Ўзбекистон янгиликлари

Республика махсус комиссияси ахбороти

Чоп этилди Iyun 30, 2020 Республика махсус комиссияси ахборотиda fikr bildirishni o'chirish

Жорий йилнинг 1 июль санасидан бошлаб:

♦ республиканинг барча ҳудудларида йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади;

♦ “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда соат 07.00 дан 23.00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23.00 дан 07.00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади. Бунда фақат фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашгани, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади;

♦ “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида жамоат транспорти ҳаракати камайтирилади.

Коронавирус инфекциясини юқтирган беморлар уч тоифага ажратилмоқда:

♦ коронавирус инфекциясининг енгил шакллари аниқланган (касаллик аломатларсиз ўтаётган) беморлар;

♦ коронавирус инфекцияси ўртача оғир кечаётган (тана ҳарорати кўтарилаётган) беморлар;

♦ коронавирус инфекцияси оғир кечаётган беморлар.

Жорий йил 5 июль санасидан бошлаб коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ЯНГИЧА ТАРТИБ жорий этилмоқда:

♦ касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида, санитария-гигиена қоидалари ҳамда парвариш учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда, УЙ ШАРОИТИДА даволанишига рухсат этилади;

♦ шифохоналарда ва уй шароитида даволанаётган касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар 10 кун муддатда клиник белгилари кузатилмаган тақдирда НАЗОРАТДАН ЧИҚАРИШ амалиёти жорий этилади;

♦ коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор билан бирламчи МУЛОҚОТДА БЎЛГАНЛАР 14 кунлик карантин муддатини уй шароитида ёки тасдиқланган рўйхатга асосан меҳмонхоналарда барча санитария-эпидемиология ва карантин чекловларига риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади;

♦ бирламчи скрининг тест таҳлиллари мусбат натижа берган намуналарни тасдиқлаш таҳлилларини ўтказиш ваколати Бош санитар шифокор кўрсатмаларидан келиб чиқиб ҲУДУДИЙ санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига берилади;

♦ аҳолининг популяцион маълумотлар базасини яратиш мақсадида коронавирус антитаначаларига ИФА текширишларига, давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда, хусусий соғлиқни сақлаш секторидаги тиббиёт муассасалари ҳам жалб этилиши мумкин.