Мақолалар

“Ҳазрати Имом” жоме масжиди

Чоп этилди Iyun 30, 2020 “Ҳазрати Имом” жоме масжидиda fikr bildirishni o'chirish

“Ҳазрати Имом” жоме масжиди Қорасарой кўчасининг Ҳастимом даҳаси ҳудудида, Эски Жўва бозори томонидан келишда йўлнинг ғарбий тарафида жойлашган. У икки минорали, қўш гумбазли улкан иншоотдир. Унинг улкан мовий гумбазлари ички қисми Самарқанддаги Тиллакори мадрасаси гумбазидан андоза олиниб, худди ўшандай қилиб қурилган. Қуёш нурида бу мовий кўк гумбазлар ярқираб, янада гўзал кўринади.

Масжидга кунчиқар томонидан кирилади. Икки қўриқчи аскардек турган миноралардан сал кунботарда муҳташам иншоотнинг олд қисми, унинг гўзал пештоқлари саф тортган.

Ўрта пештоқ ўнг ва чап пештоқдан сал юқорироқ қилиб солинган. Уларнинг ҳар бири шарқона меъморликнинг гўзал услубларида зийнатланган.

Масжид ҳовлисига киришингиз билан бўйи 8,6 метрдан келадиган, нақшинкор устунларга кўзингиз тушади. Устунлар Ҳиндистондан келтирилган сандал дарахтидан ишланган. Улар йигирмата.

Бу устунлар баландлиги боис масжид ҳовлиси ёзда жазирамадан панада соя-салқин, қишда эса изғирин аёзлардан муҳофаза килинган ҳолдадир. Шу билан бирга унда шамол бемалол айланиб, тоза ҳавони таъминлаб туради. Ҳовлининг бир қисмига гул ва манзарали кўчатлар ўтқазилган.

“Ҳазрати Имом” жоме масжиди пойтахтимиздагина эмас, юртимиздаги энг катта масжид ҳисобланади. Унда бир пайтда айвони билан қўшиб ҳисобланса, беш мингдан ортиқ киши намоз ўқий олади. Хонақоҳнинг узунлиги 77 метр, эни эса 22 метр, меҳроби билан қўшиб ҳисобланса 24 метр келади. Қанотлари ҳам бўйига 35, энига 25 метр катталикда.

Хонақоҳ шифтининг ўртасига солинган гумбаз биз ўрганиб қолгандек думалоқ шаклда ва чуқур эмас. Гумбазчиликда янгилик, деб айтса бўлади. Шакли узунчоқ ликобни эслатади ва айланасига шокилали қандиллар билан ўралган, жуда бежиримдир.

“Ҳазрати Имом” жоме масжидининг шундай катта хонақоҳи устунсиз кўтарилган. Бунга хориждан келган мартабали меҳмонлар ҳам қойил қолишиб, ҳавас қилиб кетишмоқда.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ҳазрати Имом мажмуаси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 4000 минг сўм