туридаги ихтилоф;
- бирор нарсага қарши ихтилоф.
Нарсаларнинг туридаги ихтилоф шундан иборатки, ихтилофчиларнинг ихтилоф қилган нарса ёки ишлари шариатимизда ҳақ ва бор бўлади.
Иккинчи тур ихтилофда бир тараф мақталиб, иккинчи тараф ёмонланади. Биз сўз юритмоқчи бўлган ихтилофчилар мана шу иккинчи турга мансуб бўлган, ихтилофни ўзларига касб қилиб олган, мусулмонлар орасида ихтилоф чиқаришдан бошқа иши бўлмаган, ўзларича мужтаҳидликни даъво қилган, ўзларидан бошқа барча мусулмонларни адашганликда, Қуръон ва суннатни тарк қилишда айблайдиган бемазҳаблардир.
Бемазҳаблик тарафдорлари Ислом уммати қадим-қадимдан амал қилиб келаётган ақида ва фиқҳ мазҳабларини инкор қилиб: “Мазҳаб тузиш Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом даврларида йўқ эди. Шундай экан, биз мазҳаб эгаларининг айтганига эмас, балки Аллоҳ ва Расулининг айтганига амал қилишимиз керак”, деган даъвони илгари суришади.
Уламоларнинг таъкидлашларича, бемазҳаблар Қуръон ва суннатдан шаръий ҳукм чиқаришда зоҳирийлик мазҳабининг йўлидан фойдаланишади. “Зоҳирийлик” арабча сўз бўлиб, “юзакилик” деган маънони билдиради. Бу эса, ўз-ўзидан бемазҳаблар Қуръон ва суннатдан зоҳирий маъно олиш билан кифояланишларини кўрсатади. Далил: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жувон аёлни у билан маслаҳатлашмасдан туриб никоҳлаб бўлмайди. Қиз болани ундан изн сўрамай туриб никоҳлаб бўлмайди”, дедилар. “Ё Расулаллоҳ, унинг (қиз боланинг) изни қандай бўлади?” дейишди. У зот: “Сукут сақлаши”, дедилар. Ушбу ҳадиси шарифдан аксар уламолар: “Сукут сақлашига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни розилик аломати деб бўлмайди”, деб хулоса қилишган. Худди шу масалада зоҳирийларнинг кўзга кўринган намояндаси Ибн Ҳазм Зоҳирий ҳаммага хилоф равишда: “Қиз боланинг изни эса, фақатгина сукут сақлаш билан бўлади”, дейди.
Бугунги кунда ибодатларимизни бекамукўст адо этишимиз учун барча шароитлар мавжуд бўлиб турган бир пайтда ихтилофнинг иккинчи туридан ниҳоятда эҳтиёт бўлмоғимиз лозим. Негаки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб, тафриқага тушганларга ўхшаш бўлманглар! Ана ўшаларга улуғ азоб бордир”, деб огоҳлантирган (Оли Имрон сураси, 105-оят). Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссалом эса бундай деганлар: “Ихтилоф қилманглар. Яна, қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”.
Бу масалада машҳур аллома Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бемазҳаблик диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”, деганлар.
Тарихдан маълумки, аҳли сунна ва жамоа уламолари мусулмонлар орасига соф Ислом ақидасини сингдириб, тўғри йўлни маҳкам ушлаб келмоқдалар. Биз ҳам мусулмонлар орасини бузишни ўзларига касб қилиб олганларнинг алдовларига учмасдан, ўтган улуғлар йўлида собитқадам бўлиб бормоғимиз лозим.
Агар бузғунчиларнинг асоссиз сафсаталарига қулоқ соладиган бўлсак, Исломнинг ўн икки асрлик тарихидан воз кечган бўламиз. Аҳли сунна ва жамоа йўналишида ижод қилиб ўтган минглаб забардаст уламолар ёзган ноёб асарлардан бебаҳра бўлиб қоламиз. Асрлар мобайнида барча мусулмонлар амал қилиб келаётган анъаналар бекорга чиқади. Натижада мусулмонлар орасида парокандалик юзага келади.
Сохта салафийлар “мазҳабсизлик” ғояси билан тўрт мазҳаб мусулмонлари орасида парокандаликни юзага чиқариб, сўнгра улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишни режалаштирган.
Ватанимиз мўмин-мусулмонлари зинҳор бундай сафсаталарга алданиб қолмасликлари лозим. Турли алдамчи ғоялар таъсирига тушиб қолган ҳамюртларимизнинг турли юртларда сарсону саргардон бўлиб, азоб чекканлари, бир қанчалари бекафан ўлиб кетганлари, кимлардир ота-онасидан, яна кимлардир фарзандидан ажралиб, зор йиғлаб қолганларини асло унутмаслигимиз, уларнинг аянчли тақдиридан ҳар бир оқил инсон сабоқ олиши лозим.
Раҳмонқул МАМАТҚУЛОВ,
Жиззах вилояти Бахмал тумани бош имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан