Мақолалар

Иҳтикор

Чоп этилди Iyun 29, 2020 Иҳтикорda fikr bildirishni o'chirish

“Иҳтикор” арабча сўз бўлиб, асосий озиқ-овқат (توقلا – қут)ни қиммат бўлиши учун ушлаб туриш маъносини билдиради. Ҳанафий фиқҳи истилоҳида эса, иҳтикорга “Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (қут) ва шу кабиларни қиммат бўлгунча ушлаб туриш”, деб таъриф берилган.

Иҳтикор нималарда бўлади?

Озиқ-овқат деб таржима қилинган “қут” сўзи одам яшаши учун зарурий маҳсулотлар бўлган буғдой, арпа, гуруч, маккажўхори каби маҳсулотларни ифодалайди. Бунга ширинликлар, мевалар, сариёғ каби қўшимча озиқ-овқатлар кирмайди. Бундан ташқари фақиҳлар чорва ҳайвонларининг озуқаси бўлган сомон ва ҳўл ўтларда ҳам иҳтикор бўлади, дейишган.

Далиллари:

Бунга Қуръони каримдан: “Албатта, ўзлари кофир бўлган ва (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан ҳамда Биз Макка аҳли билан (хориждан) келувчилар учун баробар қилиб қўйган Масжиди Ҳаромдан қайтарадиган кимсаларга ва у жойда зулм билан йўлдан чиқмоқчи бўлган кимсага аламли азобдан тотдириб қўюрмиз” (Ҳаж, 25) оятини далил қилишган

Суннатдан қуйидаги ҳадислар далил қилинган:

“Жалб қилувчи (олиб келувчи) ризқлангандир. Иҳтикор қилувчи малъундир” ҳадиси (Ибн Можа ва Имом Ҳоким ривояти).

“Ким бир озиқ-овқатни қирқ кун иҳтикор қилса, Аллоҳдан узилибди, Аллоҳ ҳам ундан узилибди” (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).

“Ким иҳтикор қилса, у хатокордир” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Ҳукми:

Ҳанафий мазҳабида иҳтикорда маълум шартлар топилса, унинг таҳримий макруҳ экани таъкидланган.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ “Сақлаб туриш ила оммага зарар келтирадиган барча нарса иҳтикордир. Гарчи у тилла, кумуш, кийим бўлса ҳам”, деган (“Фатҳул қодир”).

Чунки унда одамларга зарар етказиш, машаққат туғдириш бор.

Шартлари:

  •  Сотиб олинган мол озиқ-овқат бўлиши. Озиқ-овқатдан бошқа ширинликлар, асал, ёғ каби маҳсулотларда иҳтикор бўлмайди.
  •  Ўша маҳсулот сотиб олинган бўлиши. Агар маҳсулотни ўзи етиштирган бўлса ва уни ушлаб турса, иҳтикор бўлмайди.
  •  Ўша шаҳардан сотиб олинган бўлиши. Агар узоқ бир жойдан олиб келиб, ушлаб турса, иҳтикор бўлмайди.
  •  Сотиб олган киши нархнинг ошишини кутиб туриши;
  •  Ушбу ушлаб туриш оқибатида одамларга зарар, қийинчилик етиши.

Айтиб ўтилган шартлардан иҳтикор кенгчилик пайтида эмас, балки қийинчилик, зарурат вақтида, одатда кичик шаҳарларда бўлиши тушунилади.

Иҳтикорда ушлаб туришнинг муддати ҳам белгиланган бўлиб, бир ой ва ундан ошиқ ушлаб турса, иҳтикор бўлади, бир ойдан кам ушлаб турса, иҳтикор бўлмайди.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан