Мақолалар

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Тавротда келган сифатлари тўғрисида

Чоп этилди Iyun 28, 2020 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Тавротда келган сифатлари тўғрисидаda fikr bildirishni o'chirish

Абдуллоҳ ибн Салом бундай дейди:

“Аллоҳ азза ва жалла Зайд ибн Саънани ҳидоят қилишни ирода этганида Зайд ибн Саъна: “Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг юзларига қараганимда, нубувват аломатларини билгандим. Лекин икки хислатларини ҳали эшитмаган эдим. Бу унинг мулойимлиги жаҳлидан устун экани ва қанча жоҳиллик қилинса, шунча мулойимлиги зиёда бўлиши. Мен у кишининг мулойимлигини билиш учун фурсат пойлаб юрардим. Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ҳужрадан чиқдилар. Шунда бадавийга ўхшаган, туя минган бир одам келиб: “Эй Расулуллоҳ, мен фалон қабила қишлоғининг бошлиғи бўламан. Улар таслим бўлишган ва Исломга киришган. Исломга киришса, тўкин-сочин ризқ келишини айтганман. Бир йил бўлди, уларга оғирчилик ва қурғоқчилик ҳукмрон. Улар Исломга тама қилиб кирганларидек, яна тама қилиб Исломдан чиқиб кетишларидан қўрқаман. Агар сиз уларга бирор нарсани тайинлаб жўнатишни ўйласангиз, мен уни бажарардим”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Алига қараб: “Унга бирор нарса қолганми?” дедилар”.

Ҳасан ибн Суфён: “Сенда уларга беришга бирор нарса қолганми?” деган лафзни келтирган.

Зайд ибн Саъна: «У кишига яқинлашиб: “Эй Муҳаммад! Менга Бани фалоннинг боғидан, фалон-фалон вақтгача, маълум миқдорда хурмо сотасизми?” дедим. Расулуллоҳ: “Йўқ, эй яҳудий! Лекин мен сенга фалон-фалон вақтгача маълум миқдорда хурмо сотаману, фалончи боғдан деб айтмайман”, дедилар. Мен: “Ҳа, майли”, дедим. Кейин менга фалон-фалон вақтгача, маълум миқдорда хурмо сотдилар, ҳамёнимни олиб, у кишига саксон мисқол олтин бердим. Сўнг у зот олтинни ёрдам сўраб келган кишига бердилар ва: “Буни қавмингга олиб бориб, уларга ёрдам бер”, деб тайинладилар».

Ҳасан ибн Суфён: «Сўнг у зот олтинни ёрдам сўраб келган кишига бердилар ва: “Буни қавмингга олиб бориб, уларга ёрдам бер», лафзини келтирмаган.

Зайд ибн Саъна айтади: «Хурмони беришларига икки ёки уч кун қолганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир жанозага чиқдилар. У киши билан бирга бир қанча саҳобалари, Абу Бакр, Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳум) ҳам бор эди. Жанозани ўқиб бўлганларидан сўнг, бир девор ёнига ўтириш учун яқин бордилар. Шунда мен олдиларига бориб, кўйлак ва ридолари бирлашган жойидан ушладим. Кейин у кишига қўпол кўринишда қарадим ва: “Эй Муҳаммад, ҳақимни тўламайсизми? Аллоҳга қасам, Бани Абдулмутталибнинг қарзни чўзиб юришларини билмаганман, ана энди, билиб олдим”, – дедим. Умарга қараган эдим, унинг кўзлари фалак айлангани каби айланиб кетди. Кейин менга қараб: “Эй Аллоҳнинг душмани! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шундай муомала қилаяпсанми?” деди».

Ҳасан ибн Суфён: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қўлингни торт”, лафзини келтирган ва қўполлигини зикр қилмаган.

Абу Бакр ва Усмон (розияллоҳу анҳум): “Расулуллоҳни ҳақ билан жўнатган Зотга қасам, У кишининг қувватидан эҳтиёт бўлмаганимда, албатта, бошингни қилич билан олардик”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жим, хотиржам Умарга қараб турардилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Умар! Мени чиройли адо қилишимга буюришингиз ва уни сабр билан кутиб туришга буюришингизга кўпроқ муҳтож эдик. У билан боринг, эй Умар, ҳақини беринг ва уни жалб қилган жойдаги хурмодан йигирма соъ зиёд беринг”, деб буюрдилар”.

Зайд ибн Саъна айтади: «Умар мен билан бориб, ҳақимни, яна йигирма соъ хурмо зиёд берди. Шунда мен: “Эй Умар, бу ортиқча берганингиз нима?” деб сўрадим. Ҳазрат Умар: “Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сен хоҳлаган жойдаги хурмодан зиёд қилиб беришимни буюрдилар”, деди. Мен: “Мени танийсизми, эй Умар?” дедим. Умар: “Йўқ! Кимсан ўзи?” деб сўради. “Зайд ибн Саънаман”, дедим. Умар: “Яҳудий олимими?” деди. “Ҳа, яҳудийлар олимиман”, дедим. У киши: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бундай қилиш ва гапиришга сени нима ундади?” деб сўради. Мен: “Эй Умар, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг юзларига қараганимда, нубувват аломатларини билгандим. Лекин икки хислатлари ҳақида хабарим йўқ эди. У кишининг икки хислати – ҳилмлари жаҳлларидан ўзиши ва у кишига қанча жоҳиллик қилинса, шунча ҳилмлари зиёда бўлишидан хабардор бўлдим. Эй Умар, сизга гувоҳлик бериб айтаман, албатта, мен Аллоҳнинг ягоналиги, Исломнинг дин ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг набий эканларига ишониб рози бўлдим. Яна сизга гувоҳлик бериб айтаман, мол-мулкимнинг ярми (мен бой эдим) Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига садақадир”, дедим. Умар: “Умматнинг ҳаммасига эмас, балки баъзиларига садақа бўлади”, деди».

Кейин Умар ва Зайд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига қайтдилар. Шунда Зайд: “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканига, Муҳаммад Аллоҳ­нинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га имон келтирди, тасдиқлади, эргашди ва у зот билан кўп жангларда қатнашди. Табук ғазотида мардонавор курашиб вафот этди.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган