“Бизга россиялик ёлланма жангчилар керак эмас”
Ливия миллий нефт корпорацияси (NOC) “Аш-Шарора” нефт конига Россия ва бошқа давлатларнинг ёлланма жангчилари келганидан хавотир билдирди.
Корпорация кеча, 26 июнь куни тарқатган баёнотда айтилишича, тунов куни кон ҳудудига автомобиллар карвони келган ва ёлланма жангчилар Нефт объектларини қўриқлаш хизмати вакиллари билан учрашган.
“Ливиядаги конларда мақсади нефт қазиб олишни тўхтатиш бўлган россиялик ёлланма жангчилар ҳам, бошқа мамлакатлардан келганлари ҳам керак эмас. Бизга бутун Ливия халқининг фаровонлиги учун нефт қазиб олишни тиклайдиган ватанпарвар, профессионал ва мустақил хавфсизлик кучлари зарур, даромадлар эса бутун Ливия бўйлаб адолатли ва шаффоф тарзда тақсимланади”, – дейилади баёнотда.
Корпорация раҳбари Мустафо Саналли чет давлатларнинг Ливияда нефт қазиб олишни тиклашга аралашишига мутлақо қаршилигини, чунки Ливия нефти Ливия халқига тегишли эканлигини таъкидлади.
“Аш-Шарора” конида нефт қазиб олиш 7 июнь куни, ярим йиллик танаффусдан сўнг қайта бошланган. Конда тўлиқ қувват билан нефт қазиб олиш учун 90 кун керак бўлади, чунки ишдан чиққан ускуналарни тузатиш зарур.
PROTODAY