Мақолалар

Исроф тажовузкорликдир

Чоп этилди Iyun 29, 2020 Исроф тажовузкорликдирda fikr bildirishni o'chirish

Икки бегона, номаҳрам никоҳ туфайли бир-бирига ҳалол бўлади. Бежиз эр хотинга ёки хотин эрга жуфти ҳалол дейилмайди. Никоҳни эълон қилиш, бизнинг урфимизда “тўй” қилиш – суннат амал. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга тўй қилиш юзасидан кўп тавсиялар берганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Абдураҳмон ибн Авф: “Ё Аллоҳнинг расули, бир аёлга данак вазнидаги тилла (маҳр) бериб уйландим”, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қилгин”, дедилар (Бешовлари ривоят қилишган).

Ҳадисга кўра, ким уйланадиган бўлса, дабдабасиз бир қўй сўйиб тўй қилиб бериши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафия онамизни никоҳларига олганларида, меҳмонларни хурмо ва ёғдан тайёрланган таом билан меҳмон қилганлар.

Афсуски, бизлар тўйни ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантиряпмиз. Тўйолди ва кейинги маросимлар кўпайиб, тўйчилар ўзларига жабр қилиб, юз хил сарпо, ўнлаб тоғоралар тайёрлашади. Вояга етган ўғлини уйлаш, қизини узатиш сарф-харажатларини кўпайтириб юборганимиз боис оталар пул топиш учун ўзга юртларга чиқиб кетишмоқда. Оқибатда қанчалари соғликларини йўқотишмоқда. Аслида динимиз енгилликка буюради. Барча масалада бўлгани каби тўйда ҳам мўътадил йўлни тутиш мақсадга мувофиқдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Энг баракали никоҳ харажатлари енгил бўлган никоҳдир” (Имом Байҳақий ривояти).

Никоҳнинг баракали бўлиш сабабларидан бири харажат ва дабдабаларнинг камроқ, енгилроқ бўлишидир. Баъзан қизларимизга совчи келса, янада яхшироқ жойдан умид қилиб, уларнинг сепи тайёр эмаслиги ёки қўлимиз калталигини баҳона қилиб, уларнинг ўз вақтида турмушга чиқишларига тўсиқ бўламиз. Тенги чиққан қизларимизни узатмасак, бекорчи сарполарни деб тўйни кечиктирсак, оиласиз эркак ва аёллар кўпаяди, зинога йўл очилади.

Айрим йигитлар шароитимни яхшилаб оламан деб, оила қурмай юришади. Ваҳоланки, бир касбнинг бошини тутган, рўзғори учун маблағ топа оладиган йигитлар камбағалликдан қўрқиб, уйланмай юришлари тўғри эмас. Ҳанафий мазҳабига кўра, уйланиш уйланмасдан умрини ибодатда ўтказишдан афзал. Шунингдек, Аллоҳ таоло фазлу карами билан никоҳга барака беради. Ялқовроқ йигитлар уйланганидан кейин ғайратли, шижоатли, ҳаракатчан бўлиб қолиши кўп учрайди. Шу боис муқаддас динимиз имконияти бор йигитларни уйланишга тарғиб қилади.

Никоҳ эълони ҳисобланган тўйни обрў тўплаш мусобақасига айлантириш, дабдабабозлик, исрофгарчиликларга йўл қўйиш динимизда қаттиқ қораланади. Қуръони каримда бундай амр қилинган, огоҳлантирилган: “…исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир….” (Исро сураси, 26–27-оятлар).

Йиллар давомида емай-ичмай тўплаган маблағини бир кунда совуриб, умр бўйи қарз тўлаш кимга фойда?! Тўй куни ўнлаб машиналарни ёллаган куёв тўйдан кейин пиёда юришга ҳам маблағ тополмай қолиши-чи?! Қарзларини узишга пул тополмай, танг аҳволда қолиб, уй-жойларини сотиб юборганларни ҳам кўрдик. Аллоҳ барчамизни манманликдан ва исрофдан сақласин. Ҳақ йўлда собитқадам бўлиб, фарзандларимизга тежамкорлик, яхши муомала, сабр-қаноат каби юксак фазилатлардан амалий сабоқлар берайлик.

Нозима ТЕМИРОВА

Самарқанд вилояти бош имом-хатибининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 2-сонидан