Мақолалар

Вараъ

Чоп этилди Iyun 29, 2020 Вараъda fikr bildirishni o'chirish

“Вараъ” луғатда гуноҳлардан четда бўлиш, ўзини тийиш, парҳезкор, тақводор бўлиш маъноларини англатади. Истилоҳдаги таърифи қуйидагича: Имом Ғаззолий айтади: “Вараъ Аллоҳ таолодан қўрқиб ва У зотни улуғлаб, ҳаромлиги маълум нарсаларни тарк қилишдир”.

Изз ибн Абдуссалом: “Вараъ шубҳали нарсаларни тарк қилиб, шубҳасизлари томон юришдир”, деган.

Шубҳа нима?

  •  Икки хил далилга тобе бўлган нарсага шубҳа дейилади. Яъни, шубҳали бўлишига сабаб – бир далилда ҳаром, бирида ҳалол, дейилган. Лекин икки ҳукмдан қайси бири олдин айтилгани номаълум. Унга шубҳали деб қаралади.
  •  Яна бир тури уламолар ҳаром ва ҳалоллигида икки хил ижтиҳод қилган нарса. Бир олим ижтиҳод қилиб ҳалол деса, бош қаси ҳаром деган нарса.
  •  Шубҳанинг яна бир тури – ҳалол ёки ҳаромлик ҳукми доимийми ёки вақтинчами, билиб бўлмайди.
  •  Ҳалоллиги аниқ. Лекин халқ орасида кенг тарқалмагани учун одамлар билмай шубҳаланади. Пайғамбаримиз “добб” деган (калтакесакдан катта, эчкиэмардан кичик) ҳайвонни емаганлар. Бу ҳаромми, деб сўрашганида: “Йўқ, биз буни еб ўрганмаганмиз”, деганлар.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: “…Кўпчилик уларни билмайди. Кимки шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини ва обрўсини покиза асраб қолади. Бунинг мисоли, бировнинг қўрғони атрофида сурувни ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди. У қўйларининг бехосдан қўрғонга кириб кетишидан омонда бўлмагани каби, шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмаган киши кейинчалик ҳаромга ҳам аралашиб қолади. Огоҳ бўлинг: ҳар бир подшоҳнинг қўрғони бор! Огоҳ бўлинг: Аллоҳнинг қўрғони Унинг ҳаром қилган нарсаларидир!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бишр ибн Ҳорис айтади: “Учта катта амал бор. Улар: мол кам пайтида сахийлик, ёлғиз қолганда парҳезкорлик ва ундан қўрқиб жим туриладиган кишининг ҳузурида ҳақ гапни айтишдир”.

Уламолар вараъни учга бўлган: вожиб, мандуб, фазилат.

Вожиб вараъ – барчага бирдек ҳаром нарсадан тийилиш. Мандуб вараъ – шубҳали нарсадан тийилиш. Фазилат вараъ – баъзи бир мустаҳаб нарсалардан ҳам парҳез қилиш.

Имом Ғаззолий вараъни бир қанча қисмга бўлади:

Адолат соҳиблари вараъси. Қилса ҳам, қилмаса ҳам бўладиган нарсалардан тийилиш.

Солиҳларнинг вараъси. Шубҳали нарсадан тийилиш. Чунки Набий алайҳиссалом: “Сени шакка қўйган нарсани тарк қилиб, шубҳага қўймайдиган нарсани ол”, деганлар. Бундан бўлармикан, бўлмасмикан, деб қолган пайтда, ўша нарсани тарк қилиш тушунилади.

Муттақин – тақводорларнинг вараъси. Набий алайҳиссалом: “Банда муттақин даражасига фақатгина орқасидан бир гап чиқадиганини ташлаб, гап чиқмайдиганини олмагунча етолмайди”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Сиддиқларнинг вараъси. Бу – асли ҳалол, шубҳа йўқ. Лекин унинг ортидан бирон шаҳватга йўл очилмайдими? деган саволлар доим кишини сергак қилиб туради.

Дасуқий Моликий: “Кўп вараъ қилувчи шубҳали нарсаларга тушиб қолишдан қўрқиб, мубоҳ нарсаларни тарк қилувчи киши. Вараъ қилувчи киши – ҳаром ишларга тушиб қолишдан қўрқиб, шубҳали ишларни тарк қилувчи кишидир”, деган.

Ҳасан Басрий Маккага кирди ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг фарзандларидан бирини кўрди. У Каъбага суянган ҳолда одамларга ваъз қиларди. Ҳасан Басрий ундан: “Диннинг асоси нима?” деб сўради. У: “Вараъ”, деди. Ҳасан Басрий: “Динни бузувчи нима?” деди. У: “Тамаъ (тамагирлик)” деб жавоб берди.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Менга яқин бўлувчилар вараъ ва зуҳд билан яқин бўлганичалик яқин бўла олмайдилар”, деб ваҳий қилди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ғуломи ҳар куни ишлаб у кишига бир нарса олиб келар эди. Бир куни таом олиб келиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига қўйди. Абу Бакр ундан олиб еди. Ғулом: “Ҳар куни сўрар эдингиз, нега бугун сўрамадингиз?” деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қорним жуда очлиги ғолиб келди, қаёқдан олдинг?” деди. Ғулом: “Иш излаб кетаётгандим, бир жойда тўй бўлаётган экан. Жоҳилиятда биттасига жоҳилиятча дам солувдим. Ўшанинг ҳақига шу тўйдан таом беришди, деди. Абу Бакр Розияллоҳу анҳу ташвишланиб, қайт қилишга уринди. Ҳеч нарса чиқмади. Одамлар, сув ичсанг чиқади, дейишди. Бир катта жомда сув ичиб, ҳалиги овқатни қайт қилиб ташлади. Одамлар: “Бир луқмага шунча қиласанми?” дейишди. Абу Бакр: «Агар бу нарса жоним билан қўшилиб чиқса ҳам, уни чиқарар эдим. Мен Набий алайҳиссаломнинг: “Ҳаромдан ўсган гўшт дўзахга лойиқдир”, деганларини эшитганман», деди.

Шунингдек, парҳез қиламан деб ғулувга кетмаслик керак.

Юсуф Жувайнийга: “Янги кийим кийиб бўлмайди. Чунки уни тикаётганда ҳар хил нарса аралашиб кетиши мумкин дейишяпти, бунга нима дейсиз?” деб савол беришди. У киши ғазабланди ва: “Улар хаворижлар. Одамларнинг гапини олмасдан, шайтоннинг гапини олиб фитна қўзғаб юрувчилардир. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга кийимлар келар эди, аммо ювилмас, кофирларнинг кийими ҳам келар эди, лекин бунақа гап йўқ эди”, деди.

“Рисолатул қушайрия” ва “Руҳий тарбия” китоби

асосида Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан