Мақолалар

Пул муҳимми, кўнгилми?

Чоп этилди Iyul 1, 2020 Пул муҳимми, кўнгилми?da fikr bildirishni o'chirish

Ўтган йили Узун туманида суд ҳукмига кўра бўлган 145 та оилавий ажримлар таҳлил қилинса, шулардан 34 таси фарзандсизлик, олтитаси эр ёки хотиннинг саломатлиги билан боғлиқ. қолган 100 нафар оиланинг бузилиши, юздан ортиқ болаларнинг қалби кемтик бўлиши асосан, эру хотин, қайнона-қайнота ўртасидаги келишмовчилик, кўпроқ ёш аёлларнинг турмуш синовларига тайёр эмаслиги сабаб бўлгани ойдинлашди. Кейинги йилларда бу сабаблар қаторига яна бир ҳолат, яъни ёш келин-оналарнинг рўзғорда сал қийинчилик туғилганда, оилани сақлаб қолишдан кўра, иложи борича эрларидан тезроқ алимент ундириб олишга уринишлари ҳам қўшилиб қолди.

Маҳалла мутахассисларидан бири куйиниб гапирди:

– Эриникидан доим онасига гап ташийдиган бир келин уйига бориб ўтириб олди. Куёв, қайнона уни йўқлаб туришди. Яқинда чақалоқли бўлди, эри бундан хурсанд, ўз уйига олиб кетиш ҳаракатида юрганди… янги гап чиқиб қолди. Келин бир ойлик боласига алимент ундириш учун судга ариза берибди. Буни эшитган қуда томон: “Келинимизга оилани тиклаш муҳим эмас экан”, деган фикр билан ўйланиб қолишди…

Яна бир ибратли мисол: икки фарзандли аёл йил давомида неча бора отасиникига кетди, яна оиласига қайтди. Ҳар сафар борди-келди жараёнида бир машина юк у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа ташилди. Бу орада қанча одам ўртага тушди, лекин келиннинг онаси ҳаммага “Қизим рўзғор қилмайди!” деб жавоб қайтарди, набиралари учун алимент ундиришга ташаббускор бўлди. Куёв хонадоннинг боқувчиси, ёлғиз ўғил, оила моддий жиҳатдан эҳтиёжманд эди, лекин алиментни тўлаб турди. Қаранг, шароиту вақт таъсир қилдими, келин ўз ихтиёри билан рўзғорига қайтди, ҳозир тинч яшашяпти. Лекин унинг онаси қуданикига қадам босолмай қолди – ўтган гап-сўзлар, охирини ўйламай чиқарган хулосалари, ишлари боис юзи шувит бўлиб қолди. Бундай вазиятда келиннинг дилида ҳам ғашлик бўлиши турган гап.

Бугунги кунда туманимиз бўйича бир ярим минг нафар аёл болалари учун алимент олади. Туман мажбурий ижро бўлимининг маълумотига қараганда, булар орасида ҳатто эри билан бирга яшаб туриб алимент олаётганлар ҳам бор. Агар бунга эрнинг ўзи рози ва имкони бўлса, уларнинг шахсий иши, деб қараш мумкин. Лекин аёл турмушдаги озгина келишмовчилик, етишмовчиликни ҳамжиҳатликда ҳал қилишни хаёлига ҳам келтирмай, дарров ўзининг ҳақини ундириб олишга уриниши боис норозиликлар кўпаймоқда, кутилмаган нохушликлар келиб чиқмоқда. Айтайлик, айни алимент тўлашни хоҳламагани ёки бунга имконияти етмагани учун айрим эрлар ҳеч кимга билдирмай хорижга чиқиб кетишяпти. “Отаси вақти-вақти билан ўғлимни йўқлаб кўриб кетарди. Энди қаердалигини ҳам билмайман. Болам соғинади, сўрайди, кўргиси келади – унинг гапларидан юрагим эзилади. Тирикчилик ўтавераркан-у, лекин фарзанд учун ота ўрнини ҳеч ким, ҳеч нарса тўлдирмас экан”, дейди бир аёл.

Шу кунларда маҳалла фаоллари билан биргачи гал муаммо ечимини излаяпмиз: бундан тўрт йил олдин бир аёл “Эрим билан яшамайман”, деб чиқиб кетган, лекин ЗАГС бекор қилинмаган экан. Эр тўрт йил давомида икки болага алимент тўлаган. Хотини: “Бошқа билан турмуш қураверсин”, деганидан сўнг уйланмоқчи бўлган, тўйга тайёргарлик кўраётганида… хотин: “Менинг никоҳим бор, ҳали ажрашмаганман, бирга яшайман”, деб судга мурожаат қилган. Тўй бузилган. “Алимент ундириб, онасиникида хоҳлаганидай яшайверса-ю, менинг ёлғиз юраверишим унга ёқаркан-да. Қанақа хотин ўзи у?” деб эри ярашишни умуман истамаяпти энди. Яна қаранг, амакиваччалар холаваччалар билан қарши қуда бўлишган экан. Бу гапдан кейин хотиннинг қариндоши, куёв томондан қасд олгандек, аёлини уйига ҳайдаб юборибди – бу оилага ҳам дарз кетди.

Аҳиллик бор жойга барака ёғилади. Оқибат барқарор хонадон аъзолари борини баҳам кўрадилар, йўғига сабр қиладилар ва шу фазилатлари билан ҳар қандай вазиятда чиройли ажр-савоблардан умидвор бўладилар. Зеро, ризқ бергувчи – Аллоҳ. Парвардигори олам уни кимнинг воситасию қўли орқали етказади – Ўзи билади. Шунинг учун неъмат, насибани аввало Яратгандан сўраш – мўминнинг фазилати. Бу йўлда эру хотиннинг бир-бирини тушуниб, каму кўстини тўлдириб, қўллаб-қувватлаши хайру барака келтиради, иншоаллоҳ.

Малика СОБИРОВА

Сурхондарё вилояти Узун тумани “Янги куч” маҳалласи отинойиси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан