Мақолалар

“Она қизим…”

Чоп этилди Iyun 30, 2020 “Она қизим…”da fikr bildirishni o'chirish

Ота-онамиз ҳаётлик чоғларида уларнинг юзларига тик боқишга журъат этолмаймиз. Вафот этганларидан сўнг амакиларимиз, аммаларимиз, отамизнинг жиянлари, фарзандларимиз, холаларимиз, тоғаларимиз, онамизнинг қариндошлари, фарзандларимизнинг юзларига разм солиб, отамизга, онамизга ўхшаш жиҳатларни қидирамиз. Чунки уларни теран энтикиш билан соғинамиз.

Онаси вафот этган инсон меҳрга ташна бўлиб қолади ва волидасидан кўрган меҳрни қизидан излайди. Қизининг юз-кўзида, хатти-ҳаракатларида онасига ўхшаш жиҳатларни топади – моҳиятан шундай.

Аммо ҳар бир нарсанинг тарихи бор.

Хўш, қачондан “она қизим” атамаси истифода этила бошланган?

Фикримизча, бу иборанинг тарихи Ислом дини эндигина ёйила бошлаган, мушриклар ниҳоятда жунбушга келган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суянчиқлари бўлган амакилари Абу Толиб ҳамда Расули акрамнинг жуфти ҳалоли, маслаҳатгўйи Хадича онамиз вафот этган кезларга бориб тақалади.

Мурғаккина Фотима (онамиз)нинг отасига меҳрибонлигини кўрганлар қойил қолишган. Фотима (онамиз) ҳар доим беғубор бола қалби билан отасини қўллаб, ёнида юришга ҳаракат қилдилар. Шу боис “умму абиҳа”, яъни “отасининг онаси” деган номни олдилар.

Демак, тарихда фақат Фотима онамиз “отасининг онаси” деган юксак унвонга сазовор бўлган ва бу мартаба ундан кейин ҳеч кимга насиб этмаган. Бизнинг “она қизим” дейишимиз эса ўзгаларнинг эътирофи эмас, ўзимизнинг муҳаббатимиздандир. Шу боис қизларимизни “она қизим”, деб эркалаймиз, лекин бошқалар уларни “отасининг онаси” демайдилар. “Она қизим” ибораси эса, фикри ожизимизча, Фотима онамизга ҳавас қилиб айтила бошланган ва вақт ўтиши билан оммалашиб кетган.

Дамин ЖУМАҚУЛ

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 2-сонидан