Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Iyun 29, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

САВОЛ: Эркакларга қизил кийим кийиш мумкинми?

ЖАВОБ: Қизил кийим ҳақида келган турли мазмундаги ҳадисларнинг хулосаси шуки: эркаклар учун қип-қизил кийим кийиш мумкин эмас. Аммо кийим бошқа рангда бўлиб, унга қизил аралашган бўлса, бунинг зарари йўқ. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен қизил кийим кийиш ва тилла узук тақишдан, руку қилган ҳолда қироат қилишдан қайтарилдим”, дедилар (Имом Насоий ривояти). Валлоҳу аълам!

САВОЛ:  Масжиддан чиққанимизда бир биродаримиз Қуръондаги ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуолари билан овоз чиқариб дуо қилди. Шунда бир дўстимиз дуони ичида, махфий қилиш афзал, деб танбеҳ бергандек бўлди. Уни бошқалар ҳам маъқуллади. Шу масалада бироз тушунча берсангиз?

ЖАВОБ:  Дуони паст овозда ҳам, овоз чиқариб ҳам қилиш жоиз. Махфий дуо қилиш афзал, дегани овоз чиқариб дуо қилманг, дегани эмас. Ҳадиси шарифларда дуода ҳаддан ошишдан қайтарилган: Абу Мусо Ашъарий айтадилар: «Расулуллоҳ билан сафардан қайтдик. Мадинага яқинлашганимизда у зот такбир айтдилар. Одамлар ҳам такбир айтишди. Уларнинг овозлари кўтарилиб кетди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй одамлар! Ўзингизга раҳмингиз келсин, сизлар кар ёки узоқдагига дуо қилаётганингиз йўқ. Балки, сизлар ўта эшитувчи, яқин Зотга дуо қилмоқдасиз. Сиз дуо қилаётган Зот сизга уловингизнинг бўйнидан ҳам яқинроқ”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Демак, Аллоҳ таолонинг: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят), деган оятига мувофиқ дуони овоз чиқариб ва махфийлик ўртасида қилиш унинг одобларидан саналади. Овоз чиқариб дуо қилишда ҳаддан ташқари овозни кўтариб, бақир-чақир қилмаслик лозим.

Дуонинг бу икки кўринишини фақат афзаллик масаласи ажратади. Афзаллик масаласида ихтилоф чиқариш, тортишиш эса ҳаром амалга олиб боради. Хоҳлаган махфий, хоҳлаган жаҳрий дуо қилаверсин. Лекин бир-бирини маломат қилиб, айбламасин (“Раддул муҳтор”, “Ал-Мавсуъатул фиқҳия ал-кувайтия” ). Валлоҳу аълам!

САВОЛ:  Аллоҳ таоло осмонда дейиш, яъни Уни бирор маконда жойлашган деб эътиқод қилиш жоизми  Бу борада аҳли сунна вал жамоанинг ақидаси қандай?

Аллоҳ таоло осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Чунки осмонни ҳам, маконни ҳам У Зотнинг Ўзи яратган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ҳадисларидан бирида бундай деганлар: “Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди” (Имом Бухорий ривояти).

Маконга жойлашиш яратилган нарсаларнинг сифати ҳисобланади. Яъни, ҳар бир яралмиш борки, катта ёки кичик ўрин эгаллайди. Аллоҳ таоло эса бундан пок ва олийдир. Аллоҳ таоло Ўзини васф этиб, шундай марҳамат қилади: «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (Шўро сураси, 11-оят).

Ушбу оят Аллоҳ таолонинг аъзо ва қисмлардан таркиб топган жисм эмаслигига ҳамда бирор макон ё тарафдан жой олишдан пок эканига ёрқин далилдир. Зеро, Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлса, бошқа нарсаларга ўхшаш бўлиб қолади. Бу эса У зотнинг берган хабарига зиддир. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: “Аллоҳнинг макони йўқ! Аллоҳ таоло бирор бир томонда эмас!” деб уқтириб келганлар.

Жумладан, эътиқодимиз қоидаларининг асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий «Тавҳид» китобида: “Аллоҳни макон ила васфлаб бўлмайди. Зеро, ҳали ҳеч нарса яратилмасидан олдин ҳам Аллоҳ таоло бор бўлган”, деган.

Машҳур муҳаққиқ олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна вал жамоа эътиқодига оид асарида бундай деган: “У Зот (яъни Аллоҳ) чегаралар, ниҳоялар, бўлаклар, аъзолар ва воситалардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмайди” («ал-Ақида ат-Таҳовия»).

Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бошқа ўринда бундай дейди: “Ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларнинг сўзига ўхшаш гап-сўзлардан тийилади ҳамда Унинг (Аллоҳнинг) сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади” («ал-Ақида ат-Таҳовия» китоби) . Демак, ушбу далиллардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз – аҳли сунна вал жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам, замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга: “Аллоҳ қаерда?” деган савол келадиган бўлса, имон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. У Зот замонлару маконлар йўқ пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”, деймиз. Валлоҳу аълам!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан