Мақолалар

Аллохни ва Расулини танлаган аёл

Чоп этилди Iyun 30, 2020 Аллохни ва Расулини танлаган аёлda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Сафия онамиз розийаллоҳу анҳога никоҳланишдан мақсадлари уни эъзозлаш, ҳурматлаш эди. Онамизга никоҳланишлари орқали аҳли китобларнинг мусулмонларга нисбатан адоватини оз бўлса-да енгиллатиш ҳамда Исломга мойилликлари ортишини умид қилдилар.

Сафия бинти Ҳуяй ибн Ахтоб ибн Саъна розийаллоҳу анҳо. Отаси: Бани Назир қабиласининг улуғи. Онаси: Бани қурайзалик Барра бинти Самвал.

Онамиз Исломдан аввал қавмининг чавондози ва катта шоирларидан Салом ибн Мушкамга турмушга чиққан. Кейин Кинона ибн Абу Ҳақиқ билан никоҳланган бўлиб, эри Хайбар куни ўлим топган эди. Сафия оиласи билан асир тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Танла. Истасанг, Исломни қабул эт, сени ўзим билан олиб қоламан (яъни, никоҳимга оламан). Агар яна динингни танласанг, сени озод этаман ва қавмингга қайтасан”, дедилар. Сафия: “Ё Расулуллоҳ, Исломни танладим. Аллоҳ ва Расули мен учун озодликка эришиб, қавмимга қайтишимдан яхшироқдир”, деди.

Сафия розийаллоҳу анҳонинг имони чинлигига шоҳид бўлган Набий алайҳиссалом уни никоҳларига олдилар.

Набий алайҳиссалом билан бўладиган никоҳи учун Сафия онамизни Умму Салим ясантириб, безантирди ва хушбўйликлар сепиб, тайёрлади (Имом Бухорий ривояти).

Бу орада Пайғамбаримиз алайҳиссалом онамизнинг чеҳрасида тарсакидан қолган изни кўрдилар ва: “Бу нима?” деб сўрадилар. Сафия: “Ясрибдан чиққан ойнинг бағримга кирганини туш кўрган эдим. Кўрганларимни амакимнинг ўғли Ҳақиқга сўзлаб бердим. У юзимга тарсаки тортди. Бу ўша тарсакининг изи”, деди.

Хайбардан Мадина сари йўлга чиқишди. Йўлда Набий алайҳиссалом саҳобаларга: “Кимда нима егулик бўлса, олиб келсин”, дедилар. Кимдир пишлоқ, яна кимдир хурмо, яна кимдир арпадан пиширилган шавла олиб келди. Кейин Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳуга: “Атрофдагиларни чақир”, дедилар. Мана шу дастурхон Сафия онамиз учун берган валималари бўлди. Зиёфатдан кейин яна йўл тадоригини кўришди. Шу орада Набий алайҳиссалом онамизни або (жундан тўқилган кийим) билан ўрадилар. Сўнгра у зот чўкка тушиб, онамиз туяга минишлари учун тиззаларини тутиб турдилар (Имом Бухорий ривояти).

Сафия розийаллоҳу анҳо шарифа, оқила аёл эди. Бунинг устига насл-насабли, аслзода хонадон вакиласи бўлган. Унинг гўзаллиги бошқа оналаримизнинг рашкларига сабаб бўларди. Ҳатто бир куни оналаримиздан баъзилари рашк туфайли: “Бизлар Сафиядан афзалмиз”, дейишди. Бу гапдан Сафия онамиз маъюс бўлдилар. Набий алайҳиссалом Сафия розийаллоҳу анҳонинг маъюслиги сабабини сўрадилар. Бор гапни айтганида, у зот алайҳиссалом: “Эрим Муҳаммад, отам Ҳорун, амаким Мусо бўлса, қандай қилиб мендан афзал бўлишади, демадингми” дея Сафия онамизнинг кўнглини кўтардилар.

Барча оналаримиз сингари Сафия онамиз ҳам ўзига хос фазилатлар соҳибаси эди. У киши қўлига илинган нарсани эҳсон қилишга шошиларди. Унга тегишли бўлган ҳовлини ҳаётлигидаёқ савоб умидида садақа қилиб юборган эди. Бундан ташқари, илмга ҳарис эди. Қуръони каримни кўп ўқиб, ўрганарди. Уламолар онамизнинг фазилатлари ҳақида бундай дейишган: “Аллоҳ ва Расулини ўз дини ва қавмига қайтишдан афзал кўрди. Набий алайҳиссаломга ўз ихлосини намоён этди. Фитначиларга қарши чиқиб, Усмон розийаллоҳу анҳуга кўмак берди. Ўзи ҳақида ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳуга чақимчилик қилган жорияни озод этди”.

Сафия онамиз нубувват хонадонида бахтли ҳаёт кечирди. У имон ҳаловатини топди. Набий алайҳиссаломнинг гўзал хулқларидан таъсирланди. Ҳатто Набий алайҳиссаломга муҳаббати яқинларига бўлган севгисидан кучлироқ эди. Зайд ибн Аслам айтади: «Набий алайҳиссалом вафотлари олдидан бетоб бўлдилар. Барча оналаримиз у зот алайҳиссаломнинг ҳузурларида тўпланишди. Шу вақт Сафия бинти Ҳуяй онамиз: “Ё Набийаллоҳ, Аллоҳга қасамки, ўрнингизда мен азоб чексам қанийди”, деди. Шунда оналаримиз бир-бирларига кўз қирлари билан қарай бошлашди. Шу вақт Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У рост сўзламоқда”, дедилар».

Сафия бинти Ҳуяй розийаллоҳу анҳо хулафои рошидин замонидан то Муовия розийаллоҳу анҳу давригача яшади. Ҳижратнинг эллигинчи йили оламдан ўтди.

Онамизнинг вафоти ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумога хабар етганида, саждага йиқилди. У кишига: “Шундай пайт ҳам сажда қиласизми?” дейилди. Абдуллоҳ ибн Аббос: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, қачон бир оят-белгини кўрсангиз, сажда қилинглар, деган эмасмидилар?” деб жавоб берди.

Сафия онамиз Бақиъ қабристонига дафн қилинди. Аллоҳ таоло ҳазрат Сафия ва барча оналаримиз розийаллоҳу анҳуннадан рози бўлсин.

Манбалар асосида Маъмура СИДДИҚОВА тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 2-сонидан