Саломатлик

Ҳар куни пиёда юрилса инсон организмида қандай ўзгариш кузатилади?

Чоп этилди Iyun 29, 2020 Ҳар куни пиёда юрилса инсон организмида қандай ўзгариш кузатилади?da fikr bildirishni o'chirish

Инсон организми жисмонан фаол бўлишга мослашган. Лекин ривожланиш ва шарт-шароитлар кўпайгани сари инсон дангасалашиб боради, бунинг оқибатида эса саломатлигида бир қанча салбий муаммолар кузатилиши мумкин. Соғлом бўлиш деганда кўпинча спорт залга бориб, тренер кўрсатмасига биноан машқ бажариш тушунилади, аслида эса саломатлик учун тоза ҳавода бир соат кўчада сайр қилишдан яхшиси йў​қ. Гап айнан қандай фойда ҳақида кетмоқда? Қуйида ушбу саволга жавоб берамиз.

Мия фаолияти яхшиланади​

Юриш ва сайр қилиш мия фаолиятини яхшилайди. Сайр давомида инсон ўртача тезликда ҳаракатланади, бунда организм зўриқмайди, аксинча бир маромда фаол бўлади. Тоза ва мусаффо ҳавода қилинган сайрдан кейин, асаб тизими ва мия фаолиятида ижобий ў​згариш кузатилади.

Пиёда юриш альцгеймер, атеросклероз сингари касалликлар ва психологик тушкунликнинг олдини олади. Шу сабаб ҳам шифокорлар кекса ёшли инсонларга тоза ҳавода сайр қилишни тавсия қилади.

Кўз нури равшанлиги ортади

Сайр қилиш глаукома ва бошқа кўз касалликлари ривожланишининг олдини олишга ёрдам беради, кўриш қобилиятида ижобий ўзгаришлар кузатилади.

Юрак фаолияти яхшиланади

Сайр қилиш қон айланиши яхшиланиши, қон босими ва холестериннинг меъёрда бўлишига ҳисса қў​шади. Бу эса юракнинг бир маромда ишлаши, зўриқмаслигига олиб келади.

Нафас олиш ва ўпка фаолиятининг яхшиланиши

Сайр давомида ўпка ҳужайралари кислород билан тўйинади бу эса нафас олишда муаммо бўлмаслиги, иммунитет мустаҳкамланиши ва турли вирус касалликларини олдини олади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас

Инсон ўзини қандай ҳис қилиши, депрессиянинг йўқолиши, мушакларнинг тонусда бўлиши, қомати чиройли бўлиши ва тери ранги тиниқлашишида пиёда юришнинг самараси беқиёс. Буларнинг бари ҳаётдан мамнунлик, хотиржамлик ва ишга бўлган лаёқатнинг ортишига олиб келади.

Дарё.уз