Мақолалар

Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Вахшиворий

Чоп этилди Iyun 29, 2020 Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Вахшиворийda fikr bildirishni o'chirish

Маънавият осмонимизда порлоқ юлдузларидан бири, нақшбандия силсиласининг 20-вакили, буюк шайх, шоир ва аллома Хожа Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Самарқандий Ҳисорий Вахшиворий (1450–1530) буюк шайх, ўз асри алломаларининг ичида энг улуғларидан эдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий ҳазратларининг иккинчи халифалари бўлиб, омонатни (иршодномани) у зотдан олганлар.

Мавлоно Муҳаммад Зоҳид милодий 1450 йилларда Ҳисор вилоятида таваллуд топди. У зот Термиз, Балх, Насаф, Кеш, Бадахшон, Қундуз, Хутталон вилоятларида таниқли бўлган. Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Мавлоно Яъқуб Чархийнинг невараси, яъни қизининг ўғли, Мавлононинг оталари Хожа Муҳаммад Иброҳим ибн Хожа Муҳаммад Балхий бўлиб, Мирзо Улуғбек замонида Самарқанд мадрасасида тарих, фалакиёт ва риёзиёт илмлари соҳиби бўлган.

Ўз даври тариқат аҳлининг йирик намояндаси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий (1404–1490) Мовароуннаҳрда нақшбандийлар раҳнамоси бўлиб, у зотни Ҳисор вилоятида ҳам яхши билишган.

Мавлоно Зоҳид қалбида Хожа Аҳрор суҳбатига иштиёқ пайдо бўлади ва Хожа хизматига йўл олади. У Самарқанддаги Данасар маҳалласига келибтушади. Бу ташриф ХожаАҳрорга аён бўлади ва у кун айни қизиб забтга олган пешин маҳали хачирини эгарлаб Мавлонони кутиб олгани бир неча асҳоби билан йўлга чиқади. Хожа Мавлонога етишиб, ундан ҳол сўрайди. Улар дарахт соясида ўтирадилар ва икки ошиқуллоҳнинг дарвешона суҳбати бошланади. Бу суҳбат ила Хожа Мавлонога лутф кўрсатиб, уни ўз иршод ҳалқасига киритади. Мавлоно Хожа билан бир бор суҳбат айлаб муроди ҳосил бўлади ва унинг халифаларидан (“Иккинчи халифа”) бири сифатида танилади.

Биринчи халифаси самарқандлик Муҳаммад Қози ибн Бурҳониддиндир.

Хожа Мавлоно Муҳаммад Зоҳиднинг бир неча асарлари маълум. Айниқса, унинг “Тажвиди турки” (“Туркий қироат қоидалари”) китоби муборак Калом – Қуръони каримни қироат қилиши, талаффузи ва имло қоидаларини батафсил ёритганлиги ва илм толибларига бениҳоя фойдалилиги билан қимматлидир. Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Сурхондарё вилояти Кичик Ваҳшивор қишлоғида 1530 йили вафот этиб, шу ерда дафн этилганлар.

Муҳаммад Зоҳид Вахшиворий кўплаб валийлар тарбиялаган бўлса-да, улардан Дарвеш Муҳаммад Имканагий маълум ва машҳурдир. У зот 1475–1480 йилларда Чағониён ё Термиз вилоятларидан бирида туғилган. Отаси Хожа Офоқ Калон Термиз саййидларидан ва Мавлоно Яъқуб Чархий қизининг куёви бўлган. Мавлоно Дарвеш Муҳаммаднинг ёшлиги Чағониён, Ҳисори Шодмон, Термиз вилоятларида ўтган. Шаҳрисабз ва Имканага келгунча яшаган аниқ жойларидан бири Чағониённинг Ваҳшивор қишлоғидир. Дарвеш Муҳаммад Вахшиворий Шаҳрисабзий 1562-1563-йиллари Кеш вилоятининг Имкана қишлоғида ҳаётдан кўз юмади ва Исфароз қабристонига дафн этилади.

Бугунги кунда Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Ҳисорий Вахшиворийнинг қўним топган жойи Олтинсой тумани Кичик Ваҳшивор қиш лоғи бўлиб, обод зиёратгоҳга айланган.

Равшан МИРЗАЕВ,

“Сўфи Оллоёр” жамғармаси раиси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан