Мақолалар

Ҳадиснинг таърифи

Чоп этилди Iyul 1, 2020 Ҳадиснинг таърифиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳадис тўрт нарсанинг номидир:

  1. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларида нима нарсани айтган бўлсалар, у ҳадисдир.
  2. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларида нимани қилган бўлсалар, у ҳам ҳадисдир.
  3. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси ишларни ўз ўрнида қолдирган бўлсалар, у ҳам ҳадисдир. Яъни, бир мусулмон бирор ишни қилди, суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўрдилар ёки у зотга маълум қилинди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни рад қилмадилар, балки у ишни ўз ўрнида қолдирдилар ва қувватладилар, бу ҳам ҳадисдир.
  4. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари, муборак шаклу шамойиллари ҳам ҳадисдир.

Ушбу тўрт нарсанинг номи ҳадисдир. Энди буларнинг ҳар бирига мисол келтирамиз.

 

Қавлий ҳадиснинг мисоли

Деярли барча ҳадис китобларини ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу муборак ҳадислари билан
бошлаш муҳаддислар одоби ва анъанасига айланган. Бу “Саҳиҳи Бухорий”нинг биринчи ҳадисидир:

“Амаллар ниятларга боғлиқдир…”

Яъни, ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтдилар: «Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Амаллар (фақат) ниятларга боғлиқдир. Ҳар кимга ният қилгани тегади. Ким Аллоҳ ва Унинг расули учун ҳижрат қилса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг расули учун бўлади. Кимки дунёга эришиш
учун ёки бирор аёлга уйланиш учун ҳижрат қилса, бас, унинг ҳижрати ўша нарса учун бўлади”»
(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Демак, кишининг ҳижрати ният қилган нарсасига кўра бўлади. Бас, амаллар ниятга мувофиқ бўлади: ибодат нияти билан бўлса, савоб топади; ибодат нияти
билан бўлмаса, у амалнинг ўзи бўлади, унга савоб тегмайди. Бу ҳадис фақат ибодатларга тегишлидир.

Ушбу ҳадис ҳақида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Илмнинг учдан бири шу ҳадисдадир”, десалар, Имом Шофиъий: “Илмнинг ярми шу ҳадисдадир”, деганлар. Имом Абу Довуд эса: “Бу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир”, деганлар.
Мана шу фикрларнинг ўзи динимизда ниятга нечоғли катта эътибор қаратилганини кўрсатиб турибди.

Макка фатҳ этилгунига қадар Мадинага ҳижрат қилиш энг савобли амаллардан бўлган. Ривоятларга кўра, бир киши мусулмон бўлиб Мадинага ҳижрат қилган бир аёлни никоҳлаб олиш учун ҳижрат қилган эди. У кишининг асл нияти ҳазрат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига бориб, у зот келтирган динга хизмат қилиш эмас, балки ҳалиги аёлга уйланиш эди. Ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссаломга унинг нияти маълум бўлгач, мазкур ҳадисни айтганлар.
Ислом динида ҳар нарсада ният шартдир. Кўпчилик фақиҳлар ҳар бир амалда ният шарт, деганлар. Банда ниятини яхшилаши билан ўз эҳтиёжи, талаби йўлидаги барча иш ва ҳаракатларидан савоб олади, оддий амални ибодат даражасига
кўтаради.
Ейиш, ичиш, дам олиш, оила ҳаёти каби мубоҳ амаллар ҳам Аллоҳ розилигини топиш ниятида бажарилса, ибодатга айланиб, эвазига ажр олинади. Бир киши Аллоҳ қайтарган ичкиликбозлик ёки қиморбозлик каби иллатни Аллоҳ ҳаром қилгани учун тарк этса, савобга эришади. Борди-ю, бундай нияти бўлмаса, ана ўша иллатнинг зараридан қутулади, холос. Баъзи одамлар: “Бир одам ғарибларга ёрдам бераман деб ўғрилик қилса, қўлга киритган молимни савоб ниятисиз, ғарибларга бераман, деса, бу яхши ният-ку?” деб сўрайдилар.

Чунки ҳадисда: “Амаллар ниятларга мувофиқ бўлади”, дейиляпти-ку, демоқчи. Бас, ғарибларга ёрдам бериш нияти билан ўғрилик қилинса, бунга савоб етадими ва бу ишни қилиш жоизми?

Бунга жавоб бериб айтамизки, йўқ, ғарибларни семиртириш учун сизнинг озишингиз зарур эмас,

Аллоҳ таоло ғарибларнинг ҳам Розиқи – ризқини берувчи Зотдир.

Мазкур ҳадис доирасига фақат ибодатлар, солиҳ амаллар киради, гуноҳлар унинг доирасига кирмайди. Савоб ишга гуноҳ орқали борилмайди. Ибодатда, агар ибодат нияти бўлса, савоб топади, агар ибодат нияти бўлмаса, савоб топмайди.
Ниятнинг макони қалбдир. Шу сабабли ибодатларимиз, амалларимиз шаръий бўлиши учун қалбдан ният қилиш, ҳар бир амалга чин ихлос билан, яъни холис Аллоҳ таоло учун киришиш зарур бўлади. Ният қилган заҳоти уни амалга ошириш лозим. Ҳар бир нарсага алоҳида ният қилиш керак.

“Ҳадиснинг доирасига фақат ибодатлар киради”, деган сўзимизнинг далили ҳадиснинг келгуси жумласидадир. “Ҳар бир инсонга ният қилган нарсаси бўлади”. Лекин ҳали гап равшан бўлгани йўқ, шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратни мисол қилиб, мазмунни равшан қилдилар.

Айтганимиздек, аввалги даврда ҳижрат фарз эди ва буюк ибодат эди. Қуръон ва ҳадисда унинг беҳисоб фазилатлари келган. Мисол қилиб айтганда уч банда ҳижрат қилади, ватанни ташлаб Мадинага келади:

  1. Бири нега келди? У сидқидилдан мусулмон бўлди. Ислом дарахти ҳали навниҳол эди, уни парвариш қилмоқ керак эди. Шунинг учун у Мадинага келди, токи даъват ва жидду жаҳдга шерик бўлсам, динни ўргансам ва ҳар йўл билан
    динга хизмат қилсам, деди.
  2. Иккинчиси нега келди? Унинг ўз маконида дўкони бор эди. Энди одамлар мусулмон бўлгач, ҳижрат қилиб Мадинага кетиб қоляпти, макони
    одамлардан бўшаб, дўкон ҳам совиб боряпти. У ўйладики, Мадина халқи кўпайиб боряпти, мен у ерга бориб дўкон очаман, дўкон хўп юради, деди. Бинобарин, у ҳижрат қилиб Мадинага борди.
  3. Учинчи одам нега келди? У бир аёлга уйланмоқчи эди, лекин у аёл ҳижрат қилиб Мадинага кетган. У ўйладики, агар мен ватанимда қолсам, уни никоҳимга ололмайман, кел, мен ҳам Мадинага бораман ва у аёлга совчи қўйиб, уйланаман, деди. Бу одам ҳам ҳижрат қилиб Мадинаи мунавварага келди.

Аллоҳ ва Унинг расули учун ҳижрат қилган аввалги шахснинг ҳижрати мақбулдир ва диний амалдир. Қуръон ва ҳадисда бунинг фазилатлари келган. Иккинчи ва учинчи бандаларга ҳижратларидан савоб тегмайди. Улар ниятларидаги нарсага эришади, холос.
Агар ҳадиснинг кейинги жумласига диққат қилсак, равшан бўладики, ҳадиснинг доирасига фақат ибодатлар ва солиҳ амаллар кирар экан, гуноҳлар унга кирмас экан. Банданинг нияти ҳамма ишда яхшилик, ҳидоят, Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаган ҳолда, садоқат ва ихлосга суянган ҳолда бўлиши лозим. Албатта, мўминнинг яхши, соф, холис нияти унинг амалидан афзалдир.
Шариат нимани яхши деб ҳукм қилган бўлса, шу яхшиликдир. Ҳаром йўллар билан топилган молни эҳсон қилиш, илм аҳлларини мот қиламан деб илм ўрганиш каби ҳолатлар гуноҳга элтади, холос.

Мавзудан узоқлашмаслик учун сўзни мухтасар қилиб, мақсадга қайтайлик. Демак, юқоридаги муборак ҳадис қавлий ҳадиснинг мисолидир.

(Давоми бор)

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Суннат ва ҳадис” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 12000 сўм